Юрагимда Литва садолари: Вильнюс кундалиги

Яна бир адабиёт шаҳрига келдим. Марказида 1500 дан ортиқ тарихий бино бор. 1579 йили ташкил этилган университети, қадимий черковлари, дарёлари ва яшил боғлари билан шаҳар жуда ўзига хос. 600 мингдан ортиқ аҳоли яшайди, ҳудудининг қарийб 44 фоизи яшил майдонлардан иборат.

Бу ерда ҳатто “Адабиёт кўчаси” мавжуд бўлиб, унда турли ёзувчи ва шоирларга бағишланган 200 дан ортиқ кичик санъат асари жойлашган.

Дунёнинг қай бурчи, дейинми? Литва пойтахти, эгнингизни ҳўл қилмайдиган майин ёмғир сочаётган Вильнюсдан салом ва дуоларим!

Бу ерда энг ёққан нарса — паркларда қушларга бўлган муносабат. Деярли ҳар дарахтда биз илгари мактаб меҳнат дарсида ясаган қуш уяларига ўхшаш уйчаларни кўрасиз. Шаҳар табиатни ўз ҳаётининг бир қисмига айлантирган.

Вильнюснинг эски шаҳри ҳам алоҳида бир китобдек. Тор тош йўлаклар, қизил томлар, готика, Ренессанс, барокко ва классицизм услубидаги бинолар бир-бирига уйғунлашиб кетган.
1579 йили ташкил этилган Вильнюс университети Европанинг энг қадимий университетларидан бири саналади. Асрлар давомида бу шаҳарда адабиёт, илм-фан ва санъат бирга яшаб келади.

Вильнюсдаги Литва Адиблар уюшмаси жойлашган тарихий бино баланд шифтлари, сокин хоналари ва адабиёт руҳини сақлаб келаётган муҳити билан инсонни бир зумда бошқа даврга олиб киради.

Ёнгинасида нашриёт ҳам бор; бир бурчида эса кўҳна ибодатхона.

Бу ерда литвалик шоир ва танқидчи Вайнюс Бакаснинг янги таржималар китоби тақдимотида қатнашдим. Георгий Ефремов каби тажрибали таржимон билан танишдим.

Китоб ҳақидаги суҳбатлар орасида кулги, шеър ва Вигинтас Казлаускаснинг нозик, ўйноқи куйлари янграб турди. Даврада ўзимни меҳмон эмас, гўё дўстлар даврасида ўтиргандек ҳис қилдим.

Вильнюсда болалигим кўчаларига тушиб қолгандайман.

Заъфарон япроқлар, қуш уялари, майин ёмғир, сокин боғ, кузги мевалар, тошйўллар…

Ва троллейбуслар! Орқасидаги зинага осилволиб, у пайтлар ҳали чинорлари кесилмаган она шаҳримга етволгим келади!

Бошимда қулоғимни ёпиб турган паҳмоқ исссиқ шапка, елкамда китоб тўла оғир чарм сумка, ичида Онажоним тандирда ёпган яримта нон…

2026 йил, сентябрь

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *