У Европанинг энг ёш давлатларидан бири — мустақиллигини 2008 йилда эълон қилган. Мустақиллик рамзи сифатида ўрнатилган «NEWBORN» ёзуви ҳам ҳар йили янги қиёфага киради. Бу ерда ҳатто Билл Клинтоннинг уч метрли ҳайкали ва унинг номи билан аталган хиёбон ҳам бор! Денгизга чиқиш йўли бўлмаган бу давлат Европа Иттифоқига аъзо эмас, аммо евро валютасидан фойдаланади. Усмонлилар давридан қолган излар, замонавий Европа ҳаёти, гавжум қаҳвахоналар, самимий инсонлар ва дунёга ўзини танитишга интилаётган ёш авлод. Дунёнинг қай бурчига келдим, топинг-чи?

Приштинада Косовонинг уч нафар ижодкори — шоир ва ёзувчилар Дан Ибраҳими, Абдулла Зенели ва Вели Карахода билан жуда самимий ва мазмунли учрашув ўтказдик.
Мамлакатларимиздаги аҳвол, адабиёт, шеърият, китоб нашри, таржима ва ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида қизғин суҳбатлашдик. Айниқса, Абдулла Зенелининг «Buzuku» нашриёти орқали Косово адабиётини ривожлантириш ва янги муаллифларни қўллаб-қувватлаш борасидаги кўп йиллик тажрибаси менда катта таассурот қолдирди.

Ижодий сафарларимнинг энг муҳим қисми шундай инсонлар билан танишиш, фикр алмашиш ва янги кўприклар қуришдир. Ишонаманки, Приштинадаги бу учрашув келажакда Ўзбекистон ва Косово адабиёти ўртасидаги яна бир гўзал ҳамкорликнинг бошланиши бўлади.
Танишинг: Абдулла Зенели!
Шоир, ёзувчи ва ношир, 1990 йилда ташкил этган «Buzuku» нашриёти орқали Косово ва албан тилидаги адабиёт ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Нашриёт каталоги жаҳон адабиётининг йирик намояндалари, жумладан, Нобель мукофоти совриндорлари асарларининг албан тилидаги нашрлари, шунингдек, турли авлодга мансуб албан ёзувчилари ва шоирлари китобларини қамраб олади. Улар орасида Тиранадаги қадрдон дўстим, ёзувчи Бесник Мустафайнинг асарлари ҳам бор. Абдулланинг китоб дўконига кириб, у нашр этган китобларни кўриб, завқим ошди. Абдулла Зенели каби инсонлар билан танишувим Ўзбекистон ва Косово ўртасида янги китоблар, таржималар ва ижодий ҳамкорликларга айланишини истайман.

Косово пойтахтидаги энг машҳур бинолардан бири Миллий кутубхонадир. Хорватиялик меъмор Андрия Мутнякович лойиҳаси асосида қурилган иншоот 79 та гумбази ва металл тўр билан қопланган ташқи кўриниши билан ажралиб туради. Кимдир уни асалари уясига, кимдир космик кемага ўхшатади. Ҳар ҳолда, бундай бинога дуч келганда тўхтаб, уни томоша қилмай илож йўқ! Кутубхона Косово адабиёти ва маданий меросининг муҳим хазинаси ҳисобланади. Унга албан адабиётининг йирик намояндаларидан бири, XVII асрда яшаган маърифатпарвар Пётр Богдани номи берилган.

Приштина Миллий кутубхонасида эътиборимни тортган экспонатлардан бири — ўтган асрда матбаачилик соҳасида инқилоб ясаган “Linotype” босма машинаси бўлди. Уни XIX 1884 йилда немис ихтирочиси Оттмар Мергенталер яратган. Унгача матнлар босмахонада ҳар бир ҳарфни алоҳида териш орқали тайёрланган бўлса, “Linotype” бир вақтнинг ўзида бутун сатрни металл қолипга айлантириш имконини берган. Бу ихтиро газеталар, китоблар ва журналларни анча тез ва кўп нусхада чоп этишга йўл очди. Шу тариқа матбуот ривожи, ахборот тарқалиши ва китобхонлик маданиятига катта ҳисса қўшди. Бугун бир неча сонияда матн териб, дунёнинг исталган бурчагига юборамиз. Аммо китоб ва газета яратиш учун бир вақтлар қанча меҳнат, сабр ва муҳандислик маҳорати керак бўлган!
Приштина кутубхонасидаги инсталляция. Уни қандай номлаган бўлардингиз?

Танишинг: Исмоил Кадари (1936–2024)

Албаниянинг энг машҳур ёзувчиси, шоир ва романнависи, нафақат албан адабиёти, балки бутун Болқон минтақаси ва жаҳон адабиёти тарихида муҳим ўрин тутган ижодкордир. У ўз асарларида Албания тарихи, халқ оғзаки ижоди, афсоналар, миллий хотира, урушлар ва тоталитар тузумнинг инсон тақдирига таъсирини маҳорат билан тасвирлаган. Унинг асарлари 45 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Кадари халқаро адабий майдонга “Ўлик армия генерали” романи билан кириб келди. “Тушлар саройи”, “Тошдаги солнома” ва “Косово марсияси” каби асарлари орқали у нафақат Албания, балки бутун Болқон халқларининг мураккаб тарихи ва руҳий оламини жаҳон китобхонларига танитди. 2005 йилда халқаро “Man Booker International”мукофотига сазовор бўлди, 2009 йилда эса Астурия шаҳзодаси адабиёт мукофотини олди. Кадари 2024 йилда вафот этган бўлса-да, унинг асарлари орқали Албания ва Болқон овози дунё адабиётида яшашда давом этмоқда.
Косовонинг энг мафтункор шаҳарларидан бири бўлган Призренга келдим. Шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Бистрица дарёси, унинг устидаги машҳур Қадимий тош кўприк, Усмонли давридан қолган масжидлар, черковлар, ҳунармандлар дўконлари ва тор кўчалар бу ерга ўзига хос жозиба бағишлайди. Тепаликдаги қадимий қалъадан эса бутун шаҳар кафтдагидек кўринади. Шаҳар асрлар давомида турли халқлар, тиллар ва маданиятлар учрашган маскан бўлиб келган. Призрен Косовонинг тарихий маданий марказларидан бири, шунингдек, ҳар йили ўтказиладиган “DokuFest” ҳужжатли фильмлар фестивали билан ҳам халқаро миқёсда танилган.

Косовада очиқ ҳаводаги масжид – намозгоҳ.
Призрен автобус бекати яқинида жойлашган бу ноодатий тарихий маскан XV асрга, тахминан 1455 йилга бориб тақалади. Усмонийлар даврида Исо Бей қурдирган Намозгоҳ шаҳардаги илк исломий ибодат масканларидан бири ҳисобланади. Қизиғи шундаки, у одатий масжидлардан фарқли равишда очиқ осмон остида намоз ўқиш учун мўлжалланган. Дастлаб тош деворлари, меҳроби ва минораси бўлган.

Болқон мамлакатлари бўйлаб автобусда саёҳат қилишнинг завқи ўзгача! Булутларга туташган тоғлар, олтин тусига кирган кузги ўрмонлар, тоғ бағрида қурилган қизилтом қишлоқлар, узун-узун туннеллар, денгиз соҳиллари, дарёлар ва жарликлар орасидан ўтган йўллар… Ҳар бир бурилишда янги манзара, ҳар бир мамлакатда янги бир гўзаллик! Баъзан ойна ортидаги манзараларга қараб, автобусдан тушгингиз келмай қолади. Фақат томоша қиласиз, ўйга толасиз ва шу лаҳзалар учун нуқул шукрона келтирасиз. Болқон нафақат тарих ва адабиёт, балки табиатнинг ҳам ажойиб мўъжизалари ёйилган маскандир. Йўлнинг ўзи ҳам бахтиёрлик туйғусини юқтирадиган сафарлар сизларда ҳам кўп-кўп бўлсин!

Ноябрь, 2026 йил
