ДИҚҚАТ: МУҲИМ ЛОЙИҲА!

Алишер Навоийнинг буюк «Хамса»сини инглиз тилига таржима қилиш ва унинг махсус корпусини яратиш бўйича катта лойиҳанинг ишчи гуруҳи илк бор йиғилди.

Лойиҳанинг биринчи вазифаси — беш достоннинг энг мукаммал насрий талқини асосида янги инглизча таржималар яратиш. «Хамса»нинг соддалаштирилган, қисқартирилган, айрим ҳолларда кенг китобхон ёки мактаб ўқувчилари учун мослаштирилган насрий вариантлари мавжуд. Аммо бундай катта лойиҳа учун иложи борича «Хамса»нинг бирор боби, жумладан, муқаддималардаги ҳамду санолари ҳам тушириб қолдирилмаган, ҳозирги замон ўзбекчасидаги тўлиқ ва мукаммал вариант танланиши лозим.

Бу масалада манфаатлар тўқнашуви ё мавқе-амалидан фойдаланиб, ўз талқинини мажбуран илгари суришга йўл қўймаслик шарт. Манба танлови — лойиҳанинг энг муҳим илмий ва ахлоқий масалаларидан бири.

Аввал «Фарҳод ва Ширин» ҳамда «Лайли ва Мажнун»ни инглиз тилига таржима қилган бўлсам-да, бу янги лойиҳа доирасида ушбу асарларнинг ҳам бошқа янги таржималари юзага келишидан хурсандман.

Лойиҳа учун катта маблағ ажратилган экан, қайси ишларга қанча маблағ сарфланаётгани, кимлар қандай мезонлар асосида жалб қилинаётгани, қандай манбалар танланаётгани ва натижалар қандай баҳоланиши имкон қадар очиқ бўлиши керак.

Бу — Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ташаббуси. Унинг устида таржимонлар, олимлар, муҳаррирлар ва техник мутахассислар ишлайди. Улар орасига мен каби мустақил таржимон-ижодкорни ҳам қўшишгани учун миннатдорман. Таржима тайёр бўлгач, “Хамса”ни албатта чет эл нашриётларида чиқаришни кўзлашимиз лозим.

Лекин яна бир нозик масала бор. Иш битгач, ҳар хил жамғарма, уюшма ва ташкилотлар келиб, тайёр ошга муҳр босиб, «бу ҳам бизники», деб қолишларидан эҳтиёт бўлиш керак. 😊

Бошидаёқ ушбу лойиҳа Навоийни халқаро адабий маконда ҳақиқатан ҳам яшайдиган, ўқиладиган ва муҳокама қилинадиган ҳодисага айлантиришини кўзласак яхши.

Шунинг учун бугун Жаҳон тиллари университети ҳузурида хорижлик муҳаррирлар, таржимонлар, шоир ва ёзувчилар учун махсус халқаро ижодий резиденция дастурини ташкил қилиш таклифини илгари сурдим. Улар Ўзбекистонга келиб, маълум муддат яшаб, ўзбек адабиёти ва таржималар устида ишлайди, ижодкорлар билан мулоқот қилади ва таҳрир жараёнларига ҳисса қўшади. Дунёдаги энг яхши ижодий резиденцияларнинг кўпчилиги университетлар билан боғлиқ эканини унутмайлик.

Яна бир фикрим: «Хамса» таржимаси каби йирик лойиҳа бошқа катта ташаббусларга ҳам туртки берсин. Масалан, Навоий шаҳрида Алишер Навоий номидаги ҳар йиллик халқаро шеърият фестивалини ташкил қилиш. Бу йўлда Навоий кон-металлургия комбинати каби катта миллий компаниялар маданий ҳомийлик орқали муҳим роль ўйнаса қандоқ гўзал иш бўларди. Кейин эса Навоий шаҳрини ЮНЕСКО Адабиёт шаҳарлари тармоғига киритиш учун жиддий ҳаракат бошласа бўлади.

Агар мени сал эшитиб туришса 😊, бу лойиҳа ортидан замонавий, тирик ва халқаро адабий муҳит яратиш учун қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман. Олдинда яна узун ижодий сафарларим кутмоқда: қайси мамлакатга борсам, Навоий ва унинг янги таржималари ҳақида гапириб, тақдимотлар қилиб, уни халқаро адабий давраларга олиб чиқаман, Худо хоҳласа.

Умидим шулки, бу лойиҳа таржима ёки электрон корпус билан тўхтамайди. Навоий университет ва илмий масканлардан чиқиб, қайноқ халқаро ижодий давралар, фестиваллар, китоб ярмаркалари шахсий кутубхоналарга ва оддий ўқувчилар қўлига етиши шарт.

Ким билади, балки бир кун келиб бу лойиҳа Гёте, Гюго, Сервантес ёки Конфуций институтлари каби дунё бўйлаб фаолият юритадиган Навоий институти ғоясига ҳам туртки бўлар?

Лойиҳада қатнашаётган барча ҳамкасбларимга омад тилайман!

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *