“Ижодий туризм, адабий-маданий алмашув” дастурига марҳамат!

Принцип

Бир ишга киришсам, катта натижаларга эришмагунча тинмайман. Жиддий масалаларни жиддий ҳал қилиш йўлларини таклиф этаман, янгича ёндашув, осонроқ йўлларни излайман. Ҳадеб фалон нарса қиляпмиз, келинглар, қўшилинглар, давом эттиринглар, деб ҳеч кимнинг жиғига тегишни истамайман. Бир марта эълон бераман, ким қўшилса, фойда олади, уззукун тармоқда ўтириб, билмай қолдим, кўрмай қолдим дегувчи баҳоначи ўртоқлар дўстларим рўйхатининг охирида ўзини кўраверади, қора рўйхатим йўқ.

Сиз учун!

Ўзимга керакмас. Етарли жойларни кўрдим, талай ижодий сафарларда бўлдим. Сиз ҳам боришингизни, кўришингизни, илҳомланишингизни истайман, ёрдам беришни хоҳлайман. Бу дастур ҳам аслида сиз учун, қоракўз ўзбегимнинг шоири, ёзувчиси, рассоми – ижодкори! Ёнимда туринг, қўлингизни беринг, яхши маънода манфаат олинг!

Ошга эмас, адабий, маданий тадбирга чақиринг, нима қилишни билмаётган бўлсангиз, битта чет тилини ўрганинг, бепул яхши жойлар бор! Театрга кириш билети қиммат бўлса, бепул “Турон” спектаклларини келиб кўринг!

Коммерция?

Бир шоир акамиз иштирокчи “чет элликлардан пул олмаяпсанми?” деб сўради. Бу тижорат дастури эмас! Қайтанга, ўтган йил октябридан буён 7 мамлакатдан 20 нафар ижодкор, рассом, маданият ходими олиб келиб, дастур жадал юриб кетиши учун чин дилдан, самимий 20 миллион сўм нари-берисида пул сарфладим, дўстларимнинг ҳиссаси бу ҳисобга кирмайди. Ҳокимият вакили “сизга нега керак бу нарса?” дейди. Сиз қилолмаётганингиз учун, билолмаётганингиз учун, уялмаётганингиз учун қиляпман бу ишни, биродар!

Ўзимга раво кўрган энг яхши нарсаларни бошқаларгаям илиниш оддий инсоний вазифам, бутун ҳаётим аъмоли. Солиқ тўловчиларнинг пулини беҳуда совураётганлар, кўзу қалбини ёғ босганлар буни тушуниши қийин. Биз ўз ёнимиздан сарфлаб, яхши ниятли хорижлик ижод аҳлини адабий-маданий алмашув учун ватанимизга олиб келяпмиз, арзон бўлмаган билетини ўзига олдиряпмиз, мудраётган ижодкоримизга ёрдами тегсин дея мулоқот ўрнатиш учун куйиняпмиз, ҳеч йўқ юртимиздаги баъзи харажатни ўз зиммамизга олиш бизга оғир ботмаяпти, нега сиз малол оляпсиз?!

Жамоа қувончи

Шукурки, атрофимда дастур доирасида 10-15 нафар ижодкорни бемалол қабул қила оладиган жамоа шаклланди. Лекин Тошкентда кўпроқ ижодкор бизга қўшилишини истаймиз. Икки ё уч нафар чет эллик шоир, ёзувчи, муҳаррир, таржимон ё рассомни ўз уйида қабул қиладиган ижодкорлар борми? Қанисиз? Озиқ-овқат, бир қур муҳим харажатларни қоплаш ҳаракатидамиз, сизга оғир туширмасликка тиришяпмиз, аммо энг аввало, шеърий тўпламингиз, ҳикояларингиз таржимасини қилдириш, чет тилларини ўргатиш, дўстлик ришталарини боғлаш, чет элга ўзингизни олиб чиқиб таништириш, кўргазмангизни ўтказиш каби муҳим ишлар фикру зикримизда!

Кузатув

Зимдан кузатасиз. Нима каромат кўрсатаркинмиз? Адабиёт, санъат, маданият мустақил бўлиши учун эшикларни очяпмиз, имкониятлардан қўлдан келганча фойдаланяпмиз, сиз эса кузатяпсиз. Бу йилги энг катта ишимиз “Фарҳод ва Ширин”ни инглизчада чиқардик, аммо у ҳатто Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонада ҳам ҳалигача йўқ. Нега, деб сўрамайсиз. Муборак бўлсин, деёлмайсиз, фақат эзилиб, ўзингизни қийнаманг. Ҳазратимиз руҳига бир калима Қуръон ўқиб бағишланг. Кузатувчан юртдошим, адабиёт, санъат ва маданиятнинг мустақиллиги учун овоз беринг, хайрихоҳ бўлинг, барака топасиз, мени айтди денг!

Аъзам Обид, 2019 йил апрель