СЕНТЯБРЬ ХАЛҚАРО ШЕЪРИЯТ ГУЛДАСТАСИ

СЕНТЯБРЬ ХАЛҚАРО ШЕЪРИЯТ ГУЛДАСТАСИ

2026 йил сентябрь ойида Тошкент ҳамда хориждаги халқаро фестиваллар ва ижодий учрашувлар давомида ўнлаб шоир ва ёзувчилар билан танишдим, улар билан китоблар алмашдим, дилдан суҳбатлашдим. Аслида, насрий асарларни унчалик кўп ўқимайман. Аммо шеърий китобларга, айниқса, янги танишган ёки эски шоир дўстим совға қилган китобларга алоҳида меҳр билан қарайман. Бундай китобларни, албатта, бошидан охиригача ўқиб чиқаман. Одатимга кўра, уларнинг муаллифларини ўзбек китобхонига ҳам таништириш мақсадида, ақалли битта шеърларини ўзбек тилига таржима қиламан.

Бу галги шеърий таржималар туркумини ҳам “Сентябрь халқаро шеърият гулдастаси” деб номладим. Ҳар бир шоир ҳақида хотирамда муҳрланиб қолган энг ёрқин таассуротни ҳам биргина сатр билан ифодалашга ҳаракат қилдим. Зеро, баъзан бир учрашув, бир оғиз сўз ёки бир лаҳзалик самимий нигоҳ инсон хотирасида бутун бошли бир китобдан ҳам узоқроқ яшайди.

Сентябрь ойида кўришган, суҳбатлашган, бир-биримизга қалбимизни очган шоирлар жуда кўп эди. Бироқ бу гулдастага киритилган шеърларни, асосан, ўзимда мавжуд бўлган китоблардан танлаб олдим. Шу боис, ушбу туркумда номи ёки шеъри учрамаган дўстларимдан узр сўрайман. Бу уларга бўлган ҳурматим ёки меҳрим камлигидан эмас. Аксинча, келгусида уларнинг ижоди билан янада яқиндан танишиш, асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва жиддий, тўлақонли адабий лойиҳалар устида ҳамкорлик қилиш ниятидаман.

Аслида, бу шоир ва ёзувчиларнинг ҳар бири ҳаётимда ўз изини қолдирди. Улар билан кечган учрашувлар, суҳбатлар, китоб алмашишлар – умримнинг энг гўзал хотиралари қаторига қўшилди. Уларнинг айримлари билан яна юзма-юз кўришиш насиб этар, айримлари билан эса, эҳтимол, фақат китоблар ва шеърлар орқали мулоқотда бўлармиз. Аммо бунинг аҳамияти йўқ. Чунки баъзи инсонлар ҳаётимизга шунчаки меҳмон бўлиб кирмайди, улар қалбимиздан жой олиб, беқиёс хотираларимизнинг бир қисмига айланади.

Азиз шоир дўстларим, сизларга самимий учрашувлар, суҳбатлар, китоблар ва шеърлар билан мени баҳраманд этганингиз, энг муҳими, ҳаётимга шунча гўзал лаҳзалар ва илиқ хотиралар қўшганингиз учун чин қалбимдан раҳмат айтаман. Бу гулдаста – сизларга бўлган меҳрим, ҳурматим ва миннатдорлигимнинг кичик бир ифодаси.

*****

Уша Акелла анча улғайибди, у билан Ҳиндистон, Колумбияда кўришгандим, ниҳоят Техасдан Тошкентда келиб, меҳмоним бўлди; жуда хокисор, майин қалбли, дилбар шоира.

Менга тегишлимас бу юрак
Тушунтирсам бўларкин қандоқ?

Қалбимда бор бениҳоя ишқ
коинот ҳам у сабаб ёруғ
Тан-вужудни куйдирмас бироқ.

Ул ўзининг бағрига боқиб
Яратганни излаётган нур
дил чироғи таратган зиё
Руҳу жоним ичра мужассам
тананики эмасдир аммо.

Қароқларим сочган ёруғ мўл
Парвардигор бандаргоҳида
маёқ каби кўрсатувчи йўл

Мендан эмас дил насаб-насли
У Тангрининг меҳроби асли.

***

Юсуке Мийаке қадрдон япон дўстим ва уч мамлакатдаги беғубор ҳамроҳимга айланди; бир кун у бошқарадиган учоқда бутун дунёдаги шоир дўстларимиз билан мушоира қиламиз!

 

Ҳожатқоғоз

 

Тугаганда қоғоз, ростмана
картон найча қолади охир
Ўша найча ичида, ана
бўм-бўшлиқ бор, тўғрими, яна
сузиб юрар битта фазогир

 

***

Дорис Карева – Таллиндаги ёмғирли кунларни ҳамиша эсимга солиб турадиган гўзал шоира.

Ўтинмадим Сендан ҳеч нима,
Сўрамасман кейин ҳам балким,
Бу дунёда ягона орзу –
Пок, мусаффо бўлсайди қалбим.

