2026 йил июнь-июль ойларида чет эллардаги жуда кўп шоирлар билан танишдим, эски дўстларимни учратдим, ҳар бирлари ўзига хос, самимий, гўзал қалбли инсонлар. Эсласангиз, Навоий ҳазрат ва бошқа мумтозларимиз ўз замонларидаги шоирлар ҳақида ихчам баён қилиб ўтишганидай, бу уерда мен ҳам уларнинг мухтасар ё тўлиқ таржимаи ҳолини келтириб ўтирмайман, қисқагина гап билан ҳурматим ва меҳримни ифодалаб кетаман холос. Шоирлардан биттадан, жуда қисқа бўлса, икки ё учтадан шеър ўгирдим, айбга буюрмайсиз.
***
Тунислик Қумри Рим июнь бошларида Фейсбук мессенжеридан хабар ёзиб, шеърларини юборган, ўзбекча бирор журналда босилишини истаганди. Биласизки, камина Ўзбекистондаги адабий газета ва журналлар билан дўст эмас, умуман бунда ҳақиқий ё илғор адабиёт ҳақида ёзадиган бирор нашр борлигини ҳам билмайди. Шу боис, Қумри Римга шеърларини аэропортларда учоғимни кутиш пайтида ўқиб, таржима қилишимни, кейин сайтимда чоп этишимни айтгандим, рози бўлди. Ўзи билан ҳам кўришиш насиб этсин.
Қумри Рим (Тунис)
Чархи даврон
Интиҳосиз эврилиш ичра
Шамол ила айлайман хиром
Пароканда, бебош борлиққа
бахш этаман тартиб-интизом.
Ямлаш
Шамол мени туширар паққос
Улоқтирар сўнгра дафъатан
Йўқсизликнинг қаърига – танҳо
Ёлғиз
Якка,
йўл тарафга қўл чўзгунг нолон,
мени куйлаб майда тошларга,
майсаларга пичирлаб исмим.
Юрагингда ўсади ўрмон,
бор булутлар ухлар қўлингда.
Бармоқларинг йўнар кўк бағрин,
шеър мисоли исмим ёйилар
кишанлардан озод тилингда.
Тақдиринг —
куйламоқ қалбим оғриғин,
яланғоч кўкрак ва қуролсиз юрак
иккисин қучоқлаб
Жанг қилмоқ шахдам
Ишқнинг ҳузурига чиқмоқ беқалқон.
Бениҳоя ҳорғин соянгнинг баҳри,
Севги долғалари улоқтирмишлар
Уни одамтопмас соҳиллар сари.
***
Мавар хонимни аввал Мисрда учратгандим. Ниаҳ миллий паркидаги адабиёт анжуманида “биздай мустақил овозларни бу мамлакатда эшитгувчи қулоқ борми?”дея савол ташлаб, кўз ўнгимда янада баландроқ кўтарилди.
Мавар Марзуки (Малайзия)
Беҳижоб сўзлар
Ёзганларим калом,
Бари сенга, тамом
Сўзларнинг шул чархпалагида
Сени излаб бу жоним ҳалак
Аммо йўқдир сендан ҳеч дарак
Орзунг эди бўлмоқ мусаввир
суратимни,
ўй-ҳисларимни,
чизай дердинг бадтушларимни
Айланади тинмай
Чархпалак
Яқинлашар осмон-у фалак
Аллақачон бўларди тушсам
Лек яланғоч сўзлар беҳисоб
Битақол деб қилмишлар хитоб
Қайда бўлма, ушбу каломни,
Узоқдами ва ё яқинда,
Ҳамон сурмоқдаман қаламни –
Сенинг учун ва сен ҳақингда!
***

Жогжа-Йогякартадаги дўстим, хушчақчақ Ниа Амира Ява оролларидаги энг гўзал хотирам бўлиб қолади. Унинг “қирғинлар, афсуски, давом этса-да, қаҳва ичгиси келаверади одамнинг” сўзлари қулоғимдан кетмайди ҳеч.
Ниа Амира (Индонезия)
Фурсат етса
Фурсат етиб келса, буюрса,
Севги бўлмай шунчаки севги,
Уни макон, замон айирса,
Ким ҳам қилар тақдирни кулги.
Дард уйғонса бўлиб эзгулик,
Шовқин-сурон сукутга дўнса,
Турса ҳамки минг-минг тўсиқ тик,
Миллион умид қалбларга қўнса.
