Босиқ, сабрли бўлсам-да, мениям уйимни ноқонуний бузишса, бунинг устига арзимас товон пули тўлашса, фиғоним кўкка ўрларди балки. Юртдошларимизга ачинаман, президент ё ҳокимга ҳаммаям қўшни бўлавермайди, албатта! Жоним халқим, иложи борича марказдан уй олмаган, қайда бўлсаям уй қурилса, серхаражат, кўпхонали иморат қилмаган, умуман топганимизни қўшниникидан баландроқ жой қуришга сарфламаганимиз маъқул. Қурилишга йиққан, ўғлингиз, эрингиз жўнатган пулни болангизнинг илғор мамлакатда ўқишига, сайр-у саёҳатга сарфласангиз яхши. Квартираниям сал четроқда, шўро даврида қурилганларидан олаверинг, анча пишиқроқ ва арзонроқ. Менам шунақа оддий уйда яшайман, снос-пнослардан чўчимайман, гарчи ҳали-вери снос бўлишига кўзим етмайди, чунки Яшнобод туманимизда аллақачон бузилиб, ўрнига янги уйлар тушиши керак бўлган икки қаватли ёғоч уйлар ҳалиям турибди, бизгача анча қовун пишиғи бор. Бу ярамасларга бирни юз қиладиган бизнес, обрў ва нотинчлик керак шекил. Содда, оддий ҳаётни кўзлайверайликки, завқу шавқ, бахт ва хотиржамлик – оддийликда!