Ўранаркан қобиққа олам,
Осмон акси кўчса дил сари,
О қонимда, руҳи жонимда
Уйғонсайди нур лаҳзалари.

Токи топа олай ўз йўлим,
Ато эт шавқ, улашай шафқат.
Адолатдан асло оғишмай
Яшаш учун эса – матонат.

***

Иван Пилкин ва ижодидаги самимият уни Молдовадан катта адабиёт саҳналарига олиб чиқади ҳали!

Ўзсурат

мана биллур қадаҳ
байрамларда холос
ичилур шароб
синдириб қўймангиз илтимос

ана чумоли
йўлингизда борар
бир тотли луқмани
кўтариб аранг
босволмангиз
кўзингизга қаранг

мана
шиллиққуртнинг кўзлари
ёруғлик излабон
лиқиллар бедор
ўтинаман
бермангиз озор

***

Георге Дони ўша куни ийманибгина китобини совға қилди; Кишинёвдаги Ёзувчилар уйидаги учрашувимиздан хотира.  

1
айрилиқ елида
қиз — саргардон барг
йигит — сархил мева

2
ўрик гуллаган чоғ —
гулбарглар остида
сўнар соялар

3
ёмғирга эҳтиром —
буғдой бошоқлари
қилади таъзим

4
тунги парвоналар —
дарчадаги шам-ла
уйқуни ҳайдар

5
кузак охири —
туманли далада
зоҳид сукути

***

Танер Мурат (Ҳамдий Бабай)нинг совғалар ва егулик олиб азонда узоқ овулдан бизни Констанцага кўргани келгани, эски шаҳар ва соҳил бўйлаб сайрга олиб чиққани ёруғ кунни ҳеч унутмасман.  

Қорасув зиёрати

Қорасувда кичик бандаргоҳ
Қайиғимни боғларкан қия
Тошкўчалар бўйлаб кезаман
Ажиб гўша қаршимда ногоҳ
Дов-дарахтлар гуллари чаман
Атрофида шоир ҳайкалин
Қадимгидай сипо ва вазмин
Бодомқовоқ замондошлар жам.

Улар қилмас дунёдан ташвиш
Уд садоси таралар майин
Мўъжизакор форс нафасидан
Туғилган ул сирли тарона
Ўзга садо сезилмас тайин
Дилбар қўшиқ қилинур хониш
Муҳаббат-ла қарши олишар
Ҳеч қилмайин мени бегона.

Насим мисли шабнамдай рўё
Олма гулин ифорида сир
Муаззиннинг азони аро
Руҳимда бир тилсимли шивир.

***

Даниэла Варвара – меҳрибон, гўзал румин шоираси; уни эсласам, ҳилпираб турган либоси, соябонли қиёфаси кўз олдимга келади доим.

Охирзамон

Вақт бизни тарихдан қувар беомон,
Олисларда қолган, кун сайин йироқ
Ҳаммани ҳайдаган Жаннат боғидан
Ўшал ҳур-малаклар кезишар ҳар ён,
Дунё бойлигига ғарқ бўлганлар, боқ,
Пора узатса-да фаришталарга
Қанот этилмайди ато аларга,
Тасалли беради кимдир ўзига
Тимсолларни ўпар, суртиб юзига,
Қутқарув онида қилмагил деб хор,
Нажот излаюрлар, лек йўқ Нажоткор,
Чириш, парча-парча бўлмоққа маҳкум
Инсондай туғилиш айб мисол, машъум,
Борлиқни қоплайди ғалати титроқ:
Гуллайди тупроқ.
Гуллайди тупроқ.

***

Юлия Пана дўст-у қадрдонларга ёрдам қўлини чўзар, йўл очаркан, ўзининг ҳам йўллари Констанцадаги мисол равон-равон, ҳаёти ёзган шеъри ва чизган суратларидай ёруғ бўлиб бораверсин.

қалбим — бандли оппоқ пиёла
кеча тунда чиздим расмини
бир чизиқ-ла солдим ҳилолдай
нафис даста қайрилмасини
сал теккиздим ишора бармоқ
ҳаяжондан титради шу чоқ…
ҳар кун тоза сувга тўлар у
кимдир унга босади лабин
сингдиради минг турфа орзу
муҳаббат ва сабр изларин
қалбим — оддий рўзғорий неъмат
қўлдан-қўлга ўтар омонат.

***

Петер Шрагернинг шеър ўқиётгандаги ҳаракатлари, айниқса, Қора денгизнинг Руминия тарафдаги қирғоқларида ғайритабиий товушлар чиқариши ўзига жуда-жуда ярашади.

қара
денгиз
қора
жилваланар куз офтобида
кўпик опичлаган мавжи-ла
соҳил ўпиб боғлар робита
гоҳ яшил гоҳ феруза
шаффоф
қучоғида митти балиқлар
сузиш машқин такрорларкан соф
кун туслари дилни қитиқлар

***

Богдан Гиу бухарестлик камсуқум, аммо салобати босадиган ижодкор, кулганда давра ёришиб кетгандай бўлади.

Ҳис қиласан аввал ненидир, кейин эса бошқа нарсани. Ёзаётган пайтингда эса Сезолмайсан ҳеч бир лаҳзани. Дун юзига тушган ул босим — қиёфамиз акс эттирган куч — қўл орқали кўчар саҳфага. Давом учун, юрмоққа олға Ўша улкан тўхтовсиз оқим Катталашсин десанг тобора Билмоқ учун керак ҳафсала.

Ҳар галгидай ушбу сўзларни
Оқ қоғозга туширяпман жим.
Хўш, ўзим-чи? Нима у босган?
Мени аста нуқиётган ким?

***
Кўрганингни гапир.
Кўзингдан оғзингга
тушган не маъни —
Нима еган бўлсанг,
дейсан ўшани.

***

Петар Чоуҳов софиялик ижодкор, шеърларини мусиқага солиб куйлаганда янада сирли кўринади.

СУКУНАТ

Кетишган бедарак
оналаримиз —
кўчага чиқишган
қанд-қурс олай деб
қайтишмаса керак

Қолишган йўқолиб
оталаримиз —
чиқиб падар зиёратига
ўша ерда кетишган қолиб

Ака-ука, опа-сингилдан
қолган эмас бирор ном-нишон
ота-онам топайин дея
шошиб уйдан чиқишган-у лек
адашишган йўлдан

Сабил кетган зурриёдимиз
ташқарига мўралаган пайт
орзулари қўлида ўлган
кимса эшитмайди додимиз

Шу сабабли бундай маҳалда
бизгагина айтилур алла
бехавотир ўтсин тунингиз
алла-ё алла
алла-ё алла

***

Сандор Ҳалмоши нозиктаьб, ўта ҳаракатчан дўстим, Будапештдаги уйи китобга, юраги меҳрга тўла; бағри тўлиб турсин ҳамиша, ниятларига етсин!

Телбаликдан нари

Айланмайин десанг телбага
Керак ҳар кун ақлдан озмоқ
Гўёки сен парвозга тайёр
Ул баҳайбат йўловчи учоқ.
Парвозолди, учиш йўлида
Қанотдаги қопқоқ кучини
Қимирлатиб юқори-пастга
Синар асбоб кўрсаткичини.

Сен ҳам руҳинг асрашни ўрган,
Ҳеч нарсадан ўзингни тортма,
Янгилаб тур ҳисларинг фақат,
Борлиғингдан сизиблар ўтсин
Вужудингга кирсин қабоҳат.

Қизғиш селлар тинч-осойишта
Овулларни ювгандай кўп бор
Ич-ичингдан ўтса дағаллик
Покланасан такрор ва такрор.

***

Роланд Оршик беғубор болага ўхшайди, кулгуси суҳбатдошига ҳам юқади, ҳар гапида ҳазил ва ҳақиқат аралаш шоир.  

Лойқадаги лампочка

Синиб тушган шохга ўтирдим
Ёқасида Тиса дарёсин
Қўнғир-яшил, лойқа сувларни
Оқизарди дарё парвосиз.

Қирғоқдаги майда шохларга
Бир лампочка қолмиш илиниб
Ёриғидан сизиб қумли сув
Шишаси-чи лойга беланиб.

Кимдир уни отган шу ёққа,
Демай бир пайт таратган зиё,
Энди эса Тиса қаърида
Изламоқда илдизин гўё.

Йўқ бўлишга, эришга ҳозир,
Лек эмасдир чиришга қодир…

***

Людмила Казарян Тарту адабиёт шаҳрининг ҳар бир қадимий биноси тарихини беш қўлдай билувчи, тиниб-тинчимас шоира; Эстония деганда кўзим олдида туради.

Дўстим айтар: ер йўқ энди, бил,
Эҳ, сайёра бўлди-да увол
Эзиб ташлаб, ҳайкал шамойил
Нусхасини яратди кулол.

Ўлик, қумдай сочилган ҳар ён
Суйганимиз барча қоялар,
Қаттиқ қўлда лоймиз, лол-гирён,
Биз – кинога кўчган соялар.

Жисмимизда маҳбус бўлган онг
Бу сирларга етолмас, не тонг.

***

Надежда Валк дилкаш суҳбатдош, ажойиб мезбон, меҳри дарё аёл, ҳаракатларига кўз тегмасин!

Яхши қол, эй шаҳри қадрдон,
Кел, бир ўпай сафар олдидан,
Билмам, сенга қайтаман қачон,
Поезд жўнар соат олтида.

Худо билар, йил ўтган сайин,
Кўп ўзгариб кетармисан ё,
Юз йўл босиб келурман тағин
Унутмасанг мени мабодо.

Ҳали кетмай, яна қачондир
Қайтишимни қиламан хаёл:
Қўшниларни излайман бир-бир,
Дўстлар таний олмас, эҳтимол.

Тарк этаман сени тонготар.
Болалигим шаҳри, яхши қол!

###

Тошкент, 2026 йил кузи

 

 

 

 

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *