Three poems by Santhan in Uzbek

Сантан – таниқли малаялам шоири, эссеист, кинотанқидчи ва фаол маданият тарғиботчиси. У 1968 йили Ҳиндистон жанубидаги уммон сувлари ювиб турган баҳаво Керала штатида туғилган. Шеър ва мақолалари минтақадаги газета ва журналларда нашр этилган. 2008 йили “Улов ҳайдаб шаррос ёмғирда” номли китоби учун Асан мукофотини олган. Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари маҳорат билан тасвирланган туркум ишлари машҳур “Калакаумуди” журналида босилгач, Равиндоан Наир хотираси учун таъсис этилган мукофотга лойиқ кўрилган. 1998 йили “Ер тили” шеъри учун яна бошқа бир адабий мукофотни қўлга киритган. Психология соҳасида билим олган Сантан айни пайтда Тривандрум шаҳрида яшаб, ижод қилмоқда. У яқинда кўплаб дунё шоир ва ёзувчиларининг пандемия ҳақидаги асарларини жамлаб, халқаро баёз тузди.

Шеърлар

Ер тили

 

Ер тилини эшитганмисиз,

Оғочлар ва яшил водийлар

Ҳол тилида гапирмайдиган?

 

Қирғинлар-у фалокат сабаб

Мажруҳланган сўзингиз ёдда.

 

Авлодларнинг ҳеч қачон битмас

Оқимидан ҳайиқмайсизми?

Марҳумларнинг хотиралари

Солмайдими сизни ҳайратга?

 

Ҳар нарсани ичга яшириш

Навбаҳордай кулиш ёйилиб

Қор устига ўзни отиш ва

Чўмилишни ёмғир остида

Қайси махлуқ ўргатган сизга?

 

Томирларда қайнаб турган қон

Изтиробдан тизилларкан бот

Энг қайғули хотиралардан

Бошқа нарса эмас, бу аниқ

 

Пақ ёрилиб кетмасдан бурун

Дард-аламни чиқаринг тилга

Устимга ёғдиринг ёмғирдай

 

Айланмоқда хаёлим гир-гир

Мавсумларни чорлар ўзига

 

Даҳшат солган тилингиз тинглаб

Қадамлари ул айланишнинг

Бўлмоғими керак бир нима

Эҳтимол…

 

***

 

Оймомо билан саёҳат

 

Безалган япроқлар оралаб

50 километр тезликда

Ой нурлари учиб борадур

Мотоцикль тўхтайди таққа

Оймомо ҳам тин олар бир оз

Ёқилғидан оларкан қуйиб

Давом этар сайр-у саёҳат

Таъқиб этиш жонланар яна

 

Бар ичинда

Истакон ичра

Тўзиб кетар сизнинг аксингиз

Бир нафасда

Йўқолар кўздан

 

Орқароқда ташларкан қадам

Довдирайсиз бош сарак-сарак

Етиб олмоқчидай уловга

Жўр бўлмоқми истайсиз менга

Ё кўрмоқни йиқилганимни?

 

Турли бошқа сайёҳлар билан

Гоҳо илдам, гоҳо шошилмай

Югурасиз, юрасиз, ҳатто

Учиб-учиб олға босасиз

Бу дунёнинг энг чеккасига

Ўртада-чи анграйиб тағин

Мен қолгумдир абадий тўхтаб

 

Ҳар туғилиш ортидан майин

Кўтарилар янги ой нури

Ҳар ўлимдан кейин ҳам яна

Ботиб кетар ой нури ҳолсиз

 

Ракетада учқур хаёлдай

Келсам агар ҳузурингизга

Боқармисиз қиё бир бора

Ва ё тағин ойли кун томон

Аста-аста йўрғалармусиз?

 

***

 

Тўртбурчак

 

Бир қур назар ташланг хонага

Тўрт томон бурчак

Тўлиб тошган бурчакка уй ҳам

Тўртта бурчак бирон аъзосиз

Инсон ерни тўртбурчак билди

 

Ер думалоқ деб айтган одам

Тушди тўрт бурчакли рамкага

 

Билиб-билмай курашаётган

Тўртбурчак ҳар касга бу замин

Кулгумизда, ўйлашимизда

Йиғимизда квадрат шакл

 

Яралмиш йўқ бунда тўрт ёқли

Кеплерники мисоли асло

Парабола ясай билмасмиз

Қандай айлантирурмиз ахир

Осимонга ақлу идрокни

Тўртбурчакда қулфлоқ бўлса ул?

 

 

(Инглиз тилидан Аъзам Обид таржима қилди)