Намангандаман. Одамлар билан гурунглашиб қолинса, кўпинча гап айланиб дорилар, табиблар, касалхоналар шароитига тақалади… “Яхшиям гўдаклар бор, катталарнинг қилаётган ишига ер ёрилиб қиёмат қўпган бўларди”, дейди таниш мактаб ўқитувчиси. Ҳой катталар, нималар қиляпмиз биз ўзи? Гўдакдай бўлолмаймизми?
Бугун болалик маҳалламни кездим, боғча ёнидан ўтдим. Ҳовлисидаги майдончада қум сочиб-сочиб ўйнагим келди.
Ўқувчилик йилларимда олган гонорарларим (қалам ҳақи) ҳечам эсимдан чиқмайди. 7- мактабимиз кутубхоначиси басавлат рус аёл эди. Атайлаб иккинчи қаватдан тушиб, дарс бўлаётган хона эшигини тақиллатиб, ичкарига мўралар, “Абидов, тебе гонорар пришел!” деб яна тепага чиқиб кетарди.
Мен эса танаффусда квитанция олиш учун кутубхонага чиқардим, дарсдан кейин “метеркам”ни кўтариб, вокзал ёнидаги почтага борардим.
Ҳар гал эшик очилиб кутубхоначининг боши кўринса, синфдошларим бараварига “гонорар келди!” деб завқланишарди. Гонорар қўлга теккан кун эса синфдошларимга музқаймоқ олиб берардим. Ажойиб дамлар эди! 🙂
Кеча Наманганда вокзал ёнидаги ўша гонорарларни олганим почта ёнидан ўтдим ва расмга олволдим.
Мактабимизнинг қаршисида икки қаватли жуда файзли, гавжум “Болалар дунёси” дўкони бўларди. Қалам-ручкадан тортиб кийим-кечак, коптогу ўйинчоқларгача шу ердан топардик.
Ҳозир у “Капиталбанк” ихтиёрига ўтибди. Шўх-шодон, беташвиш болалик капиталга, ҳаётимиз капитализмга айланиб бормоқда тобора. Қалб маҳзун, лекин ҳозир кулиб-кулиб яшайдиган замон. Ҳеч йўқ жилмайишни унутиб қўймасак яхши.
Наманганда йўналишдаги таксига чиқдим. Бозор олдида бир йигит, йўлда бирин-кетин яна икки аёл ўтирди. Аёллардан бири ўтиришдан аввал одатий нархдан камроқ берсам Чорсугача олиб кетасизми, деб сўради. Мен таксист жавоб бермасидан аввал “бемалол чиқаверинг” дедим. Кўнглимдан ҳамроҳларим учун йўлкирани тўлавораман деган гап ўтди.
Ану йигит йўлда биринчи бўлиб тушиб қолди. Ҳайдовчи ойнани очди, йигит қанча бўлишини сўради ва яхлит пул узатиб, “қайтим керакмас, опалар учун ҳам олақолинг” деди.
Аёллар орқасидан дуо қилиб қолишди. Мен таксистни яхши билардим: кекса онажониси касал ётган эди. Ўзимча ҳамма учун йўлкира тўлаб, шу укамизнинг оналари тезроқ тузалиши учун дуо қилиб қўйинглар, демоқчийдим.
Савобни олдинроқ олиб кетган йигит, барака топ! Наманганда савобталаблар жуда сероб-да! Таксистнинг онажониси ҳам чопқиллаб кетсинлар!