Troll.uz ёзишича, Маданият вазирлиги 10 нафар санъаткор ҳақида маълумот жойлаштириладиган портал учун 500 миллионга яқин пул ажратибди. Эртага яна бошқа давлат ташкилоти 10 нафар халқ ёзувчи ва шоири вебсайтини яратиш учун бюджетдан ўн баравар кўпроқ пул ўзлаштирса, ажабланмайман.
Бизда қайси халқ шоири ё ёзувчисининг нормал вебсайти бор? Ўзи бизда нечта халқ шоири ва ёзувчиси бор? Хуршид Даврон сайтини ҳисобга олмаганда (ундаям адабиётимизга қизиққан чет элликлар учун, масалан, инглизчада айтарли ҳеч нарса йўқ), ўзбек адабиёти ҳақида бирор нарса билишни истаган хорижлик ўқувчи, ижодкор, тадқиқотчи маълумотни қаердан олади?
Навоийдан то Абдулла Ориповгача, лоақал, номи ижод мактабларига берилган шоир ва ёзувчиларнинг вебсайти мавжудми?
Чет элликлар ҳатто Wikipedia да ҳам етарли маълумот топа олмайди. Масалан, унда Эркин Воҳидов ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида мана бу сайтда маълумот бор деб нотўғри маълумот берилган: https://erkinvohidov.com/
Сайтга кирсангиз, ўзбек тилидагина жуда, жуда оз материал бор.
Хўш, бу ишларни ким қилади? Илгари очилиб, энди буткул йўқолиб кетган сайтларни ким қайта тиклайди? Уларга қанча маблағ сарфланганди?
Ижод мактабларининг муҳтарам директорлари, уларни бошқариб турган агентликлар, шу ҳақда ҳам ҳеч ўйлайсизми?
Электроника даврида сиз кўкларга кўтараётган ижодкорларнинг ҳеч йўқ ўзбек ва инглиз тилларидаги сайтлари қачон яратилади?