Пардангни оч, халқ бир тупурсин!

Иблисга қўл берган валломат,
Юзинг бўлса, кўрсат, жин урсин!
Саодат йўқ, учди ҳаловат,
Пардангни оч, халқ бир тупурсин!
Ўринбосар, босдинг қай гўрни,
Нечун нуқул бир ўзинг тутқун?
Арзир этмоқ бошлиқ, элхўрни
Борса келмас ерларга сургун!
Тилинг қайга кирган, зиёли?
Мунча сустсан, эй аҳли ижод?
Жон ширин: на у, на бу ёғли,
Эркдами ё кўкдами нажот?
Ҳаёт яшил, ҳулво бу дунё,
Бош кесилса, тирик илдизлар.
Қўрқоқ қабри устинда асло
Кўкармайди райҳон, ялпизлар.