Бир кўз ташланг!
Веб-сайтимда янги материаллар жойлаштирдим. Жумладан, алоҳида бир саҳифада ўзим ёзган ва ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан таржима қилган 40 га яқин китобим, тузувчи ва ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган антологияларим, шунингдек, асарларим ва таржималарим эълон қилинган 40 дан ортиқ халқаро журнал, газета ва адабий нашрлар ҳақидаги маълумотларни жамладим. Яна ким биландир қилган лойиҳам эсингизга тушса, айтинг, қўшиб қўяман! 😀
Ушбу маълумотлар, айниқса, адабий тадқиқотчилар, мактаб ва университет ўқитувчилари, талабалар, адабиётшунослар, таржимонлар ҳамда ёш ижодкорлар учун фойдали бўлади, деган умиддаман. Мен учун буларни бир жойга тўплаш фақат шахсий ижодий йўлимни акс эттириш эмас, балки ўзбек адабиётининг халқаро адабий жараёнлардаги иштироки ва имкониятларини ҳам кўрсатишдир.
Умидим шуки, ўзбек адиблари, шоирлари ва таржимонларининг китоблари дунёнинг янада кўпроқ тилларига ўгирилиб, турли мамлакатлардаги нашриётлар, журналлар ва адабий майдонларда муносиб ўрин эгаллайди. Энг муҳими, ижодкорларимизнинг ўзлари ҳам жаҳон адабиёти саҳналарига чиқиб, халқаро адабий жараёнларнинг бевосита иштирокчиларига айланади.
Бунинг учун, ҳеч бўлмаса, камина босиб ўтган йўлдан юришса, асло кам бўлишмайди, деб ўйлайман 😉. Бу йўлда тажриба ва алоқаларим билан баҳам кўришга ҳамиша тайёрман.
Ҳаммага омад! Янги ижодий изланишлар, халқаро эътироф ва адабий ҳамкорликлар янада кўпайсин!

