Тушимда ўзбекистонлик меҳмон ишчилар “Урушни тўхтат, Путин! Биз барибир Ўзбекистонга кетмаймиз!” ёзувли плакатларни кўтариб, Русиянинг энг катта шаҳарлари бош майдонларига чиқишганмиш.
Тушимда ҳатто бундай намойишлар Ўзбекистон ичидаям авж олиб кетганмиш. Одамлар “Авторитар тузумнинг аҳволини кўриб турибмиз. Буниси охирги президентлик муддати бўлсин, кейин марҳамат қилиб, жойни бўшатасиз!” деб ҳайқиришаётган эмиш.
Тушимда Дўрмондаги ёзувчилар боғида путинча босқин туфайли уйсиз қолган украиналик ёзувчи, шоир ва рассомлар оиласи билан яшаётганмиш. Яқиндагина уйли бўлган ўзбек ижодкорлари квартираларининг тўрини украин биродарларга бўшатиб, бирга-бирга яшаётганмиш. ЁУ бутунлай тарқатиб юборилган, илгари унга аъзо бўлганлар ҳукумат овози бўлишдан бошқа нарсага ярамайдиган бу ташкилотга аъзолик билетини ёқиб, улоқтириб ташламоқда эмиш. Куни кеча аъзолигини кўз-кўз қилиб пост қўйган ёш йигит-қизлар эса уятдан терга ботиб ётганмиш.
Тушимда хўрозқанддай тарқатилаётган Зулфия, “Шуҳрат”, “Дўстлик” каби давлат мукофотларини олган қиз-жувонлар, ёшу қари эрлар “мукофотни овозимни бўғиш учун берган экансан, ол, ўзинг пишириб е!” дея ордену медалларини вазирлар маҳкамаси биноси ойналарига отаётганмиш. Пул мукофоти олганларнинг бари маблағни тўлиғича Украинага инсонпарварлик ёрдами сифатида ўтказаётган эмиш.
Тушимда бундан буён ҳукумат бўлар-бўлмасга ҳеч кимга мукофот бермай қўйибдимиш. Мукофотга ажратилган бюджет пулларини замонавий йўл ва завод-фабрикалар қуришга йўналтираётганмиш. Катта-катта нодавлат, чин мустақил ташкилотлар, фаолиятини яқиндан билганим Дилфуза Комил, Анора Содикова, Farida Charif, Муаззам Иброҳимова, Ирина Матвиенко, Умида Ахмедова,, Нигора Хасанова каби ўнлаб довюрак, фаол аёлларни, Eltuz, Troll.uz, Rost24.uz, Qalampir.uz. ва ҳоказо медиа ва кўплаб жасоратли блогерлар меҳнати ва шижоатини бошқаларга ўрнак қилган ҳолда, уларга халқнинг чин эътирофини еткизаётганмиш.
Тушимда адабиёт, маданият ва санъат соҳаси давлатдан тўлиқ мустақилликни қўлга киритиб, қонуний солиқ имтиёзлари эвазига филантроплар, тадбиркорлар бу соҳани жадал қўллаётган, натижада дангал сўз айтувчи ва ижод қилувчилар тобора кўпайиб, миллат болалари кучли-кучли ёзилган китобларни талашиб-тортишиб ўқиётган, музейлар, галереяларда ўтаётган тадбирларга сиғмай қолаётган эмиш.
Тушимда Исо Масиҳ Аллоҳнинг ҳузуридан ерга тушиб, адолат ўрнатишни айнан Ўзбекистондан бошлаб юборган эмишлар. Ул зот қолган мамлакатларда ҳам бузғунчилик қилаётганларнинг барини, шу жумладан ВВПни, маҳв этганмишлар.
Тушимда Ер юзинда ҳамма ўз ишини билиб-билиб қилаётган, бажариб бўлиб, атрофдагилардан нима ёрдам керак, деб сўраётган эмиш. Барча миллатлар олижаноб, бир-бирига меҳрибон, ака-сингил, бахтиёр ва дўст эмиш.
Тушимда ҳамма, ҳамма, ҳамма қиёмат қўпишига тайёр эмиш.