Босния кундалиги

Тарихи баъзан фожиали, тақдири мураккаб, лекин халқ руҳи синмаган бу юртда турли динлар, тиллар ва маданиятлар асрлар давомида бир-бирига таъсир кўрсатиб келган. Унда масжидлар, черковлар ва синагогалар ёнма-ён жойлашган. Қаҳва ичиш бутун бир маросим, бурек эса куннинг исталган вақтида ейиладиган севимли таом. Жаҳон адабиётига Иво Андрич ва Меша Селимович каби адибларни берган. Мамлакат 1984 йилги Қишки Олимпия ўйинларига мезбонлик қилган. Зумрад дарёлар, баланд тоғлар, шаршаралар ва машҳур қадимий тош кўприклар унинг яна бир бойлигидир.
Хўш, қайси мамлакатга келдим?

Босниядан салом ва дуоларим!
Неретва дарёси соҳилида жойлашган, машҳур эски кўприги билан дунёга танилган Мостар шаҳридаман. Унинг тош кўчалари, қадимий масжидлари, дарё узра қад кўтарган кўприги ва сокин оқшомлари гўё тарих билан бугунни боғлаб турибди. Ёмғир қоронғу тушганда тинди, аммо ҳаво совуқ эмас. Эски шаҳарда одам сийрак. Бирор кўчага адашиб кириб қолсангиз, нариги бошидан чиққанда марказдан анча узоқлашиб кетган бўласиз. Ҳайдовчилар уловларини шошилмай ҳайдашар, пиёдага оғринмай йўл беришаркан.

Неретва дарёси узра қад кўтарган, Босния ва Герцеговинанинг энг машҳур тарихий ёдгорликларидан бири бўлган бу кўприкни 1566 йилда Усмонийлар султони Сулаймон Қонуний даврида, меъмор Хайруддин бунёд этган. Аммо бу кўприкнинг тарихи фақат меъморий маҳорати билан эмас, балки оғриқли тақдири билан ҳам ёдда қолади. 1993 йил 9 ноябрда, Босния уруши даврида, узоқ давом этган ўққа тутишлар оқибатида кўприк вайрон қилиниб, Неретва дарёсига қулаб тушган.

Халқаро ҳамкорлик, ЮНЕСКО ва бир қатор давлатларнинг кўмаги билан кўприк тарихий қиёфаси ва анъанавий қурилиш усуллари асосида қайта тикланди. 2004 йилда яна фойдаланишга топширилди. Бугун Эски кўприк шунчаки икки қирғоқни туташтирувчи иншоот эмас. У узилган ришталарни қайта боғлаш, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва инсонлар ўртасидаги ишонч рамзидир.

1874 йилда қурилган ушбу тарихий хонадонда серб ёзувчиси Светозар Чорович яшаган. Аммо бу уйнинг адабий тарихи яна бир буюк ижодкор — Мостарни ўз шеърларида куйлаган шоир Алекса Шантич номи билан ҳам чамбарчас боғлиқ. У ҳаётининг сўнгги йилларини айнан шу хонадонда ўтказган. Бугун бу уй Ҳерцеговина музейининг адабиёт бўлими ҳисобланади. Унда Алекса Шантичнинг ёдгорлик хонаси, ёзувчиларнинг шахсий буюмлари, қўлёзмалари, хатлари, фотосуратлари ва китоблари сақланади. Бу ерда Светозар Чорович, Алекса Шантич ва яна бир мостарлик адиб — Ҳамза Ҳумо ижодига бағишланган экспозициялар ҳам мавжуд. Уруш йилларида жиддий зарар кўрган хонадон қайта тикланиб, 2000 йилда яна музей сифатида очилган. Бугун унинг ҳовлиси ва кичик галереясида ҳам адабий учрашувлар, кўргазмалар ва китоб тақдимотлари ўтказилади. Музей дегани фақат ёзувчининг уйи, шахсий буюмларини асраш эмас, балки бутун бир шаҳар хотираси, адабий муҳити ва маънавий тарихини келажак авлодларга етказиш ҳам.

Мостарнинг сокин гўшаларидан бирида Босния ва Герцеговина заминида туғилган икки Нобель мукофоти соҳиби ҳайкаллари ўрнатилган. Иво Андрич (1892–1975) — 1961 йили адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган ёзувчи. Унинг «Дрина кўприги» романи жаҳон адабиётининг муҳим асарларидан бири ҳисобланади. Владимир Прелог (1906–1998) — таниқли кимёгар, 1975 йили кимё бўйича Нобель мукофотини олган. Шубҳасиз, адабиёт ва илм-фан миллатлар ўртасидаги энг мустаҳкам кўприклардан биридир.