Ногоҳ келса соҳиби қисмат,
Нозил бўлса қаҳри, алҳазар,
Ризқин сочиб, ёғдирса неъмат,
Бурилурми Ундан ҳеч назар?
***
Малайзиянинг ён қўшниси Брунейдан келган профессор Зефри Орифий кулиб юргани билан ичида улкан олов ёниб турган катта шоир эканини кўрдим. Ниаҳ ғорида тезда бир расм чизди, унда бир нуқта бор: шеър ўқиётган мен.
Зефри Орифи (Бруней)
Хотирланг мени
Хотирлаш айёми бу:
Қора булут кўкни булғаган маҳал
Буткул шамол йўли этилмиш қамал
Сирена, қуроллар, портлаш ва ажал
Чивин овозидай туман ичра ёт
Ҳеч кимса зафар деб чекмади фарёд
Хотирлаш айёми бу:
кўчада оёқсиз юрган одамлар
қўлсиз таомланиб турган одамлар
овозсиз интервью берган одамлар
руҳсиз бир тасалли кўрган одамлар
умид деб ваъдалар терган одамлар;
энди хотирлашга яна не қолди?
Инсонийлик куни
Кулфатга дўнди,
Қадр-қиммат айб-у
Зулматга дўнди,
Ҳақ-ҳуқуқлар куни
Ҳасратга дўнди.
Бугунни хотирланг:
Кун сайин инқироз,
Кун сайин ваҳма
Зулм ҳар тарафга солади рахна –
Одамийлик ириш!
Ижтимоий чириш!
Миллатсизлантириш!
Бугун:
Даҳшат куни
Мотам тутган элни эслаш-чун
Ваҳшат куни!
***
Жейми хитой тилини сув қилиб ичиб юборган. Бир инглизча шеъримни ўқиб, “тил соҳиби эшитганда бу чиндан ҳам шеърга ўхшаяптими?” деб сўрайман. У жавоб қилади: “Ҳа, бошида шеър деб айтиб кетилса, шеърдай эшитилади”.
Жейми Проктор-Шу
Ёмғир
ёмғир қуяр, ёғади ғилч-ғилч
туни билан
ва саҳар бўйи
оёқларим устинда
вилч-вилч
ўт-майсалар
кетади ийиб
ёғар ёмғир
марҳаматини
тинмай қуйдиради Худойим
дунё тағин
ҳис қилар ўзин
ювошгина,
майин,
мулойим.
***
Жума масжидга яқин ҳақвахонада ямайка-ақшлик шоир Азим менга Сингапур асосчиси, илк Бош вазири Ли Куан Юнинг “Шеърият ҳозирча биз учун қўл етмас ҳашаматдир” деган гапини эслатди.
Азим Исмоил (Сингапур/АҚШ)
Ҳайку
Наво бошланур
Чизгум энг кескир қилич
Рақсга кел, эй дўст
RSVP
Иезуитлар келяпти. Британияликлар келяпти.
Коммунистлар келяпти. Руслар келяпти.
Муҳожирлар келяпти. Қотил асаларилар келяпти.
Мусулмонлар келяпти. SARS келяпти.
Эбола келяпти. Ўзга сайёраликлар келяпти.
Астероидлар келяпти. Нибиру келяпти.
Қўрқув аллақачон шу ерда.
Ҳақиқат меҳмонлар рўйхатида йўқ.
Қани, йўлни бўшатинг.”
(Изоҳлар:
RSVP — таклифномаларда иштирокни тасдиқлашни билдирувчи халқаро қисқартма.
Иезуитлар — Рим-католик черковининг диний ордени.
Қотил асаларилар — тажовузкор асалариларнинг халқона номи.
SARS — коронавирус келтириб чиқарган оғир ўткир респиратор синдром.
Эбола — хавфли вирусли юқумли касаллик.
Нибиру — Ерга таҳдид солади, деган даъволар билан боғлиқ афсонавий сайёра.)
***
Нил билан Сингапурдаги “Клар Куай” станциясига яқин жойда кўришдик. Сентябрда Ўзбекистонга келади.
Нил Дасвани (Сингапур)
Мен ҳеч қачон кўрмаган сурат
Бу — сен чизган суратга қўшиқ
турфа ранглар мавжланар унда
мен-чи каломларда чизаман
сен:
бу — қуёш ботиши, дейсан
мен эса кўп йиллардан буён
ёруғ кунни кўрганим ҳам йўқ
ҳошиянгга сиғарми қўшиқ
кетмаганми жуда чўзилиб?
бир оз кесиб ташлашим мумкин
лек кўринмай қолар кунботар
сакрайдими саркаш соялар
офтоб сари етгунича то
сув қуёшга турса яқинроқ
илиқ тортармикин, ажабо?
қорамиди орқадаги фон?
келган тараф қайтиб кетгулик
чорлоқ борми унда ишқилиб?
чизганмидинг қуёш туришин?
кун сал туриб кетади ботиб
қоронғулик тушмайди энди
ва қуёшни юбормас ютиб
***
Муҳсине хонимнинг китоблари тўла оғир сумкасини кўтариб оламан. “Жентлмен” дея мақтайди каминани атрофдаги аёлларга. Кўп таржима қилади. Роҳила Сиддиқ, Улуғбек Жумадан таржима қилиб, нашр эттирди. Тиниб-тинчимас аёл, умри зиёда бўлсин!
Муҳсине Арда (Туркия)
Бошпана изловчи
Камина –
Бошпана изловчи
Отажоним
нечундир диққат
жомадон тахлади
ҳар биримизга
сўнг бизни солишди
эски қайиққа
Билмасдим,
Қаёнга кетдик ўшал кеч?
Қўним топмоқ қайда?
Хабарим йўқ ҳеч
Кўз ёш ила чиқариб дардим
Йиғлайвердим тинмай йўл бўйи:
Унутгандим малласоч “Барби”м
Кўзида мунг
Акамнинг тағин
каравотин тагида ётган
эсдан чиқарганди коптогин
Онам ҳам ёш тўкарди тахир
Ҳайрон эдим –
Унинг на “Барби”
На коптоги бор эди ахир
Йиғлайвериб
шишдим
“Бас энди!” –
Ғазабнок ул денгиз кесатди
Тўлқинлар шилқ
Юборди ютиб
Мени тўсатдан
***
Ҳасан ака билан электрон почта орқали танишганимдаёқ салобат босганди. Ўзини кўргач, руҳида аллақандай шиддат борлигини сездим. Юраги ёниқ, ичидагини шартта айтади. Ҳокимиятга эга чиққанлар билан муроса қилиши қийин (менга ўхшаб), аммо жилмайишни ҳеч канда қилмайди.
Ҳасан Эркек
Ҳаёт, янгила мени
Эй, раҳмдил, кечиргувчи ҳаёт,
юмшоқ қучоғингда очунга келдим.
Кўксингдан эмдим бахт чўпчакларини,
оловинг, тупроғинг, сувингни севдим.
Елларинг бағрида тушдим рақсга,
сочимни тўзғитдим осмонинг қадар.
Сасимни қушларинг билан баробар
кўкларга учирдим саросар.
Елкамни оғритди неча фасллар,
Менга бичган кўйлагинг эски,
офтобингда ўчди ранг-туси,
кўзларда нур сўнмаса кошки.
Қайта ярат мени.
Жарликлардан учдим ишққа мастона,
Яйловда яйраган чўпон болайдим
Эргаштирди тинмай сув парилари
Кўксим тўлқинларинг тилиб улғайдим
Тунлари денгизнинг жилваларида
Бир тан, бир жон бўлдим балиқларинг-ла
Елкамга қанчайин юкларни ортдинг,
Юв энди абадий сувларинг ила,
Мени янгила
Қаноат этмадим нон-у тузингга
Хаёлимда қурдим оламлар қадим.
Саҳролар яратдим ёлғизлигимдан,
Очиқ ёлғонлардан паноҳ тикладим.
Сенга бўлган ишқим судради ғоят,
Ҳар ёғим ярадор, борлиғим нола,
Ёруғ нафасинг-ла мени давола,
Мени қайта ярат.
Сирларинг ечолмай сўнди кўзнурим,
Сарсона бош урдим оёқларингга,
Зарбалардан толдим, тубсиз жарлик дил,
тошйўллар руҳимни синдирди чил-чил.
Тирқираб сочилдим, бўлиндим, оздим,
Ҳар баргим тиконли оғочда ҳиссиз.
Йиғиб олгил мени, онажон ҳаёт,
Шафқатли қўлларинг билан асрагил.
Хотира қаърида йўқолмай изсиз…
Мени янгила.
Қип яланғоч суздим дўстлик баҳрида
Хиёнат бўрони йўлларим тўсди.
Жаннатдан қувилдим қароқчилар деб,
Байроқ қадолмадим қалб қўрғонига.
Аммо йиқилмадим… ва балки ўсдим,
Чоптирганим отлар чарчади чунон,
Аввал оғир кишнаб, кўтардилар бош,
сўнг қон-терга ботиб, чўкдилар-ку тиз.
Мен-чи остонангда тек қолдим ёлғиз –
Не-не саргузаштим яримта, чала.
Ҳатто қайта тағин турса зилзила
Бошдан кечиришга тайёрман барин.
Эй, ҳаёт, бағрингга қайтяпман яна.
Сўзим сўз, сўзингдан чиқмасман, ишон.
Ҳали назарингдан қолмаган бўлсам,
Исёнкор ўғлингга бер қайта имкон.
Янгила мени,
Янгила.
***
Раҳми оға ўзимизнинг Баҳром оғага ўхшайди. Кулишлари, уялиб туриши. “Аҳлан ва саҳлан!” – мен ҳам чет тилини биламан, дейди жилмайиб. Мармара денгизи соҳилларида гурунгимиз қизиди, маънили гапларидан завқландим, сиёсатга оид сўзларидан бошим айланди.
Раҳми Эмеч (Туркия)
Чуқур яра
Лабингдаги таъмни билолсам кошки,
эзилган узумдек қалбим шу боис…
Сен кўринур ул масофада
кўринмай қолади дунё кўзимга…
Сени англаш лаҳзаларида
бир сеҳр бор вақтни тўхтатур;
Нимадандир ранжиган, маҳзун,
байрамга кечиккан бола арази…
Йўлнинг чарчоғиман,
ҳозирла кўкинг,
умрим – чуқур ярадир, холос.
Мен кетганда, “ўтди”, дейишар.
— Ўтди… энди сира оғритмас.
(“Шикаста тарих қайдлари” китобидан)
***
Сурейя билан кўп гаплашолмадим. Сўзлаганда ҳар сўзи жаранглайди, ҳар сўзга урғу беради. Овози ҳам бошқача. Эркин, мустақил, танқидий ўйловчи шоира. Ҳамма билан тезда чиқишиб кетадиган дилбар аёл.
Сурейя Айдинҳан (Туркия)
Олис куз
Тангри даргоҳига —
юраксимон муҳр босилган
ўтинчим.
Қуёшингда тобланган таним
бахмалгулга қилади тақлид.
Юзимдан эсади қирлар ҳавоси,
билакда ғайрат,
Умрим – олис куз…
Шамол бўйлаб
қадамлар босилар бармоқ учинда.
Билагимга ўралмиш ҳалқали занжир.
Сен —
ранг-баранг май гулларисан.
Мен пар мисол учган
кенгликлар…
Бўлиши мумкинми?
Декабрнинг дудоқларида
ҳукм сурар ҳамон навбаҳор.
Имкони йўқ нарсалар ҳатто
Мумкин бўлиб қолур
Бул аёзнинг остонасида.
Соғинганда сени ҳар сафар
Юрагимга кўчар Қоф тоғи
етти водий узра ўттиз қуш
кўтарилур дадил парвозга.
***
Ирена – оилапарвар инсон, сафар бўйи ўғли, қизи ва турмуш ўртоғини ўйлади. Оиланинг муқаддаслиги ҳақидаги фикрлари мен билган европаликларникидан фарқли. Тезроқ набирали бўлгиси келади. Гўзал аёл.
Ирена Сантори (Италия)
Тирик ўликлар ила
бир дастурхон атрофида
қандай ўтиришни билмасман
Қай томонга қарамоқни ҳам,
уларга умуман қараш керакми,
Милтиқ оғзига тик,
тепкисига рўбарў.
Мана, бизнинг мўлжал.
Бундайин беғубор руҳларни
Истамагандим…
Нишоним-ку аниқ,
бироқ қўлларим титрар…
Шундай бўлса-да,
“Ўт оч!” дея олмайман асло.
Аксинча — “Сув!” дейман.
Ўзим эса
архипелаг каби
бўламан ғойиб.
***
Морокколик Фотима дипломат турмуш ўртоғи ва икки фарзанди билан Парижда яшайди. Аммо Мороккодаги уйини тасвирлаб берганида бир кун келиб у ерда катта халқаро мушоира қилишни ўйладик. Уруш ва тинчлик мавзусидаги шеърини ўқиркан, йиғлаб юборди. Йиғлаётган шоирни қандай юпатиш мумкин?
Фотима Чбибане Бенначар
Ақл ва тинчликка даъват
Қачон қайтар донолик
Инсоният қалбига?
Ёвузликнинг олови
Уфқ бўйлаб чўзилмиш
Сўнарми бешак?
Ҳар бурчак-бурчакда
Қирғин пуркаган
Ўлимнинг ваҳмидан толди-ку юрак.
Ерга қайтганини саодат
Кўрармикин кўзимиз бир кун?
Орзумдаги тинчликнинг нури
Коинотни қопласин бутун
Уйқусиз дард-аламларини
Олсин дунё юзидан арта,
Баски, эллар низомас, асло,
муҳаббат риштасин
боғласин қайта.
***
Бибе Исмоил дилкаш, самимий шоира. Бизнес соҳасида ишлаган, ҳозир эркин ижодкор. Сербиялик драматургга таржимонлик ҳам қилди. Македониялик дўстим Никола Мажировни ҳақиқатдаям зўр шоир деб мақтади.
Бибе Исмоил (Шимолий Македония)
Қорпарча
Шамол бўлсам, сени олиб учардим
Ёмғир бўлсам, қилар эдим шалаббо
Чақмоқ бўлсам, вужудингни ловуллатардим;
Аммо қорпачага айлангум, эриш учун қўлингда
Қафас
Жўжалигингдан буён биламан.
Юрагимнинг қафасида
авайлаб боқдим, ўстирдим.
Сен —
шўх-шодон булбулимсан.
Нечун яшаётганингни билурмисан, айт?
***
Лейла хоним, ёрдамлашворайми, дея сўрайман белидаги оғриқ туфайли юришга бир оз қийналаётган катта тажрибали шоирамдан. Йўқ, ўзим уддалайман, жавоб қилади у. Кечки базмга оиласи билан келади. Денгиздан таралган шаббодада янграган туркча қўшиққа ҳаммамиз билан рақсга ҳам тушади, майин табассум билан.
Лейла Шекер
Уруш болалари
Сиренанинг қаттиқ овози
Ота-оналарнинг парчалар қалбин.
Ракеталар
Тонгнинг нафис ипларига осилиб,
Гулдай болаларнинг кирар тушига.
Ҳайратда
Гул ҳидли чакмонларига
Ёнаётган қўзиларни босган чўпонлар.
Этакларга қўнган чангбулут.
Тунда осмон даҳшат ичра кетар ёришиб.
Чақмоқлар қулайди жуда юксакдан
Аланга бўлиб…
Худога ёлворар ҳаёт фарёди…
Ҳар чақмоқ думида музлар бир юлдуз,
Ифлосланган шаҳарларнинг нафаси…
Ёнган машъалалар
сочилиб кетмоқда ҳар ёнга.
Болалар дод-фарёд солиб қочмоқда.
Осмони фалакда, жуда юксакда,
Ракеталар кетма-кет портлар.
Бирин-кетин бўғилади кўчалар…
Мактаб хобхонаси портлар ваҳмали…
Балким ўша норасидалар
лаҳзаларни қўйган музлатиб.
Қўл ушлашиб, фаришталардек
тушларида бирлашдилар бот.
Қачондир ўзлари бола бўлганин
Унутган касларга турарлар қарши.
Қўрғошин руҳлилар шу гўдакларнинг
Ёрқин фарёдидан қолар бўғилиб.
***
Ҳанен билан французча гаплашишни машқ қилдим. Тирилье қишлоғидаги шинамгина қаҳвахона эгаси бир финжон қаҳва ичиб кетинглар, деб таклиф этганда, Ҳанен сал бўшаб албатта келамиз, деганди. Қизлар билан қайтиб боришдимикин, билолмай қолдим, ажабо?
Ҳанен Маруани (Тунис/Франция)
Дунёга келмадим мен кучли бўлиб
Кучли бўлиб туғилмадим мен,
Қайта-қайта яратдим ўзни
жимжитликда жиққа тер тўкиб,
фарёдларнинг оралиғида
Харитасиз интилдим олға.
Кунлар-у кўзгусиз тунларнинг
сандонида тобландим чандон
Ғамгин тонглар,
Маънодор тақиқ,
Руҳнинг билагига солинган кишан,
Авлодлар тақдирин чирмаган мерос.
Буларнинг барин
сенинг бефарқлигингнинг аччиқ
шамоллари учириб кетди.
Энди соатларни келмас санагим.
Мен учун белгилаб қўйилган
рақамлар изидан юргим келмайди.
На биронта енгиб бўлмас куч,
На мақтовга арзир шуҳрат бор.
Фақат нураб ётган пойдевор
ва таянчлар
ҳар лаҳзада силжиши мумкин.
Дунёга келмадим мен кучли бўлиб.
Унутгунча ўзни тинмадим.
Ҳолдан тойдирса ҳам,
ҳар чақириққа
лаббай дея қайтардим жавоб.
Ваниҳоят,
Бир кун тўхтадим.
Ва ўзимдан сўрадим шартта:
Агар энди фойдам тегмаса,
Кимман ўзи келиб дунёга?
Қандайин зотман?
Этолмасам ўзни бахшида,
Қулоқ тутармикин бир кимса?
Шунга қарамай,
Оёқдаман ҳалиям, мана.
Кучли бўлиб туғилмаганман.
Бироқ, озодман…
***
Бурсалик шоир Шабан ҳаммага ширин сўз айтади. Ҳамманинг кўнглини кўтаради. Реҳми оға иккисини Тошмактаб музейига бошлаб кирдим. У ерда NASAда ишлаган биринчи турк – муданьялик Исмоли Акбайга бағишланган кўргазма намойиш этилаётганди. Жуда завқланди.
Шабан Акбаба (Туркия)
I
Нималарни излаётганинг
билмасликнинг чорраҳасида
дашт-у саҳро ёмғирларига
рўбарў келасан сарғайиб
Севги тарихининг
ғолиб бўлмоғини кутасан
Қайғули бир бўри
ёнингдан жим оқиб ўтувчи
Вақтни аста-аста ғажийди
Ҳақиқий ва бинафшаранг таслимиятнинг
Соясида кияр бошқа тушларни
Соғинч —
тоғ бошида
ёлғиз дўлана
II
Ўз сўзларимнинг
асири ўлароқ қолдим шундайин
Йўллар бигиз санчди ичимга
Қалбим —
Ўрмондаги қуриган дарахт
“Қўлингни оғзингга,
лабларингни эса ичимга қўй”,
дегандинг.
Кўзгу бўламан, деб ўйлаган эдим
Аммо тақдирим
синоатга айланиш экан
Йиқилдим. Тирналдим
Тобутим устига
парча-парча қилиб ёз
муҳаббатнинг
муқаддас таърифини.
III
Бу қадар қисқа умрли
бир ҳикоя эшитмаганман
Ичимдаги шамнинг
Ёнгани ва ўчганин кўрдим
Афсонага айландим охир
Қароқларинг ҳамон
ичимда қолди
***
Юсуф оға жуда камтар шоир. Асли шифокор. Унга диний мавзуда китоблар ёзиб, Ўзбекистонда анча машҳур бўлган турк ёзувчисининг отини айтгандим. Танимайман, деди. Диний ва бадиий адабиёт айри-айри нарсага ўхшайди. Тарғиботда гап кўп.
Юсуф Алп Эр (Туркия)
Улғайиш
Катта бўлиш —
муқаррар бир интиҳо
Ҳар сафар улғая бошласак
қўлимиздан тортиб олишарди
битта ўйинчоқ
Бир дард ёқиларди
Ҳижрон ёқамиздан тутарди мудом
У хотира дафтаридаги
қуриб қолган япроқлар эди
Севикли ёр нигоҳида,
пешбандидайди
Ҳижрон эди юришида
кулишида
Катта бўлганимда ҳар сафар
отиб кетишди мени
Ҳар гал
катта бўлаётган бир бола кўрсам,
Тағин мени отиб кетишар
***
Доктор Али Туркиядан кейин Меделлинга кетди. Колумбиядаги энг йирик шеърият фестивали анча кичрайиб қолгандай. Ўзининг Бабилон фестивалини қачон ўтказади Али оғамиз?
Али Ал–Шалаҳ (Ироқ)
Биринчи аёл
Умримдаги биринчи аёл
на қўшним
на синфдош хоним
на актриса тасаввурдаги
на романнинг зўр қаҳрамони
на дуолар қилган зоҳида
на сурат ул деворга сайқал
на боғдаги хушсурат ҳайкал
Умримдаги биринчи аёл —
ҳали бунга келмаган бир жон
Қўрқаманки,
келмас ҳеч қачон
Йўқдир ҳафсала
Шу боис ҳам
Ёруғ оламнинг
Зарофати қолмоқда чала
***
Тирильедаги шеърият ва мусиқа кечасида Рамазон бобонинг ёнига ўтирдим. Бироз бетоблигига қарамай, Бурсадан келибди. Шеърларидан ўқиди, китобларидан берди. Умри зиёда бўлсин!
Рамазон Улусой
Йиғла!
Йиғлагингми келяпти бугун?
Йиғлай қол, қани!
Йиғла қониб-қониб!
Кўзёшларинг чин, маржон бўлсин,
Чаккаларинг узра тўкилсин!
Мунчоқ-мунчоқ томсин қаҳрабо,
Майлига у ғамми, нолами,
Уялмагин ҳеч кимдан асло,
Роҳатлансин ички оламинг.
***
Самимий, гўзал Шазийе хоним Тошмактабда соз чалиб, ширали овозда турк миллий қўшиқларини куйлаган онларни узоқ вақт эслаб юраман.
Шазийе Челиклер
Созим сен ила
(Халқ қўшиғи)
Булбул бўлдим, фиғон танда,
Созим, сен ила, сен ила.
Қўшиқ бўлдим, ёнгинангда,
Сўзим сен ила, сен ила.
Кўр, аҳволим оғир, ёмон,
Дардимга сен бўлдинг дармон.
Ёримдан келса гар фармон,
Ўзим сен ила, сен ила.
Қўлдан-қўлга ўтарсан сен,
Уста қўлда битарсан сен.
Арзир ўпиб, кўтарсак сен,
Арзим сен ила, сен ила.
Ошиқман-у, йиғлаяпман,
Дард усти дард боғлаяпман.
Булоқдай дил чоғлаяпман,
Кўзим сен билан, сен билан…
***
Мармара денгизи бўйлаб сайр маҳали Дурмуш оға тезда даврага қўшилиб, ажабтовур рақсга тушиб, роса яйради, бизниям рақсга чорлади. Камсуқум шоир, меҳрибон инсон.
Дурмуш Ташдемир (Туркия)
Йўлдаман
Қорлар билан келдим
Нафасим оппоқ
Тарқоқ мовийликни теряпман
Табассумларимиз исисин
Некбин ноўноқлик
Узоқларга боққаним сайин
Яқинлашди у
Сукунатни янчди табиат
Сеҳри бузилмасин
Актёрман-у
Нима ҳақда фильм билмасман
Муддати номаълум
Соялар тушади устимга
Кулранг тусга сингиб кетган ғам
Қўшиғимни оғирлаштирар
Кўплик ичиндаги ёлғизликдаман
Ўзимга суянган паллада
Қоп-қоронғу тортган кўлимни
Тўлқинлантиради шамолим
Йўлдаман
Ёзилмоқда ҳикоям аста
***
АҚШдан келган ўғли ва унинг оиласи билан кўришадиган куни Неше билан Истамбулдаги Султонаҳмат майдони, Айя София ва Кўк масжиднинг шундоққина ёнида ер остида яширинган ажойиб тарихий мўъжиза — қадимий ер ости сув омбори, салқингина цистернага кирдик. Ўзбекистондаги ўтган кунларимизни эсладик.
Неше Яшин (Қибрис)
Шеъриятнинг етти дарвозаси
ı.
Ташқарига назар ташлар-у
Ичкарини кўрар ҳамиша
Янус – ул маъбуди шеърият
II.
Бу шеърларни битдим
эшитай деб ўзимни
шундоқ шовқинда
III.
Бемалол қичқиринг
пинагини бузмас асло шеър
IV.
Шунчаларки кетгансиз узоқ
Шеърдан бошқа қайга сиғдирай?
V.
Сўз кимнидир маҳв этарди
Заҳар мисол руҳга тарқалган
VI.
Қўзғолон бошланур
лаблардан
VII.
Энди қўлга олгандим қалам
ёниб кетди саҳифам эсиз
***
2026 йил, июнь-июль
