Баҳаво Хорватия кундалиги

Бу мамлакат аҳолиси қарийб 4 миллион киши. Аммо унда 1200 дан ортиқ орол бор! Футболда бу мамлакатнинг натижалари жуда салмоқли: 2018 йилда жаҳон чемпионати финалига чиққан, 2022 йилда эса учинчи ўринни эгаллаган. Бир шаҳрида денгиз тўлқинлари мусиқа яратадиган «Денгиз органи» бор, бир шаҳри дунёдаги энг кичик шаҳарлардан бири, яна бир шаҳрида эса қарийб икки минг йиллик Рим амфитеатри ҳамон қад ростлаб турибди.

Адабиётда ҳам ўз изини қолдирган: Марко Марулич, Марин Држич ва Мирослав Крлежа каби адиблар шу юртдан етишиб чиққан. Шекспирнинг «Ўн иккинчи кеча» пьесаси воқеалари ҳам шу заминда кечади. Дунёнинг қай бурчига келдим?

Хорватиянинг Дубровник шаҳридан салом ва дуоларим!
«Адриатика дурдонаси» деб аталувчи бу шаҳарда 40 минг аҳоли яшайди. Ўрта асрларда бу ерда Рагуза республикаси мавжуд бўлган: кичик ҳудудга эга бўлса-да, денгиз савдоси ва дипломатия орқали катта бойлик ва мустақилликка эришган давлат. Шаҳарнинг энг машҳур рамзи қарийб 2 километр узунликдаги, айрим жойлари 25 метр баландликка етадиган қадимий қалъа деворларидир. 1667 йилги кучли зилзила катта вайронагарчилик келтирган, аммо кўплаб тарихий бинолар сақланиб қолган. Шаҳар яқинидаги Локрум ороли эса яшил ўрмонлари, қояли соҳиллари ва товуслари билан машҳур.

Кучли ёмғир ва шамолга қарамай, қадимий Дубровникнинг тор кўчалари оралаб, Марин Држичнинг уйини қидириб топдим. Атайин Ўзбекистондан келганимни айтганимда, музей ходимаси роса хурсанд бўлиб кетди. XVI асрда яшаб ижод қилган Марин Држич (1508–1567) Европа Уйғониш даври комедия санъатининг йирик вакилларидан бири ҳисобланади. Унинг энг машҳур асари — 1551 йилда илк бор саҳналаштирилган «Дундо Марое» комедияси. Унда пулга ҳирс, очкўзлик ва манфаатпарастлик ўткир ҳажв остига олинади. Драматургнинг уй-музейи Дубровникнинг Эски шаҳрида, Широка кўчаси, 7-уйда, Домино черкови ёнида жойлашган.
Хорватияга келишимдан асосий мақсадларимдан бири айнан шу уй-музейни зиёрат қилиш эди. Шукур, бу ниятимга ҳам етдим!

Марин Држич уй-музейида драматургнинг ҳаёти, оиласи, ижодий йўли, асар қаҳрамонлари, театр либослари, афишалар, спектакль дастурлари ва саҳна суратлари жамланган. Экспонатлар орқали унинг нафақат ижодини, балки ўзи яшаган давр муҳитини ҳам тасаввур қилиш мумкин. Музейдаги махсус кўргазмалардан бири — «1526–2026: 500 йил» ҳам эътиборимни тортди. Бу Марин Држичнинг таваллуд санаси эмас, балки у ҳақидаги илк тарихий ёзма маълумотга 500 йил тўлганини англатади. 1526 йил 12 апрелдаги ҳужжатда унинг Дубровникдаги “Барча авлиёлар черкови ректори” этиб тайинлангани қайд этилган. Марин Држич хорватлар учун худди Шекспир инглизлар учун қандай қадрли бўлса, шундай буюк миллий драматургдир. Эртага музей директори билан унинг асарини ўзбекчага ўгириш ҳақида гаплашадиган бўлдик.

Дубровник жин кўчаларидан биридаги тарихий бинода шундай гўзал кутубхона борлиги ҳайратланарли! Унинг баланд шифтли, муҳташам зали ва китоб жавонлари оралаб юрар эканман, бу ерда қанча авлодлар китоб мутолаа қилгани, қанча фикрлар ва ғоялар туғилганини тасаввур қилдим. Аммо бу ташрифнинг энг ёқимли қисми кутубхона ходимаси Марика Сапро билан танишув бўлди. У мени алоҳида меҳр ва эътибор билан кутиб олиб, кутубхона бўйлаб шахсан экскурсия ўтказди. Чет элга ижодий сафар дегани самимий инсонлар билан учрашиш, китоб ва адабиёт орқали яқинлик ҳис этиш ҳамдир. Марика ва ҳамкасблари билан учрашув Дубровник ҳақидаги хотираларимга яна бир гўзал саҳифа қўшди.

Хорватияда бўйи бир метрга ҳам етмаган шундай митти анорлар ўсаркан. Аммо бу томонларда асосан апельсин ва лимонлар пишиб, ерга тўкилиб ётибди.

Ноябрь, 2026 йил

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *