1000KITOBда янги жамоа!

Лойиҳанинг иш услуби ўзгараётгани менга маъқул бўлди: кўпроқ очиқлик ва шаффофлик, жамоатчилик билан мулоқот қилишга, муҳокама ва ҳатто танқидга тайёрлик, қолаверса, китобхонларнинг ўзига ҳам ўзбек тилига таржима қилиниши керак бўлган мавзулар ва китобларни таклиф қилиш имконияти берилаётгани қувонарли ҳол.

Жамшид Жавлон ва 1000KITOBнинг янги жамоасини илк ютуқлари билан чин дилдан табриклайман!

Келгусидаги режалар орасида болалар учун китоблар ҳамда ҳайвонлар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилишга бағишланган китоблар борлигини кўриб, хурсанд бўлдим. Шу билан бирга, янада адолатли, очиқ ва яхшироқ жамият барпо этишга хизмат қиладиган инсон ҳуқуқлари, чинакам сўз эркинлиги, тинч йиғинлар ва намойишлар ўтказиш эркинлиги, суд мустақиллиги, коррупция ва қариндош-уруғчилик, ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳақиқий сиёсий плюрализм ва эркин фаолият юритадиган сиёсий мухолифат каби мавзулардаги китоблар ҳам жуда зарур.

Шунингдек, хорижлик эксперт, журналист ва тадқиқотчилар Ўзбекистон ҳақида қандай фикрда эканини ҳам билишимиз керак. Баъзан ташқи нигоҳ биз кўрмаган ёки кўришни истамаган жиҳатларни кўрсатиши мумкин.

Масалан, Жоанна Лиллиснинг Silk Mirage («Ипак сароб») ёки поляк журналисти Агнешка Пикулицка-Вильчевсканинг Nowy Uzbekistan («Янги Ўзбекистон») каби китоблари ҳам ўзбек китобхонларида қизиқиш уйғотиши ва мамлакатимиз тарихи, сиёсати ҳамда жамиятдаги мураккаб жараёнларга ташқи нуқтаи назардан қараш имконини бериши мумкин. Албатта, бу китоблардаги ҳар бир фикрга қўшилиш шарт эмас. Лекин уларни ўқиш, баҳслашиш ва ўз нуқтаи назаримизни шакллантириш муҳим.

Яна бир масала: лойиҳадаги айрим китоблар махсус мавзуларга бағишланган ёки нисбатан тор китобхонлар доирасига мўлжалланган. Китобларнинг тиражи ҳам катта эмас ва улар мамлакатдаги кутубхоналарнинг фақат маълум қисмига етиб боради, холос.
Тайёр таржима қилинган китобларни кейинчалик маҳаллий нашриётларга бепул таклиф қилиш ғояси ҳар доим ҳам кутилган даражада иш бермаслиги мумкин. Чунки нашриёт учун китобнинг сотилиши, унга бўлган талаб ва иқтисодий самарадорлик ҳам муҳим.

Ўзи китобларнинг ҳақиқий ҳаёти улар босмахонадан чиққан куни эмас, балки китобхонлар қўлига етиб, улар атрофида суҳбат ва баҳс бошланганида бошланади. Шунинг учун 1000KITOB доирасида мамлакат бўйлаб мунтазам китоб тақдимотлари, очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ва китоб муҳокамаларини йўлга қўйиш, эҳтимол, яхши натижа беради. Тошкентдагина эмас, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда ҳам.

Асосийси, фақат «Нечта китоб таржима қилинди?» деган савол билан чекланмаслигимиз керак. «Бу китобларни ким ўқияпти?», «Улар қандай фикр ва баҳсларни уйғотяпти?», «Китобхон улардан ўзи учун нимани кашф қилди?» деган саволлар бўлсин. Китоблар бизни ўйлашга, «Нима учун?» деган саволни беришга, маданиятли баҳслашишга, кучлироқ инсон ва яхшироқ жамият бўлишга ундайди ахир.

Янги жамоа учун олдиндаги йўл узоқ, аммо дастлабки қадамлар умидбахш. Изланишдан, муҳокама қилишдан ва янги ғояларни синаб кўришдан тўхтаманг, дейман.

Энг муҳими – дадил бўлинг!

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *