ТУПУРМАЙДИГАН НЕМИСЛАР
(ҳажвиянамо)
Немис ҳам тупурадими? Ким билади, дейсиз, балки тупурар. Ахир одам-ку. Аммо яқинда Олмонияга бориб келган ошналаримнинг айтишларича, негадир бизда тез-тез учраб турадиган бу оддий ҳолат немисларда йўқмиш… Улар бир-бирининг юзига тупураётган немис тугул, ҳатто жамоат жойларида, кўча-кўйда беихтиёр ёки шунчаки бекорчиликдан тупуриб турган битта ҳам немисни учратишмабди!
Кўчалардан номига бўлса ҳам бирор чиқиндини, баклашка ёки писта пўчоғини, ҳеч бўлмаганда бирор тупурим тупукни топа олмай, аламларидан шартта турган жойларига тупуришган экан, осмондан тушган девдай рўпараларида полициячи пайдо бўлибди ва уларни каттагина жаримага тортибди. Ошналаримиз ўзбекликларига бориб, ялинишга тушишибди:
-Э жон ака, битта тупуришга шунча жаримами?! Ҳа, бунча пулга биз ресторанда тўрт марта қорин тўйдирамиз-у! Келинг ака, келишиб қўяқолайлик. Ахир ҳаммамиздаям бола-чақа бор…
Аммо немис немислигига бориб, барибир қонуний жаримани ундириб олибди. Бу ҳам етмагандек, салобатли-салобатли ошналаримиз асфальтдаги тупукларини рўмолчалари билан артиб олишга ҳам мажбур бўлишибди.
-Э бу Олмониясига боргулик қилмасин экан! – дейди ошналаримдан бири жиғибийрон бўлиб. – Қани эркинлик!? Буларда одамлар тартиб-интизом юки остида эзилиб яшар экан. Кўчада бемалол сўкинолмасанг, хоҳлаган жойингга тупуролмасанг, писта чақиб кетолмасанг, бўшаган тамаки қутисини, бўш баклашкани хоҳлаган ерга улоқтиролмасанг… Энг ёмони, носнинг хумори бўлди! Булар нос нималигиниям билишмас экан. Нос нималигини билмаган одам, уни мазза қилиб тупуриш лаззати нималигини билармиди!.. Жуда ғалати одамлар экан бу немислар. Чиройли чиқинди қутилари ясаб, ҳар ўн қадамга қўйиб кетишганини кўрсанг… Уларга кетадиган маблағни ҳисоблаб кўриб, бу халқ тежамкорликни умуман билмас экан, деб қўйдим. Бунинг устига, йўлларида эртадан кечгача пиёда юрсанг ҳам туфлинг чанг бўлмайди. Ҳаммаёқ тоза бўлсаям ўта зерикарли бўларкан. Машиналар юрадиган йўлларнинг ойнадай текислиги, рости гап, менинг ғашимга тегди. Машина кўп, аммо сигнал бериб, бир-бирини сўкиб, бир-бирининг асабини бузиб юрадиган ҳайдовчилар бўлмасаям ғалати бўларкан-да! Ўзимизда мазза! Бизнинг йўлларда немисларнинг энг зўр ҳайдовчиси ҳам ўн километр юрар-юрмас қон босими кўтарилиб, «капут» бўлади…
– Агар аҳвол шунақа бўлса, ростданам борадиган жоймас экан, – дейман ошнамга. – Ўзи бу немислар мақтанмасаям бўларкан. Тупурадиган жойи бўлмагандан кейин, нима қилади мақтаниб!..
Абдужаббор ИСОМИДДИН