Бу мамлакат кичик, аммо тарихи узун. Бир пайтлар савдогарлар бу ердан Болтиқ денгизи бўйлаб юришган, кейин турли подшоҳликлар ва империялар навбатма-навбат келган. Лекин халқ ўз тилини ва қўшиқларини сақлаб қолган.
Пойтахтида ўрта асрлар ҳали ҳам тирикдек: қалъа деворлари, миноралар, тош кўчалар, қадимий майдонлар… Бир бурчакда юзлаб йиллик тарих, иккинчи тарафда эса электрон ҳукумат, стартаплар ва деярли ҳамма ишни телефонда бажариш мумкин бўлган замонавий ҳаёт.
Бу халқ ўз миллий уйғонишини шеър, китоб ва қўшиқлар орқали қурган. Ҳатто бир пайтлар қўшиқ айтишнинг ўзи озодлик рамзига айланган.
Юсуке билан хайрлашгач, дунёнинг қай бурчига келдим?
ЮНЕСКО адабиёт шаҳри, Эстониянинг Тарту шаҳридан салом ва дуоларим!

Майин ёмғир ёғмоқда. Мазза!
Танишинг: Людмила Казарян!
Тарту шаҳрида 10 йилдан бери Василий Жуковский номидаги шеърият фестивалини ташкил этиб келаётган шоира ва публицист Людмила 1961 йилда туғилган, қадимий Тарту университетида ўқиган.
У рус тилида ижод қилади, адабий учрашувлар ташкил этишга ҳисса қўшади.
Бугун Тартуда у билан юзма-юз кўришиб, фестиваль, шеърият ва турли мамлакатлар ижодкорларини бир жойга тўплаш ҳақида суҳбатлашдик. Адабиёт одамларни тезда яқинлаштириб қўяди. Тарту сафари ҳам шу маънода мен учун яна бир кичик, аммо қимматли адабий кўприк бўлди.
Эстониянинг иккинчи йирик шаҳри саналган Тарту Онадарё бўйида жойлашган, тарихи минг йилдан зиёд. Ўрта асрларда Тарту муҳим савдо ва маданият маркази бўлган, бугун эса кўпроқ университети, ёшлар муҳити, илм-фани билан таниқли.
Тарту университети 1632 йилда ташкил этилган бўлиб, кўчалар, майдонлар, кафелар ва кутубхоналарда ёшлар, олимлар, ёзувчиларни учратиш оддий ҳол. 2024 йили Тарту Европа маданияти пойтахти мақомини ҳам олди.
Эстон адабиёти тарихида ҳам унинг ўрни беқиёс. Шаҳар шеърият, таржима, адабий фестиваллар ва халқаро ижодий учрашувлар учун жонли майдондир.
Жуковский номидаги халқаро шеърият фестивалига Италия, Германия, Финляндия, АҚШ, Франциядан шоир, ёзувчи ва мусиқачилар йиғилди. Фестивалнинг шиори ҳам жуда илиқ: “Олам — дўстнинг чеҳрасидан таралган бир нур”.

Бугун ёмғир шивалаб турган Тартуда фестиваль иштирокчилари билан бирга шеърлар ўқидик, шаҳар бўйлаб айландик.
Фестиваль дегани шунчаки саҳна ва шеър ўқиш эмас, у ижодкорларни учраштириш, янги лойиҳаларга илҳомлантириш ва турли тиллардаги адабиётларни яқинлаштирувчи платформа ҳам саналади.
Тартуда Ратушанинг “Очиқ эшиклар куни”га кириб қолдим. Ратуша — шаҳар ҳокимияти жойлашган, 17-асрда қурилган тарихий маъмурий бино.
Унинг эшиклари маҳаллий аҳоли ва чет эллик меҳмонлар учун очиқ экан.

Шаҳарни бошқарадиган одамлар қаерда ишлаши, йиғилишлар қаерда ўтиши, бинонинг ички қисми ва ҳатто чордоғигача кўриш мумкин.
Ўзбекистонда ҳам шундай “Очиқ эшиклар куни” тез-тез ўтказилса, ҳокимият ва давлат идораларига кириб, хоналарни кўриб, томига чиқиб: “Ҳа, ҳокимлар ҳам шунақа оддий жойда ишларкан-ку”, деб қайтармидик? Аслида, халққа яқинлик баландпарвоз гаплардан эмас, эшикни очиб қўйишдан бошланади.
Фаҳмлаган бўлсангиз, ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари мен учун жуда қизиқ мавзу; бир кун келиб Ўзбекистонда ҳам шундай шаҳарга эришишда тажрибам асқотиб қолар.
Айова, Сиэтл, Кожикод, Жакарта, Тоиф, Утреҳт, Прагани кездим. Бугун Тартудаман.
Ана, автобус ойнасидан қараб, Таллин–Тарту йўлида булут юрак шаклига кирганини кўряпман. Гоҳо шундай митти белгилар қулоғимга “тўғри йўлдасан” дея пичирлагандек бўлади…
Танишинг: Надежда Валк!

Филолог, ёзувчи, шоира, таржимон, ношир, Надежда 1989 йили асос солган “Диалог” (мулоқот)ни тил ўрганиш ва таржима маркази, нашриёт ва кўргазма зали сифатида юритиб келмоқда.
У Эстония рассомларининг асарларини йиғиб, кўргазмалар ташкил қилади, ҳатто одатда галереяларга бормайдиган одамлар ҳам санъат билан яқинроқ танишиши учун офис ва квартира каби кичик жойларда тадбирлар ўтказади.
“Диалог” бу ерда шунчаки ном эмас. Тил — мулоқот, китоб — хотира, санъат эса одамларни бир жойга тўплайди.
Интернетдан эстон шеъриятидан ўзбекчага ўгирилган таржималарни топдим.
МУҲАББАТ ГУЛИ
Юрагингда ўсмаган бўлса,
Муҳаббат деб аталган бир гул.
Бу покиза туйғу бобида
Яхшиси шу: гапирмай тургил.
Севиб қолсанг (бу-ку турган гап),
Нақ жаннатга айланар олам.
Кўз олдингда чор атроф яшнаб,
Гуллар дала, тоғу тошлар ҳам.
Биргина тун кифоя билсанг,
Очилади муҳаббат гули.
Сабр ила кут, сенинг учун ҳам
Тонг отади албатта ҳали.
(Нодира Абдуллаева таржимаси)
Бошқа таржималар мана бу линкда:
https://ziyouz.uz/jahon-sheriyati/eston-sheriyati/?utm_source=chatgpt.com
Ярим миллион аҳоли яшайдиган Таллиннинг Эски шаҳридаги тош кўчалардан юзлаб йиллар давомида қанча-қанча одамлар ўтган: савдогарлар, шоирлар, оддий шаҳарликлар, урушларни кўрган авлодлар…

Бугун мен уларнинг изларини босиб, сайр қилиб юрибман.
Қадимий шаҳарлар шу жиҳати билан қизиқки, унда деворлар ўзгармай туради, лекин улар атрофидаги ҳаёт бутунлай алмашиб кетади. Кеча бир тилда гаплашган одамлар турган жойда бугун бошқалар турфа орзулар қилади.
Таллиннинг қарийб 2 километрига яқин ўрта аср девори ва 26 та мудофаа минораси ҳали ҳам сақланган.
Ратуша майдонида эса 600 йиллик дорихона ҳали ҳам ишлаб турибди. Бунда ҳар тор кўча гўё “Мен ҳақимда ҳам ёз” деб тургандай.
Танишинг: Дорис Карева!

Эстон адабиётининг энг таниқли шоирларидан бири, таржимон ва муҳаррир. Ижодидан намуна “Қуш тили” антологиямизга ҳам киритилган.
Бугун Таллинда у билан шахсан учрашиб, “Қуш тили”дан совға қилдим.
Дорис Анна Ахматова, Беккет, Эмили Дикинсон, Румий ва Шекспир каби ижодкорларни эстон тилига таржима қилган. 1992–2008 йилларда UNESCO Эстония миллий комиссиясида бош котиб бўлиб ишлаган. Ҳозир “Looming” журнали муҳаррири.

Суҳбатимизда у Навоий ижодини жуда қадрлаши ва асарларини эстон тилида ўқиганини айтди. Бу гапни эшитиб, бошим осмонга етди. Дорис Карева билан Эстония Ёзувчилар уюшмаси ёнидаги “Pegasus” ресторанида тушлик қилдик, кейин у мени уюшма жойлашган тарихий бинога олиб кирди.
Бу бинода уюшма офиси, иккита журнал (биттаси болалар учун) таҳририяти, катта тадбирлар зали ва ёзувчилар яшайдиган хонадонлар бор. Уюшма раиси, шоира ва ёзувчи Марья Кангро билан ҳам танишдим.

Эстония Ёзувчилар уюшмаси 1992 йилдан Европа Ёзувчилар кенгаши аъзоси. Денгиз бўйидаги Кясму қишлоғида ёзувчилар ва таржимонлар учун ижод уйи ҳам бор. Халқаро резиденциялар, фестиваллар ўтказиб туради. Менга, айниқса, бир гуруҳ ижодкорларнинг Европа бўйлаб поездда тур ташкил этгани, бир гал эса денгизда круиз саёҳати уюштиргани ёқди.
Қандай яхши иш! Мен чет эллик ижодкорларни қисқача таништириб бораман, синчков дўстлар эса улар ижоди билан астойдил қизиқиб, таржима қилишга ҳам улгуришибди!
Эстон шоираси Дорис Карева ижодидан
КАМПИР
Қизи аллақачон арши аълода,
Эри эса денгиз қаърида ётар.
Сўнгги дақиқалар кетар бақога,
Кумушдай қадрига эъзозлаб етар.
Тозалар пилигин, билгандай офтоб,
Солмайди ҳеч қачон эшигига қулф.
Ва йўқ унга бундан оғир изтироб,
Жудолик, ғам бўлмас қиёматга зулф.
Этакка суйкалар мушук бепарво,
Ям-яшил нигоҳга бор дунёдир жо.
(Баҳодир Оташ таржимаси)
Хайр, бағрикенг Эстония!

