Орҳан ака Тошкентда

Танишинг: бу америкалик тадқиқотчи Орҳан Бабакурбан. Ота-боболари ўзимизнинг водийдан.

Орҳан ака бугун Тошкентдаги Гёте институтида 20-йилларда Германияда ўқиган 74 нафар ўзбекистонлик ҳақида жуда қизиқ фото ва видеотақдимот ўтказди.

Айтишича, бу тақдимотга унинг Нью-Йоркдаги Колумбия университетида таълим берган устози Эдвард Олворт руҳлантирган. Эдвард домла уйида ўша Германияда ўқиган ўзбеклар ҳақида архив фото ва ҳужжатлар сақланган бўлиб, Орҳан ака 3-4 йил давомида шанба-якшанба кунлари домланикига қатнаб, тадқиқот олиб борган. Домла бу ҳақда китоб ёзишни режалаган эканлар.

Эсингизда бўлса, Эдвард Олворт билан учрашувим ҳақида аввалроқ ёзгандим, ўшанда домла Фитрат ҳақида китоб ёзаётгандилар. Бугун Орҳан ака тақдимотидан сўнг ўша учрашувни эслатдим ва уни Фитрат домланинг қизи Севаргул опаникига олиб боришим мумкинлигини айтдим.

Гёте институтига минг раҳмат! Аслида бунақа тақдимотлар Форумлар саройида ўтказилишга, катта экранларда намойиш этилишга, мактаб ва университетларимизда ўргатилишга лойиқ эди. Афсус!