Чет элга асар юбориш ҳақида митти йўриқнома

Халқаро журналлар, резиденция дастурлари, танловлар ҳақида юбораётганим маълумотлар сизларга қизиқ бўляптими? Қатнашиш учун бир қадам босдингизми? Линкларни очяпсизми?

Келинг, бу ишни янаям осонроқ, қадамба-қадам тушунтирай.

1. Маълумотлар инглизча, демак инглиз тилини билмасангиз, унда ингл.тили устозингиз, фарзандингиздан матнни таржима қилиб беришни илтимос қилинг. Бу ҳол шундай давом этмаслиги керак: чет эл билан боғлиқ нимадир қилмоқчимисиз, зудлик билан ўзингиз тил ўрганишга киришинг!

2. Танлов ё журналга ўз ижодингиздан намуна юборишни истаяпсиз, дейлик. Таржима қилинган асар бўлмаса, ҳеч йўқ ингл.тили устозингиз ёрдамида 2-3 ихчам шеърингиз, битта митти ҳикоянгизни таржима қилволинг. Бунга қўшимча, кичкина таржимаи ҳолингизнинг таржимасиям доим тайёр турсин. Яна, галстуксиз, эркин, жиддий бўлмаган, жилмайиб турган ижодий суратингизниям тахт қилиб қўйинг. Уларни қаерга юборасиз? Тўғри, ўша линкдан электрон почтани топасиз!

3. Электрон мактубингиз тахминан мана бундай бўлади:

Мавзу қисмига мана буни ёзинг: Submission from Uzbekistan

Асосий хат:

Dear Sir/Madam,

I am a young author (young author ўрнига poet ёки writer деб ёзсангизам бўлади) from Uzbekistan. In response to your call, I am submitting my work for your consideration. I am also attaching my short biography, as well as my photo.

Thank you!

Name ( исм-шарифингиз)

Хатга талаб этилган форматга солинган матн, биография ва суратингизни бириктирасиз ва жўнатиш тугмасини босасиз.

***

Одатда, газета, журнал ё танлов электрон почтасига юзлаб хат келади. Мавзу қисмида Ўзбекистонни кўрсатиб, жуда тўғри қиласиз!

Кўпчилик ҳали Ўзбекистонни яхши билмайди, хатнинг қаердан юборилгани дарҳол эътиборни тортиши мумкин.

Асарингизни босишга лойиқ кўришса, омадингиз чопибди, танлашмаган тақдирда ҳам, бир энлик жавоб хати ёзворишлари тайин, ҳарқалай, жиддий нашрлар шундай қилади.

Агар жавоб.ёзишмаса, яна битта шундай хат юборинг (баъзан хатлар одатда очиб қаралмайдиган Спам папкага тушиб қолади).

Агар сизга хат ёзишса, мазмунига қараб, албатта, миннатдорлик билдириб, жавоб йўлланг. Мабодо ишингизни қабул қилишолмаса, яна қандай нашр ё танловларга юборишингиз мумкинлигини илтимос қилинг.

Омадингизни берсин!