Мавлоно Румийни Аллоҳ мукаррам қилди. Дунё аҳли уни олимим, шоирим, файласуфим, дўстим деб эъзозлайди.
Турклар Мавлонони оламга танитишни анча қойиллатди. Фақатгина энг кўп ўқиладиган 30 та тилга унинг йирик асарларини таржима қилдирганини, олам аро китобхонларни Румийга ошиқ қилганини назарда тутмаяпман. Ҳазрат яшаган ва дафн этилган Коньяни турклар миллионлаб турист келадиган зиёратгоҳга айлантирди, Шамси Табризий қабри ҳам Коньяда деб ишонтиради, Мавлоно зиёратгоҳига Пайғамбаримиз алайҳиссалом мўйи муборакларини келтириб, меҳмонлар оқимини янада кучайтирди, шаҳар обод , аҳолиси ишли бўлди, ва ҳоказо.
Айни пайтда афғонлар Ҳиротни Навоий ҳазратимиз шарафидан гавжум бир зиёрат масканига ҳеч айлантиролмади, айлантиришига ишониш ҳам қийин.
Хўш, биз, ўзбеклар нима каромат кўрсатдик? Навоий номини берган шаҳримиз гавжум зиёратгоҳга айландими? Навоийни нечта тилга таржима қил(дир)дик? Навоий жамғармаси, уюшмалар, вазирлик ва агентликлар бирор жиддийроқ иш қилиш учун катта раҳбар(лар)нинг оғзини пойлашдан чарчаб толмаяптими ва ё ўзича зўр ишлар қилаётганини кўпиртириб, тамтакатум қилмоқда холосми?
Маънавиятчи- маданиятчиларимиз эски қўлёзмаларни ўғирлаб, бюджет пулини талон-тарож этиб, дунёни кулдирмоқда. Ичанқалъага Огаҳий рамзий қабри қўйилгани сингари Навоий ҳоки пойидан келтириб, Самарқанд ё Навоийда рамзий қабр қуриш ҳам кулгили туюлармикин? Навоий асарлари таржимасини кимга юклаймиз? Улуғларимизни ўзимиз эъзозлай олмадик, чет элликларга суйдира биламизми? Ё Навоий бизникимас, у билан шуғулланиш ҳам бизгамас, деб осонгина қутулиб қўя қоламизми?
Афсуски бунақа саволларни ўзига бериб кўриш, ечим ўйлаш учун адабиётни, халқни ривожлантиришга масъуллар, ҳокимлар, шоирлар, ёзувчилар, таржимонлар қоронғу ғафлат ҳовузидан чиқиб, ҳеч йўқ Коньяга келган бўлиши керак!
Ҳой, адабиёт ҳақида газеталар, журналлар чиқараётганлар, кўрсатув ва эшиттириш тайёрлаётганлар, ҳар сонингизда бирор танқидий гап беришни ўйлармисиз, камина қўйган ўнлаб саволларга жавоб излармисиз сиз ҳам?
Оч қорним, тинч қулоғим деб, туяқушдай бошни қумга тиқволиб юришни бас қиламизми, эй ўзбекистонлик ижод аҳли?!