Туркия, шеърият анжумани ва бошқа гўзал манзиллар…
Халқаро шеърият анжуманига мезбон Салиҳли шаҳридан салом ва дуоларим!
Кейинги кунларда бу ердаги муҳит, шоирлар ва тадбирлар ҳақидаги таассуротларимни улашаман.
Дўст ва шогирдларингизни каналимизга чорланг!

Туркиянинг Маниса вилоятида жойлашган Салиҳли узумзор ва зайтунзорлар, боғ ва тоғлар ўраб турган диёр экан.
Шаҳар яқинида қадимги Лидия подшоҳлигининг пойтахти бўлган машҳур Сарт (Сардес) шаҳри харобалари жойлашган. Илк тангалар айнан шу ҳудудда, лидияликлар даврида пайдо бўлган. Қадимий масканлар, Артемида ибодатхонаси қолдиқлари орасида юрарканман, минг йиллар муқаддам бу заминда кечган ҳаёт тасаввуримда гавдаланади.
Salihli Şiir İkindileri шеърият, адабиёт ва турли мамлакатлар ижодкорларини бирлаштирувчи гўзал маданий анъаналардан биридир. Бу галги тадбирнинг ташкил этилиши ва бизга кўрсатилган эътибордан ҳайратда қолдик. Тасаввур қилинг, шаҳар кўчаларида тадбир ҳақидаги эълонлар, баннерлар, иштирокчи шоирларнинг суратлари ва шеърият байрамига бағишланган безаклар! Гўё бутун шаҳар шеърият билан нафас олаётгандек.

Суратларимиз, шеърларимизнинг кўчаларда намойиш этилиши, театрдаги тантанали учрашув, махсус журнал, кўргазма ва тарихий масканларга саёҳат — буларнинг барчаси юксак дид ва катта меҳр билан ташкил этилган. Баракалла, гўзал ўлка!
Танишинг: ҲИДОЯТ ҚАРАКУШ!

Бугунги Туркия адабиётининг таниқли вакили, 1946 йили туғилган. Кўп йиллар давомида турк тили ва адабиётидан дарс берган. Адибнинг «Günaydın Gül Yaprağı», «Kemeraltı Şiirleri», «Hangi Leylasın Sen» каби шеърий тўпламлари, «Yağmurlar Nereye Yağar», «Şeytanminareleri», «Anne Beni Bekleme» ва «Bana Bir Resmini Yolla» каби романлари бор. Асарларида ҳаёт синовлари, жамият муаммолари, адолат ва инсон қадри каби мавзуларни ёритган. Ҳидоят Қаракуш Орҳон Камол ва Юнус Нодий номларидаги ҳамда “PEN Туркия” мукофотлари билан тақдирланган. 54-Халқаро Салиҳли шеърият анжуманида унга «Дионис шеърият мукофоти» топширилди.
Тоғлар орасида жойлашган, олтингугурт ва минералларга бой табиий иссиқ булоқлари билан машҳур Қуршунли сиҳатгоҳи дунё шоирларини бағрига олди. У фақат шифобахш сувлари билангина эмас, балки шаршаралари, сойлари, дарахтзорлари ва тоғ манзаралари билан ҳам ғоят гўзал. Бу ернинг мусаффо ҳавоси ва яшил табиати баҳри-дилингизни очади.
«Уйга қайтгунимизча ўпкамиз роса тозаланадиган бўлди-да!»- деди қувониб итальян шоираси Зингония. Туркиянинг кўп жойларида бўлгани каби, бу ерда ҳам мушук ва итларга меҳр билан муносабатда бўлишлари эътиборимни тортди.

Салиҳли шеърият анжумани муносабати билан йилда икки марта нашр этиладиган махсус адабий журнал бу сафар ҳам турли мамлакатлардан таклиф этилган шоирларнинг ижод намуналарини бир жойга жамлади. Анжумандан сўнг журнал шеърият кечасига ташриф буюрган меҳмонларга сотувга қўйилди. Кўплаб мухлислар шоирлардан дастхат сўрашди. Бир турк хоним олдимга келиб “уйимизда бир ўзбек аёл ишлайди, унгаям сиз билан танишганимни айтаман” дея дастхат олиб, суратга тушди.

Қизиқ ўша ўзбек аёли “шоиримиз келибди”, деб хурсанд бўлганмикин ва ё…? Эҳ, заҳматкаш ўзбегим, сенинг ўз юртингда ишлаб, ўз шаҳрингда чет эллик адиблар билан учрашувларда қатнашиб, китоб ва журнал ўқишга вақт топишингни орзу қиламан!
Туркия оммавий ахборот воситаларида 54-Халқаро Салиҳли шеърият анжумани ҳақидаги лавҳалар ва чиқишларни кўриш қувонарли. Тадбирда шаҳар ҳокими Мазлум Нурлу шеъриятнинг жамиятдаги ўрни, инсон қалби ва тафаккурига таъсири, унинг бугунги дунёдаги аҳамияти ҳақида сўзлади. Бу йилги анжуманнинг шиори эса алоҳида эътиборга лойиқ: «Шеърият — қаршиликдир!» Бу оддий шиор эмас. Шеърият — бефарқликка, сукутга, адолатсизликка ва инсон қалбини тош қотирадиган ҳар қандай ҳолатга қарши овоз. У инсоннинг ўз сўзини айтиш, ҳақиқатни излаш ва дунёни бошқача тасаввур қилиш ҳуқуқидир.

Бу учрашув яна бир бор шеърият фақат қоғоздаги сатрлар эмас, балки одамларни бирлаштирувчи, фикр уйғотувчи ва замон билан мулоқот қилувчи куч эканини намоён этди.
https://www.manisadansondakika.com.tr/salihlide-54-siir-ikindileri-dionysos-odulleri-sahiplerini-buldu
Салиҳли театри саҳнасига чиқиш мен учун алоҳида қувонч ва шараф бўлди. Шоир дўстим Тўғрул Кескин биринчи бўлиб номимни эълон қилганида, қалбимни бир ҳаяжон қамраб олди. Ўзбек тилида иккита шеъримни ўқидим, экранда таржимаси кўринди. Улардан бири — «Бир кўприкман» шеъри эди. Бу шеърни халқаро аудиторияга тақдим этиш мен учун алоҳида маъно касб этди. Бундай учрашувлар адабиёт ва санъатнинг тиллар, халқлар ва маданиятлар ўртасида қандай гўзал кўприк бўла олишини яна бир бор намоён этади.

…Кўприк бўлай,
Бу заминдан узилмаса оёғинг!
Самоларга сачраганинг бўлса гар ҳақ ортидан,
Ўткир-ўткир чарх урилган айтар сўзинг – яроғинг,
Олов-олов руҳинг ёнса тирикликнинг шартидай!
Кўплаб шаҳарлар ўз номини халқаро миқёсда танитиш, туристларни жалб қилиш ва маданий нуфузини ошириш мақсадида турли халқаро анжуманлар, фестиваллар ва лойиҳалар ташкил этади. Туркиянинг Салиҳли шаҳри эса келаси йили яна бир қизиқарли ташаббусни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ерда илк бор “Шеърият музейи” очилиши кутилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, шаҳар ҳокимлиги вакилларига UzLAB тажрибаси асосида шоирлар, ёзувчилар ва рассомлар учун халқаро ижодий резиденция дастурини ташкил этиш таклифини ҳам бердим. Бундай маскан нафақат хорижлик ижодкорларни Салиҳлига чорлайди, балки шаҳарнинг халқаро адабий ва маданий алоқаларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади, деб ўйлайман.
Қани, суратлардан каминани топинг-чи! 😊

Танишинг: дипломат-шоира Мюриэль Огри-Мерлино!
Сорбонна йуниверситетида адабиёт бўйича докторлик даражасини олган, Италиянинг Турин университетида дарс берган. Кейинчалик Франциянинг маданий дипломатия тизимида фаолият олиб бориб, Италия, Марокаш ва Руминияда Француз институтлари фаолиятига раҳбарлик қилган, Франция элчихоналарининг маданий хизматларида ишлаган.
Мюриэль ўндан ортиқ шеърий тўплам, ҳикоялар ва адабий-танқидий асарлар муаллифи. Унинг Стендаль ва Мериме ижодига бағишланган тадқиқоти 1991 йили Француз Академиясининг “Roland de Jouvenel” мукофотига сазовор бўлган. У Париждаги “Maison de la Poésie” (Шеърият уйи) ҳамда аёл ёзувчилар парламенти аъзоси. Мюриэлни Ўзбекистонга таклиф этдим, биргаликда ижодий лойиҳалар қилмоқчимиз.
Танишинг: Туғрул Кескин!
Турк шеъриятининг ўзига хос, ижтимоий дард ва инсон тақдирига бефарқ бўлмаган овозларидан бири. У шеъриятни фақат гўзал сўзлар жамланмаси эмас, балки инсон қалби, виждони ва жамият билан мулоқот майдони деб билади. У кўплаб шеърий тўпламлар муаллифи, нуфузли адабий мукофотлар соҳиби. 1988 йили илгари сурилган «Янги яхлит шеърият манифести» ташаббускорларидан бири бўлган, адабий нашрлар ва матбаа ривожига ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Унинг яна бир муҳим хизмати дунё ижодкорларини бирлаштириш, адабиёт орқали халқлар ва маданиятлар ўртасида дўстлик кўприкларини қуришдир. Хусусан, Салиҳлида ўтказилаётган халқаро «Шеърият оқшомлари» унинг адабий фаолиятининг алоҳида саҳифасидир.
Мустафо Камол Отатурк фикрларига қўшиласизми?

Унинг фикрига яна бир ҳақиқатни қўшган бўлардим: санъат ва адабиёт учун ажратилаётган маблағлар фақат ҳокимиятга яқин ижодкорларни қўллаб-қувватлашга, мустақил овозларни четда қолдиришга хизмат қилса, бундай мамлакатнинг маданий нуфузи ҳеч қачон дунё миқёсида юксалмайди. У уммонга айланиш ўрнига, ўз лойқасида айланиб турган ҳовузлигича қолаверади. Чунки ҳақиқий санъат ва адабиётнинг вазифаси — савол бериш, шубҳа уйғотиш, ҳақиқатни айтиш, ноҳақликка қарши туриш ва зарур пайтда ҳокимиятга ҳам танқидий нигоҳ билан қарай олишдир. Дунёга танилишни истаган мамлакат, аввало, ўзига ёқадиган овозларни эмас, ҳақиқатни айтишга журъат қиладиган ижодкорларни ҳам қўллаб-қувватлашни ўрганиши керак.
Туркиянинг Салиҳли шаҳрида 2027 йилда “Шеърият музейи” очилиши режалаштирилган. Дунёда шеър ва шоирлар уйлари, адабиёт музейлари кўп. Аммо айнан шеъриятга бағишланган алоҳида музей ғояси ўзига хос ва эътиборга лойиқ ташаббусдир. Ахир, шеърият ҳам ўз тарихи, рамзлари ва хотираларига эга! Салиҳлига сафарим давомида музей ташкилотчилари мендан ҳам келажакдаги экспозиция учун бир нарса тақдим этишни сўрашди. Диққат, савол: Шеърият музейига нима қолдирган бўлишим мумкин? Ким тўғри топса, Қора денгиз соҳилидан битта чиғаноқ олиб келаман!
Измирдан салом! Борадиганим ҳар шаҳар, мамлакат ҳақида, хусусан адабиёти, кутубхоналари, ижодкорлари ҳақида маълумот улашишда давом этаман. Бу мактаб ва университетлар учун зўр имконият: бемалол камина билан боғланинг! Жонли эфир орқали учрашувлар, савол-жавоб сессиялари қилишни истовчилар борми?

Эгей денгизи соҳилидаги бу шаҳардаги “Poetika” кафеси ижодий суҳбатлар, китоблар ва қаҳва учун ажойиб жой экан. Кюльтюрпаркда таниқли турк тарихчиси, профессор Илбер Ортайли номидаги кутубхона эса ўқувчиларга тўлалигини кўрдим. Илбер Ортайли кутубхона очилишида «Бу халқ кутубхоналарга муносиб» деган экан.

Мезбонлик учун минг раҳмат, сенга, қардош Туркия!
