Очунда босаман яна қанча из?
Ким мени,
мен кимни Худога солдим?
Балки Яратганнинг дунё кезингиз
Деганига фақат содиқ қололдим.
Ҳамон не излайман: бутун одамми?
Борлигинг кимларни қилур асабий…
Тобора сезилар ҳаётнинг таъми –
Қабрда бир ўзинг қолишинг каби.
Завқ недир: яқин ё йироққа талпин!
Сендаям қанот бор, хаёлингда тут.
Кел, баланд учамиз, юракда ёлқин,
Қара, олам тўрдир,
Дунё – анкабут!

