Шимолий Македония кундалиги

Аъзам Обид ижодий саёҳатлари харитасида яна бир манзил!
Яриморолда жойлашган бу мамлакатнинг катта қисми тоғлардан иборат. Энг қадимий ва энг чуқур кўллардан бири ҳам шу ерда.
Кўчаларида Рим, Византия ва Усмоний империялари излари сақланиб қолган. Шаҳарнинг икки қисмини бирлаштирувчи машҳур Тошкўприк эса унинг рамзларидан бири.

Меҳр-шафқат рамзи сифатида танилган, Нобель тинчлик мукофоти совриндори Она Тереза (Mother Teresa) айнан шу шаҳарда туғилган. Хўш, дунёнинг қайси мамлакати, қайси шаҳрига келдим?

Шимолий Македония бошкенти Скопьедан салом ва дуолар!
Эски Чорши кўчаларида юрсангиз, ўзингизни гўё бошқа бир даврга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Масжидлар, карвонсаройлар, ҳунармандчилик дўконлари ва қаҳвахоналар бу муҳитнинг ажралмас қисми. Скопье 1963 йилда кучли зилзиладан қаттиқ вайрон бўлган, шаҳарнинг катта қисми қайта қурилган. Балки шу боис бу ерда ўтмиш ва замонавийлик ўртасидаги фарқ янада яққол сезилар. Вардор дарёси бўйидаги шаҳар ҳаёти, тоғлар бағридаги манзаралар Скопьега ўзига хос қиёфа бағишлайди.

Скопьенинг энг машҳур фарзандларидан бири Она Тереза хотирасига бағишланган ёдгорлик уйида бўлдим. 1910 йил 26 августда айнан шу шаҳарда, асли исми Агнес Гонжа Бояжиу бўлган қизалоқ дунёга келган. 18 ёшида Ватанини тарк этиб, Ҳиндистонга йўл олган ва умрини Калькуттадаги камбағаллар, беморлар, етимлар ва ёрдамга муҳтож инсонларга хизмат қилишга бағишлаган. Она Терезанинг ҳаёти инсоннинг буюклиги унинг эгаллаган мартабаси ёки бойлиги билан эмас, балки бошқалар ҳаётига қанчалик меҳр ва яхшилик олиб киргани билан ўлчанишини ёдга солади.

Инглиз тили билимдонлари, Она Тереза ўгитлари таржимасини давом эттириб кўрасизми?
Инсон зоти баъзан ақлга зид иш тутиши, мантиқсиз ва худбин бўлиши мумкин. Аммо бу сизни уни севишдан тўхтатмасин.
Яхшилик қилсангиз ҳам, сизни худбинликда айблашлари турган гап. Шундай бўлса-да, яхшилик қилишдан тўхтаманг.

Скопье шаҳри қахвахоналаридан биридаги энг азиз меҳмонлар булар. Уйдаги Юлдузча ва Бўмбалоқ, ҳовлидаги Сердечка, Булочка ва Қуёнчаларни эслатди!

Ким кўчадаги жониворларга егулик, сув бериб турса, ҳайдаб солмаса, ажри зиёда бўлиб қайтади. Айниқса, ёмғир-қорли, совуқ кунларда уларга ғамхўрлик қилсангиз, кайфиятингиз кўтарилади, ишларингиз юришади. Яна сизга ҳам кўп ва зўр саёҳатлар насиб этади, иншааллоҳ!


1947 йил 13 февралда ташкил этилган Шимолий Македония Ёзувчилар уюшмаси Скопье марказидаги Горький кўчаси 18-уйда жойлашган. Бу ерда мамлакатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида сўз айтадиган ижодкорлар жамланган. Унинг биринчи президенти македон адабиётининг буюк намояндаларидан бири, шоир ва тилшунос Блаже Конески бўлган. Уюшманинг асосчилари орасида Ацо Шопов, Славко Яневски, Васил Илёски каби таниқли адиблар ҳам бор. Ҳозир 100 дан ортиқ аъзоси бор. Уюшма бугун ҳам македон, албан, турк ва бошқа тилларда ижод қилувчи адибларни бирлаштириб, адабий мулоқот, учрашувлар ва халқаро ҳамкорлик учун майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Шимолий Македония Ёзувчилар уюшмасида (Друштво на писателите на Македонија) Вера хоним, ёзувчилар Иван Календар ва Живко Грозданоски каминани самимий суҳбатга чорлашди. Учрашувимизда адабиёт, ёш ижодкорларнинг ўз йўлини топишдаги қийинчиликлари, мамлакатларимиздаги бугунги вазият, адабиётимиз намуналарини македон ва ўзбек тилларига таржима қилиш, ёзувчилар алмашинуви ва келгусидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида гаплашдик.

 

Шимолий Македония ёзувчилар уюшмасидаги суҳбатнинг энг таъсирли лаҳзаси эса Живконинг марҳум ёш дўстим Жаҳонгир Намозовни эслагани бўлди. Жаҳонгир бир пайтлар Живкодан интервью олиб, уни ўзи ҳамкорлик қилган Озарбайжон газетасида эълон қилган экан. Уни эслаб, хомуш тортдик. Ижод йўлига кирган ёш ука-сингилларимга бир гапим бор: астойдил бўлинг, эркин ижод йўлини танланг, ўз кучингизга ишонинг! Кучли ижодкор бўлинг, дунё кезинг, дунё ижодкорлари билан боғланинг, фикр алмашинг, ўз овозингизни топинг. Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиш ёки бўлмасликдан ҳам муҳимроқ нарса бор: мустақил фикрлаш, ҳақ сўзни айта олиш ва ўз ижодий эътиқодингизга содиқ қолиш. Чунки ижодкорнинг энг катта кучи — унинг қалами, виждони ва эркин овозидир, доим эсингизда турсин!

Танишинг: Биба Исмаил!
Шимолий Македониянинг Скопье шаҳрида туғилган туркзабон шоира, адабиёт ва маданият фаоли. Турк тили ва адабиёти бўйича таҳсил олган. Шеърият билан бир қаторда журналистика, театр ва маданий лойиҳалар соҳаларида ҳам фаолият юритади. Учта шеърий тўплам муаллифи, Македония “Турк ПЕН” маркази аъзоси.
У менга Скопьенинг қадимий шаҳар қисмини обдон таништирди. Тарихий кўчалар бўйлаб сайр қилар эканмиз, нафақат шаҳарнинг ўтмиши, балки унинг адабий ва маданий муҳити ҳақида ҳам суҳбатлашдик.

Шимолий Македониянинг Оҳрид кўли соҳилида жойлашган Струга шаҳри нафақат табиати, балки адабий тарихи билан ҳам машҳур шаҳар. Шаҳар марказини кесиб ўтадиган Қора Дрин дарёси Стругага алоҳида жозиба бағишлайди. Струга — машҳур македон шоирлари, ака-ука Димитар ва Константин Миладиновлар ватани. Бу шаҳар 1961 йилдан буён ҳар йили ўтказиладиган «Струга шеърият кечалари» (Struga Poetry Evenings) халқаро фестивали билан жаҳон адабиёти харитасидан муносиб ўрин олган. Фестивалнинг энг нуфузли мукофоти саналган «Олтин гулчамбар» турли йилларда Пабло Неруда, Иосиф Бродский, Шеймус Хини каби буюк шоирларга берилган.

Струга шеърият кечалари — жаҳон шоирларини бирлаштириб келаётган нуфузли халқаро адабий майдон. Бу сафар мен учун унинг раҳбарияти билан учрашув алоҳида аҳамият касб этди. Фестивалнинг бадиий директори Мите Стефоски ва бош директори Никола Кукунеш билан Ўзбекистон ва Шимолий Македония адабий алоқаларини ривожлантириш, ўзбек шеъриятини халқаро майдонда кенгроқ танитиш, келгуси фестивалларда ҳақиқий истеъдод эгалари бўлган ўзбек шоирларини иштирок этишга тавсия қилишни муҳокама қилдик. Мақсадим ўзбек адабиёти дунёга кўпроқ чиқсин, ўзбек ёзувчи ва шоирларининг овози жаҳоннинг энг нуфузли адабий минбарларида янграсин.

Стругада “Шеърият боғи” бор. Унда дунёнинг турли бурчакларидан келган шоирларнинг овози, хотираси ва излари мужассам. Боғ бўйлаб Никола билан сайр қилар эканмиз, у бу маскан тарихи, унда ўтган шеърият кечалари, турли мамлакатлардан келган ижодкорлар ҳақида ажойиб ҳикоялар сўзлаб берди. Ҳар йили дунёнинг юзлаб шоирларини меҳмон қиладиган “Dream Hotel” ҳам шу шеърият анъанасининг бир қисми. Боғда турли йилларда шоирлар томонидан экилган дарахтлар ўсиб турибди. Бу йил эса Нидерландия элчихонаси эккан лолалар боққа янада гўзаллик бағишлабди. Йиллар ўтиб, шоирлар алмашади, янги авлодлар келади, аммо улар қолдирган дарахтлар, гулзорлар ўсишда давом этади.

Оҳрид — кўл бўйидаги оддий бир шаҳар эмас, асрлар давомида тарих, маданият, эътиқод ва гўзаллик бир-бирига уйғунлашиб келаётган бетакрор маскан.
Болқоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Оҳридни унинг мовий кўли, қадимий тош кўчалари, тепаликларга ўрнашган черковлари, ўрта асрлар меъморчилиги билан эслаб қоламан. Бу ерда вақт бироз секинроқ оқади. Кўлга қараб узоқ ўтиргинг, тор кўчаларда адашиб юргинг, тарихнинг овозини тинглагинг келади. Айниқса, қуёш ботгач, кўл узра ёйилган сокинлик ва чироқлар шу манзарага алоҳида сеҳр бағишлайди.

Болқон бўйлаб сафарим давом этмоқда. Топинг-чи, қаерга йўл олдим?

Ноябрь, 2026 йил

 

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *