Адриатика соҳилларидан саломлар!
40 миллионга яқин аҳоли. Улкан тарих, бой маданият, адабий мерос ва минглаб шоир-ёзувчилар…
Аммо катта-кичик мамлакатларда хорижлик ижодкорлар менга қайта-қайта бир хил саволларни беришяпти: Ўзбекистонда ҳам халқаро адабий фестиваллар борми? Ўзбек ижодкорлари халқаро китоб ярмаркаларида қатнашадими? Хорижий нашриётлар, таржимонлар ва адабий агентлар билан тизимли ҳамкорлик қандай? Нега халқаро фестиваллар, резиденциялар ва анжуманларда сиздан бошқа ўзбек ижодкорларини деярли учратмаймиз?
Бу саволлар баъзан мени ҳам ноқулай аҳволга солади. Масалан, халқаро фестиваль ёки адабий дастур учун бир нечта замонавий ўзбек ижодкорини тавсия қилиш сўралса, 3–4 номни ишонч билан айта оламанми? Йўқ! Ахир гап истеъдод йўқлигида эмас-ку!
Менимча, муаммо тизимли: ёпиқ адабий муҳит, ташаббуссизлик, хорижий тиллар ва халқаро алоқаларга етарлича эътибор берилмаслиги, ўз «комфорт зона»миздан чиқишни истамаслигимиз. Кўпчилик ўз давраси, мақоми ва унвонлари билан чекланиб қолган. Адабиёт эса расмий тақдимотлар, юбилейлар ва мукофотлардан анча кенг тушунча.
Яна бир жиддий муаммо — адабиётнинг бугунги аҳволи, таржима, ноширлик ва халқаро ҳамкорликни эркин муҳокама қиладиган мустақил адабий майдонларнинг камлиги. Адабий нашрлар, уюшмалар ва кўплаб маданий ташкилотлар давлат тизими доирасида фаолият юритади. Бизга эса мустақил фикр, соғлом танқид, очиқ баҳс ва муқобил ташаббуслар учун ҳақиқий майдонлар керак.
Мен она юртимдаги расмий ижодий уюшмаларнинг бирортасига аъзо эмасман. Аммо йиллар давомида турли мамлакатлардаги юзлаб ижодкорлар билан танишдим, ҳамкорлик қилдим, халқаро лойиҳалар, таржималар, резиденциялар, фестиваллар ва нашрлар орқали ўзбек адабиёти учун имкониятлар изладим, излаяпман. Топган имкониятларимни бошқа ижодкорлар билан ҳам мунтазам улашиб келмоқдаман.
Шунда бир савол туғилади: қандай қилиб расмий мақом ва унвонларга эга бўлмаган мустақил ижодкор халқаро адабий муҳитда фаол ишлай олади-ю, адабиётимиз номидан иш кўраётган тузилмалар бу борада етарлича ташаббус кўрсатмайди? Халқаро алоқалар фақат делегациялар, расмий ташрифлар ва ҳисоботлар билан ўлчанмаслиги керак-ку!
Ҳамма дунёга танилишни хоҳлайди. Аммо халқаро фестивалларга таклиф кутиш ўрнига ўзимиз ҳам ташаббус кўрсатамизми? Қўлёзмаларни хорижий нашриётларга таклиф қиламизми? Грантлар, резиденциялар, таржима дастурлари ва китоб ярмаркалари учун изланамизми? Хорижий ҳамкорларга ўзимиз ёзамизми? Ёки кимдир келиб бизни кашф этишини, эътироф этишини ва таклиф қилишини кутиб ўтираверамизми? Энг муҳими, ўзимиз жисмонан дунёга чиқишга тайёрмизми?
Ўзбек адабиётининг халқаро майдондаги бугунги кўриниши унинг ҳақиқий салоҳиятига мутлақо мос эмасдай туюлади. Буни тан олиш ва ўзгаришни бошлаш вақти келди. Жуда кеч қоляпмиз! Бизга яна бир расмий тадбир ёки баландпарвоз шиор эмас, очиқ муҳит, мустақил ташаббус, профессионал таржима, ишлайдиган халқаро алоқалар ва энг муҳими — аниқ натижалар керак.
Дунёга танилишни истасак, аввало дунё билан ишлашни ўрганишимиз лозим!
Бу ҳақда бошқа ёзмайман дейман-у, ҳар сафар чет элда хорижлик ижодкорлар билан суҳбатлашганимда, шу саволлар ва муаммолар яна ёдимга тушаверади.
Ўзим ҳам сафарлар давомида кўп нарсани ўрганяпман: кутубхоналар, адабий ташкилотлар, резиденциялар, фестиваллар, таржима лойиҳалари ва ижодкорлар билан ишлашнинг турли тажрибаларини.
Энди бу билим ва тажрибаларни Ўзбекистонда ҳам улашишни истайман. Декабрь ойидан бошлаб, насиб қилса, ёш ижодкорлар, ёзувчилар, таржимонлар, талабалар ва маданий ташкилотлар учун тренинглар, семинарлар, менторлик дастурлари ва ижодий клублар ташкил этишга тайёрман. Мақсад — шунчаки тажриба билан бўлишиш эмас, янги имкониятлар, ҳамкорликлар ва халқаро алоқалар учун амалий йўллар очиш. Хўш, ўрганишни, “халқаро муаллиф”га айланишни истовчилар борми?
40 миллионга яқин аҳоли. Улкан тарих, бой маданият, адабий мерос… Дунё ҳали танимаган, имкониятлари очилмаган қанча истеъдодли шоир-ёзувчиларимиз… Мен уларнинг истеъдоди йўқлигига эмас, истеъдодини дунёга олиб чиқадиган йўллар, имкониятлар ва кўприклар етишмаётганига ачинаман.
Аммо, бу борада ҳали умидим сўнмаган… Ҳозирча Ўзбекистонда халқаро адабий майдонга чиқиш, хорижий ижодкорлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тажрибасини бевосита улашишга тайёр ақалли битта мустақил кўпригингиз бор!
Тажрибамдан фойдаланинг, биргаликда замонавий жаҳон адабиёти саҳналарига чиқайлик!


