Three Poems by Indran in Uzbek

1960 йили Шри-Ланка пойтахти Коломбода туғилиб, ҳозир АҚШда яшаётган шоир, очеркнавис ва дипломат ИНДРАН АМИРТАНАЯГАМ инглиз, испан, француз, португал ва гаити креол тилларида ижод қилади. “Марсда кокос ёнғоқлари”, “Қўрс қирғин”, “Қийшиқ юз: улкан тўлқин шеърлари”, “Ҳисоб филлари”, “Фақат ёлғизлик бор олис оролда” каби 14 та шеърий китоб муаллифи. Патерсон номидаги мукофот соҳиби бўлган. Шеърлари кўплаб жаҳон тилларига таржима қилиниб, АҚШ, Ҳиндистон, Гаити ва бошқа чет мамлакатларда нашр этилган. Америка бўйлаб ўтказилаётган фестиваль, мушоира, адабий кечаларнинг фаол иштирокчиси ва ташкилотчиси. “DC-ALT” бадиий таржимонлар уюшмаси аъзоси. Гаитилик мусиқачилар билан ҳамкорликда “Rankont Dout” номли компакт диск ҳам чиқарган.

 

Хаёлпараст

Порт Таунсенд шаҳарчасида
Қотиб қолган тунда изғирин,
Бир насиба истайди кўнгил

Кўчаларда кўринмас ҳеч зоғ
Ҳамма нарса бунда яширин
Мўъжизавий меҳмонхоналар

Гўёки бир маскани овлоқ,
Ўз-ўзидан йигирма йилни
Суриб қўйди орқага маёқ,

Соя солиб Вотер-кўчага
Ўт чайнайди урғочи буғу,
Онг-у қорнин озиқлантирар
Бирам кўзи тоза, покнигоҳ.

 

Ички ва ташқи ишлар

Ҳонолулу, Лондон, Коломбо,
Лурдга қилмоқ истайди сафар
Онажонгинам.

Ортга қайтсам сўнг, деб сурар ўй,
Етмиш етти ёшли аёлнинг
Қила бошлар хаёли парвоз,

Биз – онамнинг йўловчилари
Умримизнинг ғам-қувончини
Бир чеккага сурмоғимиз шарт,

Маблағ тўплаб, энг зўр зиёфат
Ва энг яхши мунгли қўшиқчи
Ёллаш учун ажратайлик вақт

Йиғиштириб шеъриятни ҳам,
Нафақага чиқайлик ва ё
Оилавий аҳвол важидан

Таътил олмоқ узоқроқ муддат
Бўлса бордир энг яхши қарор,
Бари ахир ўз қўлимизда,

Биродарим, ўртоқ дипломат,
Ватанингга чет элда тағин
Хизмат учун шайланганинг он

Ёдингда тут, унутма асло
Энг зарурий ички масала:
Онажон.

 

Сув ва Вақт

Сиз билан тенг
Ким ҳам қарирди?
Ювинтириб қўя олурми,
Оғзингизга тутар таом ким

Чиқолмайин
ўз уддангиздан
дардисарлик фасли кирганда?

Кўклам чоғи
Томорқангизга
Ким қадайди
Атиргул уруғ?

О, қанча тарих бор
Суягингизда
Неча милён қисса

Бўлишмоқ учун
Навқирон ақл ва
Таналар билан.
Бўшашмангиз асло,

Умид қочмасин,
Руҳий белни
Тутинг тетикроқ

Озод яралмишни,
Шоирни ҳеч ким
Сўзларни
ўчириб бўлмайди, деган
ишончдан
тўхтата олмас
ҳеч қачон.

Тайёр турибсизми
Шунга қарамай
Қабртош, тўсинча,
Баланд иморат
Ва минор сиртига
Ўйиб ёзишга?

Кемириб
Ичувчи
Вақт отлиқ сувдан –
Бу ерда яширин
Шубҳадан холи
Недир бошқа иши
Борми Инсоннинг?

Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси