Қувончли хабар!
«Митти кўприк» каналида улашиб келаётган халқаро танловлар ва нашр имкониятларидан фойдаланиб, ижодкорларимиздан бири — Мастура Абдураҳимнинг асари халқаро “The Haikuist” антологиясига қабул қилинди.
Унинг ижоди 139 нафар муаллиф иштирок этаётган антологиядан ўрин олди. Бу қувонарли ютуқ билан Мастурани чин дилдан табриклайман!
Бу ўзбек ижодкорлари учун дунё эшиклари очиқ эканининг, уларнинг овози халқаро адабий майдонда ҳам янграши мумкинлигининг яна бир исботидир.
Бугунги кунда энг катта тўсиқ истеъдод эмас, балки имконият ҳақидаги ахборотнинг етишмаслигидир. Яна бир муаммо – имконият борлигини бошқалар билан бўлишмаслик.
Менинг мақсадим оддий: ўзбек ва дунё ижодкорлари ўртасида мустаҳкам кўприк қуриш.
Олдимизда ҳали яна кўплаб халқаро нашрлар, танловлар, резиденциялар, фестиваллар ва қувончли хабарлар бор!

