15 кунлик баҳорги мустақил халқаро ижодий резиденция дастуримизда минглаб ўқувчилар, талабалар, устозлар, оилалар, онажонлар ва болажонларга бир оз завқ улашдик, яқин келажакдаги орзулари ушалиши учун мотивация бердик, ҳаётларига озроқ ранг киритдик, фаолроқ ватандош бўлишга руҳлантирдик. Шунга қодир қилгани учун Аллоҳга минг қатла шукур!
Асосий фокус гуруҳларимиздан бири чет элга чиқиш йўлларини излаётган ўзбек ижодкорлари эди, уларга кўпроқ ёрдам бермоқчи эдик, биз билан бўлиб, чет эллик дўстлар билан яқинроқ алоқа боғлашларини истагандик, бироқ, ўзини шоирман, ёзувчиман, таржимон ё рассомман дегувчи минглаб одамларнинг атиги бир ҳовучини атрофимизда, ёнимизда кўрдик холос. Демак, ижод аҳли бизда ҳали бир-бирини қўллаш тугул, энг яхши лойиҳаларга қўшила олмас ҳам экан. Бу ҳасадми, қўрқоқликми, андишами, ночорлик ё ношудликми – нималигини ўзлари билишади.
Икки сафардан буён дастуримизда биз билан елкама-елка туриб, уйини, қимматли вақтини, маблағини, энергиясини чин дилдан тортиқ қилаётган, инглиз ё бошқа ғарб тилларини унча яхши ўрганмаган бўлса-да, хорижлик меҳмонлар билан юрак тили билан, қалб ва муҳаббат тили билан боғланаётган, бир сўз билан – икки сафардан бери даврамизга, жамоамизга қўшилиб, энг кўп мазза қилаётган ижодкоримиз, шубҳасиз, РОҲИЛА СИДДИҚдир!
Мен бу Опани қилаётган оламшумул ишларимизни кўриб, ақалли тил учида “яшанглар” деёлмаётган халқ шоиру ёзувчиларидан, постларимизга лайк босиш ё бўлишишдан қўрқаётган манфаатпараст “ижодкор”лардан кўпроқ ҳурмат қиламан, кўпроқ қадрлайман.
ИншаАллоҳ, Роҳила опалар ва ёнимизда лаббай деб турган ҳамма-ҳамма дўстларнинг юзи халқ олдида, энг улуғи, Аллоҳ олдида ёруғ бўлгай! Мени айтди денг, ана шуларнинг йўли кенгроқ очиқдир, ана ўшалар дунёга кўпроқ танилгайлар ва Ўзбекистонимизни танитгайлар!
Бу дастуримизнинг аҳамияти, завқи, тотини ана шундай чин дўстларимдан сўранг! Ҳаммаларига катта омад тилайман! Ҳамиша бор бўлинглар!