Танишинг: Ҳилтон Пеня — чилилик саёҳатчи-ёзувчи дўстим!
У 12 йилдан бери деярли тўхтовсиз дунё кезиб, турли мамлакатлар ва инсонлар ҳаётидан гўзал ҳикоялар тўплаб келмоқда. Саёҳатининг ўзига хос жиҳати — автостоп! Яъни йўлдаги ҳайдовчилардан уни кейинги манзилга бепул олиб боришларини сўрайди 😄. Шу тариқа йўл-йўлакай янги инсонлар, янги дўстлар ва янги ҳикоялар пайдо бўлади. Ҳилтон Ўзбекистонда ҳам бўлган. Айниқса, оддий одамларнинг хонадонларида меҳмон бўлиб, уларнинг кундалик ҳаёти, меҳмондўстлиги ва самимий муносабатини ҳис қилиш унда унутилмас таассурот қолдирган. Жумладан, Булунғур туманидаги меҳмондўстликни алоҳида мамнуният билан эслади. У шунчаки дунё кўриш, инсонлар билан танишиш ва турли халқлар ўртасида ўхшашликлар қанчалик кўплигини ҳис қилишни истайди. Масалан, ўзбек сомсаси Чилида ҳам борлигини, кўп нарсалар аслида биз ўйлагандан кўра умумийроқ эканини айтди. Инсон сифатида ўхшаш жиҳатларимиз жуда кўп, шубҳасиз. Буларнинг барини саёҳатларим давомида ўзим ҳам кўряпман.

Сараеводан салом ва дуоларим!

Шарқ ва Ғарб маданияти қоришган ажойиб шаҳардаман. Бир кўчада Усмонлилар даврининг масжидлари, шарқона бозорлар ва қаҳвахоналарй, бироз юргач эса, Австро-Венгрия меъморчилиги, Европа услубидаги бинолар. Аммо Сараевонинг гўзаллиги фақат меъморчилиги ва табиатида эмас. Бу шаҳар XX аср тарихидаги энг оғир синовлардан бирини — 1992–1996 йиллардаги узоқ қамал ва уруш фожиаларини бошидан кечирган. Кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган ўша воқеаларнинг излари ҳали ҳам шаҳар хотирасида сақланиб қолган. Шунга қарамай, Сараево қайта қад ростлаган, ҳаётга, маданиятга ва бағрикенгликка интилаётган шаҳарлигини кўряпман.

Ҳар бир чет эл сафаримда китоб дўконларига киришни яхши кўраман: бу нафақат адабиёт билан танишиш, балки ўша жамият нималарни ўқиётгани, қайси муаллифларга қизиқиши ҳақида ҳам тасаввур беради. Сараево марказий кўчасидаги дўконда энг кўп сотилаётган ўн нафар муаллиф рўйхатига назар ташладим. Унда Орҳан Памук ва машҳур америкалик ёзувчи Дэн Браун каби муаллифлар ҳам бор. Китоб дўконлари мен учун ҳар доим кичик маданий кузатув майдони. Қайси китоблар пештахтада, қайси муаллифлар харидорлар эътиборида, буларнинг барчаси мамлакатнинг адабий ҳаёти ҳақида қизиқарли ишоралар беради.

1914 йил 28 июнь куни Сараевода содир бўлган бир воқеа бутун дунё тарихини ўзгартириб юборди. Австрия-Венгрия империяси тахти вориси Франц Фердинанд рафиқаси София билан шаҳарга ташриф буюрганида, 19 ёшли Гаврило Принцип уларни отиб ўлдиради. Қизиғи, суиқасддан олдин ҳам уларнинг ҳаётига бир неча бор таҳдид қилинган, ҳатто автомобилларига бомба ташланган эди. Бироқ тақдирнинг кутилмаган бурилиши туфайли уларнинг машинаси Лотин кўприги яқинида Принцип турган жойда тўхтаб қолади. Бу воқеа Австрия-Венгриянинг Сербияга қарши ультиматумига ва давлатлар ўртасидаги кескинликнинг кучайишига олиб келди. Оқибатда Биринчи жаҳон уруши бошланди. Бугун Лотин кўприги ёнида турарканман, биргина суиқасд бутун инсоният тарихини ўзгартириб юбориши мумкинлигини ўйламайман.

Сафарнинг энг гўзал жиҳатларидан бири йўл-йўлакай турли мамлакатлардан келган инсонлар билан танишишдир. Улар орасида алмашув дастури талабаси, оелайн дарс ўтаётган ўқитувчи, кино олишга кеоган продюсер, IT мутахассиси, шифокор, ёзувчи ва ҳоказо касб эгалари бор. Мана бу ёшлар Люблянада “Erasmus” дастури асосида таҳсил олишмоқда ва бу имкониятдан фойдаланиб, Болқон минтақасидаги мамлакатларни ҳам саёҳат қилишмоқда.

Мамлакатларимиз, оиламиз, касбларимиз, ҳаётга қарашларимиз, орзу-мақсадларимиз ҳақида суҳбатлашиб, кўп янги нарсаларни билиб оламиз. Дунё қанчалик ранг-баранг ва айни пайтда бир-бирига яқин! Ҳар кимнинг ўз тарихи, ўз йўли ва ўз орзуси бор. Сафарлар эса ана шу ҳикояларни бир нуқтада учраштириб қўяди.

Чет элларда одамлар билан танишганда ўзимни шоир, ёзувчи, таржимонман, деб таништираман. Шунда дарҳол смартфонлар ишга тушади: Google ё чатга исмимни ёзишади. 😀
Бир неча сониядан кейин эса мен ҳақимда «кашфиётлар» бошланади. 😊 — Вой, сиз хорижда энг яхши танилган ўзбек муаллифларидан бири экансиз! — дейди малайзиялик талаба.
— Сиз Навоий асарларини ва 100 дан ортиқ ўзбек муаллифларини инглиз тилига таржима қилган экансиз-ку! —ҳайратланади сингапурлик саёҳатчи.
— Сиз япон шоири Юсуке Мияке билан дўст экансиз, бирга саёҳат ҳам қилгансиз! — деб қолади япониялик йигитча. Хуллас, ҳозирги замонда интернет сиз ҳақингизда ҳамма нарсани билади! Назаримда, у ҳар бир мамлакатда сиз ҳақингизда бироз бошқача, ўша ҳудудга мослашган маълумотни кўрсатади. 😊 Сиз ҳам Google’га ўз исм-фамилиянгизни ёзиб кўринг-чи? Яна бир илтимос, «Azam Abidov» деб киритиб, камина ҳақида қандай маълумот чиқишини ҳам коментда ёзинг.

Сараевода босниялик таниқли шоир, ёзувчи, эссеист, журналист ва таржимон Аҳмад Бурич билан учрашдим. У асарларида Болқон тарихи, уруш хотиралари, жамиятдаги ўзгаришлар ҳақида ёзади. Аҳмад мени Сараеводаги Адабиёт музейига олиб борди. Ўзбекистон ва Босниядаги мустақил адабиётнинг бугунги аҳволи, ёзувчининг жамият олдидаги масъулияти, сўз ва ижод эркинлигини ҳимоя қилиш ҳақида гаплашдик.

Адабиёт фақат ёзиш ва китоб нашр этишдан иборат эмас. У эркин фикрлаш, ҳақиқатни айтиш ва инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш имконияти ҳамдир. Аҳмадни Сараевода ҳар қадамда таниб, сўрашиб ўтишяпти, ҳатто Чингиз Айтматовни ўқиган кафе-чойхона хўжайини ҳам ҳурмат билан қарши олди. Йўл-йўлакай бизга яна бир ёзувчи ҳамроҳ бўлди.

Туркия ва Болқон мамлакатлари бўйлаб ижодий сафарим мен учун катта билим, тажриба ва илҳом мактаби бўлди. Энди ушбу сафар давомида орттирган тажрибаларимни Ўзбекистондаги хусусий университетлар, мактаблар ва ижодий доиралар билан бўлишиш истагидаман. Учрашувлар, маҳорат дарслари ва амалий семинарлар ташкил этишни истаб, хабар ёзганлар, ҳамкорликни бошлаймиз! Келинг, эркин ижод кемасига ўтириб, билим ва тажриба алмашамиз, янги ғоялар ва нурли манзилларга йўл очамиз! Тез орада учрашгунча!

Тоғларда шаҳар қурган ўлкалар,

Ҳавоси ҳали бузилмаган мусаффо юртлар,

Пардай булутлар баланд оғочлар учини қучган,

Тошларида ўрмонлар гуркираган масканлар,

Денгизлари дарёларга уланган маъволар,

Осма кўприклари халқларни, дилларни бирлаштирган мамлакатлар,

Яхши қолинг!

Ҳамиша Аллоҳнинг паноҳида бўлинг!

Ноябрь, 2026 йил

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *