10 йил аввалги китоб ва бугунги саволлар

Роппа-роса ўн йил аввал, Лондонда ҳурматли ёзувчимиз Эркин Аъзамнинг камина инглиз тилига ўгирган таржима китоби нашр этилган эди.

Ўн йил учиб ўтди. Аммо ўзбек адабиётининг тақдири ҳақидаги саволларим янада кўпайди.

Ким билади, бу китобдан нечта нусха сотилди? Ўзбекистонда ва хорижда у ҳақда нечта тақдимот, муҳокама ва тақриз бўлди? Муаллиф ёки таржимон миллий ё халқаро адабий тадбирларга таклиф этилдими? Китоб сотиб олиш учун “Амазон” линкини неча киши неча марта тарқатди? Эркин аканинг ўзи фахр билан “бу китобимни Аъзам Обид таржима қилган, бошқалар ҳам китобларингизни беринглар” деб айта олдими? Ва ё кўпчилигимиз ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш китобни таржима қилиб, нашр этиш билан тугайди, деб ўйлаб юрибмизми ҳануз?

60 дан ортиқ мамлакатда бўлдим. Аммо кўп жойларда ўзбек шоири ёки ёзувчисининг номини айта оладиган одамни топиш қийин. Йиллар аввал президент девонидаги ёзувчимиз Хайриддин Султонов таржима ва халқаро адабий лойиҳалар бўйича камина билан ҳамкорлик қилишни тайинлаган экан. Хайриддин ака, бугун қаердасиз? Агар ҳали ҳам сўзингиз ўтадиган, қарор қабул қилишга таъсирингиз бор бўлса, юзма-юз учрашиб, кўп оғриқли саволлар беришни ва жавоб олишни истайман.

Адабиётимизда нуфузга эга бошқа ижодкорлар қаерда? Борми ўзи? Халқ ёзувчиси, халқ шоири унвонларини кўтариб юрганлар миллий адабий манфаат учун жиддий нима иш қиляпти? Улар ҳеч йўқ бир-бири билан гаплашадими? “Ўзбек адабиётини дунёга қандай олиб чиқамиз?” деб бирор марта бош қотиришадими? Ёки ҳар ким ўз унвони, ўз мансаби ва ўз имтиёзи билан оворами?

Нега ўзбек адабиётини дунёга танитиш учун умумий мақсад атрофида ҳеч бирлаша олмаяпмиз? Нега мустақил ташаббуслар қўллаб-қувватланмайди? Нега бир-биримизнинг муваффақиятимиздан қувониш ўрнига, уни кўролмасликка ўрганиб қолдик? Адабиётимизга энг катта душман бефарқликми ёки бир-биримизнинг ютуғимиздан қўрқишми?

Кичик бир мисол келтирай. Йиллардан буён Анна Олдфилд ва Зулхумор Мирзаева АҚШда ўзбек ҳикоялари антологиясини нашр этишга ҳаракат қиляпти. Аммо молиявий қўллаб-қувватлаш йўқлиги сабабли лойиҳа узоқ вақтдан бери кечикмоқда. Антологияга киритилган бир гуруҳ ёзувчиларни Америкага олиб бориб, китоб тақдимотини ўтказиш таклифим эса ҳамон ҳавода осилиб турибди.

Ким бу ишларга масъул? Ким қарор қабул қилади? Ким молиявий ёрдам беради? Нега ўзбек адабиётини чет элларда танитиш имконияти бор лойиҳалар йиллаб бир жойда депсиниб тураверади? Бу ишларни амалга ошириш учун яна кимларнинг рухсатини кутишимиз керак?

Халқаро Навоий жамғармасининг тақдири нима бўлди? Раҳбари президент администрациясига ўтгач, жамғарма ҳам йўқлик қаърига сингиб кетдими? Навоий номини дунёга танитиш учун ташкил этилган жамғарма бугун нима билан шуғулланяпти? Натижалари қани?

Навоий “Хамса”сини таржима қилиш учун Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ажратилган миллиард сўмга яқин маблағ қаерга ва қандай сарфланмоқда? Лойиҳа қайси босқичда? Фаол ва ҳалол ишлайлик, деб саволлар берганим учун каминани бу лойиҳадан четлатиб, қутулишдими ё?

Адабий лойиҳаларга халқнинг қанча маблағи сарфланаётгани ҳақида очиқ ҳисобот қаерда, кўрсак бўладими? Давлат маблағи шахсий ёки идоралараро сир эмас, жамоатчиликнинг ҳаққи-ку. Миллий адабиёт номидан сарфланган ҳар бир сўмнинг натижаси бўлиши шарт.

Кўқонми, Навоийми, бирор шаҳримизни нима учун UNESCO Адабиёт шаҳри сифатида илгари суришга жиддий киришмаяпмиз? Расмий хатларимга ким жавоб беради? Нега 40 миллионлик катта халқнинг ҳар йили ўтказиладиган бирор дона ҳақиқий, эркин халқаро адабиёт фестивали йўқ? Халқаро шеърият фестивали-чи? Китоб ярмаркаси-чи? Таржимонлар ва хорижий нашриётлар билан тизимли ҳамкорлик-чи?

“UzLAB” каби мустақил халқаро адабий-маданий ташаббуслар нима учун тўхтаб қолиши керак? Бу лойиҳа орқали юздан ортиқ хорижий ижодкорни Ўзбекистонга олиб келдим. Улар маҳаллий ёзувчилар, шоирлар ва ўқувчи-талабалар билан учрашди, тажриба алмашди, халқаро адабий алоқалар ўрнатди. Бу лойиҳа ўзбек ижодкорларини дунё билан боғлашга хизмат қилаётганди.

Нега бундай ташаббуслар молиявий ёрдамсиз қолмоқда? Нега мустақил одамлар ўз маблағи, меҳнати ва алоқалари билан мамлакат маданияти учун ишлаши кераг-у, аммо расмий муассасалар ҳисоботларида халқаро маданий фаолият ҳақида баландпарвоз гапларни давом эттираверади?

Давлат бюджетидан ўзбек маданияти ва адабиётини хорижда тарғиб қилиш учун маблағлар ажратилаётган бўлса, натижалар қани? Қанча китоб чет тилларига таржима қилинди? Қанча ўзбек ёзувчиси хорижда нашр этилди? Қаерда халқаро тақдимот ўтказилди? Нечта мустақил адабий лойиҳа қўллаб-қувватланди? Нечта шоир ва ёзувчи хорижга чиқиб, ўз асарларини тақдим этди? Қанча хорижий нашриёт ва таржимон ўзбек адабиёти билан ишлашга жалб қилинди?

Такрор айтаман: чинакам халқаро адабиёт майдонига чиқиш учун бизга президент ёки давлатни мақтаб, шу орқали ўзини кўрсатишга уринаётган уюшмалар, жамғармалар, халқ ёзувчилари ва шоирлари эмас – ҳақиқатан эркин овозлар, мустақил ижодкорлар ва жасоратли ташаббуслар керак!

Мустақил ва эркин овозларни қўллаб-қувватламайдиган тизим ва жамият жаҳон адабиёти эстафетасида доимо ортда судралиб юраверади. Ўзини ўзи мақташдан бошқа ишни билмаган адабиёт эса дунё саҳнасида тан олиниш ўрнига, охир-оқибат кулгига қолади.

Бизда миллат сифатида адабиёт соҳасида умумий мақсад борми ўзи? Қарор қабул қилувчилар қаерда? Ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш учун ким масъул? Бу саволларни очиқ муҳокама қилиш учун миллий платформа борми? Газетангиз, журналингиз ёки сайтингизда шу гаплар учун бирор саҳифа ажрата оласизми?

Агар ҳали ҳам ҳамма бир овознинг буйруғини кутиб ўтирган бўлса, агар бу юртда мустақил фикр, эркин ташаббус ва очиқ мулоқотга жой бўлмаса, унда миллий адабиёт ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча, ва, афсуски, адо бўлганимиз шудир.

Ўн йил аввал Лондонда нашр этилган битта китоб бугун мени мана шу оғриқли саволларни қайта эслатишга мажбур қилди. Бирор киши очиқ ва асосли жавоб бера олишига ишонса бўладими? Нима бўлганда ҳам, олға интилиш ва бундай саволларни беришдан асло тўхтамайман. Сиз-чи?

Аъзам Обид

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *