Латвия соҳилларида: нафис ёмғирли Рига кундалиги

Янги манзилга яқинлашяпман.

Бу мамлакатда 2 миллионга ҳам етмайдиган аҳоли яшайди, ҳудудининг ярмидан кўпи ўрмон, денгиз соҳили эса қарийб 500 километр. Одамлар қўзиқорин ва резавор теришни яхши кўришади, ёзда эса афсонавий “гуллайдиган папоротник”ни излашади. Папоротник эса, табиийки, гулламайди.

Даугава дарёси бўйидаги бу шаҳарда 800 дан ортиқ жимжимадор бино бор. Марказий бозорининг улкан павильонлари эса аввал дирижабль (ҳавода учадиган катта кема) ангарлари бўлган. Бугун бу ерда балиқ, пишлоқ, асал ва бошқа маҳаллий маҳсулотлар сотилади.

Шаҳарда яна “Мушуклар уйи” машҳур. Унинг томидаги мушук ҳайкаллари бир вақтлар қўшни савдогарлар уюшмасига нисбатан норозилик рамзи бўлган.

Болтиқ денгизи соҳилидаги Латвия пойтахти Ригадан салом ва дуоларим!

Рига яқинидаги машҳур Юрмала курорти эса мен учун алоҳида таниш ном. Болалигимда телевидениеда Юрмаладаги мусиқа фестивалларини қизиқиб томоша қилганим ҳалигача ёдимда. Энди Риганинг қадим тошкўчалари, ёзувчи ва шоирлари изидан юриб кўраман.

Тошкент Ижтимоий инновация университети устози Доно Эргашевна ва Хорижий тиллар факультетининг 1-курс талабалари, баракалла!

Улар мени Вильнюсдан Ригага қараб йўлга чиққан автобусда тутиб олишди! Латвияга етиб олгунимча йўл-йўлакай фото ва видеолар улашиб бордим, Ригага келгач эса Зум/WhatsApp орқали инглиз тилида онлайн мулоқот қилдик.

Суҳбатимизда орзу ва унга етишиш йўллари, ижодкорлар учун халқаро имкониятлар, дунё бўйлаб саёҳатларим ва, албатта, йўлда орттирган сабоқларим ҳақида гаплашдик. Энг муҳими, масофалар қанча узоқ бўлмасин, бир шаҳарда автобусда ва кўчада, бошқа шаҳарда эса университет аудиториясида туриб ҳам фикр ва тажриба алмашиш мумкинлигини яна бир бор ҳис қилдим.

Агар шу қисқа суҳбат орқали кимнидир каттароқ орзу қилишга, кўпроқ изланишга ёки сал бўлса-да яхшироқ ва кучлироқ инсон бўлишга руҳлантира олган бўлсам, мен учун энг катта қувонч шу! Барчангизга омад! Ватанда юзма-юз кўришгунча!

*****

Шеър:

Меҳрибон инсон.

Каптарлар базми.

Оҳанг. Хиёбон.

Сузишар жавлон

Каналда ёшлар.

Буларнинг бари

Ригага хосми?

Кет, андуҳ, нари!

Кел, бирга-бирга

Яйраймиз, ошна!

*****

Ригадаги бу уйда Латвия адабиётининг икки буюк сиймоси яшаб, ижод қилган.

Райнис (1865–1929) — асли Жанис Пликшанс, шоир, драматург, таржимон, журналист ва жамоат арбоби. У Латвиянинг миллий адабиёти ва миллий ўзлиги шаклланишида катта роль ўйнаган. Аспазия билан Швейцарияда 14 йил муҳожирликда яшаб, 1920 йилда Латвияга қайтган.

Аспазия (1865–1943) — шоира, драматург, таржимон ва жамоат арбоби. У айниқса аёлларнинг тенг ҳуқуқлари, шахсий эркинлик ва жамиятдаги инсон ўрни ҳақида дадил ёзган.

Уй-музейда уларнинг китоблари, қўлёзмалари, суратлари, шахсий буюмлари бор, ҳатто… ғайритабиий шарпа кезиб юргандай.

Бу ижодкор жуфтлик ҳақидаги қисқа фильм ҳам жуда яхши ишланибди.

Ойбек домла уй-музейида ҳам шунақа видео бормиди? Ойнур опадан сўраб кўраман. Бор бўлса, инглизчага таржима қилиб бераман. Чет эллик ижодкор ва туристларга намойиш этадилар.

***

2026 йил, сентябрь

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *