Ҳамид Исмоилов, Нобель ва биз: энди ўз адабиётимиз ҳақида жиддий ўйлайдиган вақт
29 сентябрь куни хориж адабий сайтида бир яхши хабар пайдо бўлди: устозим, ўзбек ёзувчиси Hamid Ismailov 2026 йилги Адабиёт бўйича Нобель мукофоти учун букмекерлар тузган эҳтимолий номзодлар рўйхатида 33/1 коэффициент билан қайд этилди. https://lithub.com/here-are-the-bookies-odds-for-the…/
Рўйхатда Кан Сюэ, Ҳаруки Мураками, Маргарет Этвуд, Салмон Рушдий каби жаҳон адабиётининг машҳур номлари ҳам бор. Бу, албатта, Нобель қўмитасининг расмий номзодлар рўйхати эмас, чунки Нобель номзодлари 50 йил давомида сир сақланади.
Ҳамид Исмоил номи шундай нуфузли халқаро адабий платформада тилга олинганидан чин дилдан хурсандман ва фахрланаман. Бунинг ўзи ҳам унинг ижоди халқаро адабий майдонда тобора кўпроқ эътироф этилаётганини кўрсатади. Устозимга омад тилайман!
Ҳамид Исмоилов Тўқмоқда, ҳозирги Қирғизистон ҳудудида туғилган, Ўзбекистонда улғайган. Шунинг учун уни “фақат бизники” ёки “фақат уларники” деб ажратиш менга бироз сунъий туюлади. Қирғизистон унинг туғилган юрти сифатида, Ўзбекистон эса унинг шаклланган маданий муҳити сифатида у билан фахрланиши мумкин. Адабиётнинг харитаси давлат чегараларидан кенгроқ.
Ҳамид Исмоиловнинг халқаро муваффақиятларини албатта эътироф этиш керак: у 2019 йилда “EBRD Literature Prize” мукофотини олди, “We Computers: A Ghazal Novel” эса 2025 йилда “National Book Award”нинг таржима адабиёти йўналишида финалчи бўлди. “The Dead Lake” ҳам “Dublin Literary Award” учун номзод қилинган. Булар катта натижалардир.
Лекин шахсан мен унинг номини янада юқорида – “Booker” ёки “International Booker”, “Neustadt International Prize for Literature” каби дунё адабиётидаги энг нуфузли мукофотлар даврасида ҳам кўришни истардим.
Лекин мен учун бу хабарнинг аҳамияти Ҳамид Исмоилов Нобель оладими-йўқмида эмас. Бу – биз учун бошқа, анча муҳим саволни ўртага қўяди: Биз замонавий ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш учун нима қиляпмиз?
Кўп мамлакатларда фестиваль ва резиденцияларда қатнашганман. Турли давлатлардан ёзувчилар билан учрашганман. Марказий Осиё адабиёти ҳақида гап кетганда, дунёда Ҳамид Исмоилов номини танишади. Марказий Осиёдан эса Чингиз Айтматов номи ҳали ҳам энг кўп таниладиган адабий номлардан.
Бу бизга бир нарсани кўрсатади: яхши ёзишнинг ўзи етарли эмас. Ёзувчининг китоби таржима қилиниши, хорижда нашр этилиши, муҳаррир ва таржимонлар қўлига тушиши, фестиваль ва резиденцияларга бориши, халқаро адабий муҳит билан мунтазам алоқада бўлиши ҳам зарур. Ҳамид Исмоиловда бундай имкониятлар бўлди. Кўплаб ўзбек ёзувчиларида эса ҳали ҳам йўқ. Шунинг учун менимча, бугун Ҳамид Исмоиловнинг шахси ёки Нобель эҳтимоли ҳақида узоқ баҳслашишдан кўра, бу имкониятдан фойдаланиб, ўзимизга савол бериш муҳимроқ.
Нега дунё ўзбек адабиётидан яна кўпроқ номларни билмайди? Бизда истеъдод йўқми? Албатта, бор. Асарлар йўқми? Етарли. Шоирлар ва ёзувчилар етишмаяптими? Аксинча. Унда муаммо қаерда? Менимча, муаммонинг бир қисми адабий инфратузилмада. Бизда адабиётни ички миқёсда қўллаб-қувватлашнинг турли механизмлари бор. Аммо дунёга чиқиш учун бутунлай бошқа тизим зарур. Хорижий таржима. Халқаро нашриётлар. Адабий агентлар. Муҳаррирлар. Резиденциялар. Фестиваллар. Халқаро антологиялар. Китоб ярмаркалари. Ёзувчининг профессионал тақдимоти. Ва буларнинг барчасини бир-бирига боғлайдиган узоқ муддатли стратегия. Битта китобни инглизчага таржима қилиш билан иш битмайди. Бир марта хорижий фестивалга бориш ҳам етарли эмас. Халқаро муаллифни тайёрлаш – тизимли иш.
Мен бу ерда яна бир ноқулай саволни беришни истайман. Давлат адабиётни қўллаб-қувватлаши керакми? Албатта, керак. Айниқса, Ўзбекистон каби иқтисодий ва маданий ресурсларнинг катта қисми давлат институтлари орқали тақсимланадиган мамлакатда давлатнинг адабиёт ва маданиятни қўллаб-қувватлашдаги масъулияти катта. Лекин адабиёт давлат қўллаб-қувватлашининг ўзига боғланиб қолса, нимани йўқотишимиз мумкин? Адабиётга фақат маблағ эмас, эркинлик ва мустақил муҳит ҳам зарур. Чунки адабиётнинг вазифаси фақат маданий сиёсатни безаш эмас. У савол беради. Шубҳа қилади. Баъзан норози бўлади. Баъзан давлат, жамият эшитишни истамайдиган нарсани айтади.
Шунинг учун бизга давлат институтлари билан бир қаторда мустақил нашриётлар, мустақил журналлар, хусусий ва халқаро фондлар, резиденциялар, фестиваллар ва мустақил адабий ташаббуслар ҳам керак. Акс ҳолда адабиётнинг ташқи кўриниши бой, аммо ички ҳаёти бир хил бўлиб қолиши мумкин.
Бизда ёзувчини баҳолашнинг ўз тизими бор: унвонлар, мукофотлар, расмий тан олиш, юбилейлар, давлат тадбирлари. Буларнинг ўзига яраша ўрни бордир. Аммо халқаро адабий майдонда бошқа саволлар берилади: Китобингиз қайси тилларга таржима қилинди? Қайси хорижий нашриёт чоп этди? Ким таржима қилди? Қайси фестивалга таклиф этилдингиз? Қайси адабий журнал сиз ҳақингизда ёзди? Хорижий муҳаррирлар ва агентлар сизни биладими? Китобингиз дунё университетларида ўқилаяптими? Ўзингиз ўша жойларга чиқиб, ўқувчиларингиз билан мулоқот қилдингизми? Мана шу саволлар ҳам ўзбек адабиётининг келажаги ҳақидаги суҳбатнинг бир қисми бўлиши шарт.
“Халқ шоири ё ёзувчиси” бўлиш билан “халқаро муаллиф” бўлиш бир хил нарса эмас. Хўш, замонавий ўзбек адабиётини халқаро майдонга олиб чиқиш бўйича аниқ стратегиямиз борми? Бу ҳам танқидий, ҳам амалий савол. Ҳар йили нечта ўзбек ёзувчиси дунёнинг йирик адабий фестивалларига боради? Нечта замонавий ўзбек романи йирик хорижий нашриётларда чоп этилади? Нечта ўзбек шоири халқаро антологияларга киритилади? Нечта профессионал таржимон ўзбек адабиёти билан мунтазам ишлайди? Ўзбекистонда нечта халқаро адабий резиденция ишлайди? Ёш ёзувчиларга хорижий адабий муҳитда ўзини қандай танитиш, резиденция ва фестивалларга қандай мурожаат қилиш, таржимон ва нашриётлар билан қандай ишлаш ўргатиладими?
Бу саволларга жавоб бериш Нобель олишдан анча муҳим. Чунки Нобель – бир воқеа. Адабий инфратузилмани яратиш – узоқ муддатли ва изчил иш. Бизга “халқаро муаллиф” тайёрлайдиган мактаб керак. Мен буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаман. Кўп йиллар давомида турли мамлакатларда фестиваллар ва резиденцияларда қатнашдим. Шунинг учун бир нарсани яхши тушундим: халқаро муаллиф бўлиш – фақат яхши ёзиш эмас. Ёзувчи ўзини таништиришни билиши, профессионал биографияси бўлиши, асари ҳақида инглизча ёки бошқа халқаро тилда қисқа, сифатли матн тайёрлай олиши, таржимон билан ишлаши, резиденция ва фестивалларга ариза беришни билиши, муҳаррир ва адабий агентлар билан мулоқот қила олиши керак. Менимча, Ўзбекистонда шундай амалий дастур бўлса, кўплаб иқтидорли ёзувчилар учун янги эшиклар очиларди.
Мен бундай ташаббусларни амалий йўлга қўйишга ҳар доим тайёрман. Менда ғоя ҳам, тажриба ҳам, халқаро алоқалар ҳам бор. Лекин афсуски, ҳалигача таклифларимни эшитишга, мен билан очиқ гаплашишга ва бирга ишлашга тайёрлик кўрмадик. Балким, бугунги муаммо ғоялар ёки имконият етишмаётганида эмас, балки мавжуд имкониятларни кўра оладиган ва бошқача фикрлайдиган одамлар билан ишлашга тайёрлик етишмаётганидадир.
Яна бир масала бор. Дунёда шеърият фестиваллари жуда кўп. Шоирлар халқаро маданий ҳаётда фаол. Нобель тарихида ҳам шоирлар етарлича кўп – Сюлли Прюдомдан Рабиндранат Тагор, Пабло Неруда, Вислава Шимборска ва Луиза Глюккача. Шунинг учун “Нобель қўмитаси шоирларни тан олмайди” дейиш тўғри бўлмайди. Аммо замонавий шеъриятнинг халқаро таржима ва нашр тизимидаги ўрни ҳақида жиддий савол бериш мумкин. Айниқса ўзбек шеърияти ҳақида. Бизда кучли шоирлар бор. Лекин уларнинг қанчаси инглиз, француз, немис, испан, япон ёки араб тилларида ўқилади? Қанчаси халқаро антологияларда бор? Қанчасининг алоҳида китоби хорижда чиққан? Қанчасини дунёдаги адабий фестиваллар билади? Бу саволлар бизга жавобсиз қолмаслиги лозим.
Мен “бизга яна бир Чингиз Айтматов керак” деган фикрга ҳам эҳтиёткорлик билан қарайман. Бизга иккинчи Айтматов ёки иккинчи Ҳамид Исмоилов керак эмас. Бизга ўз даврининг ўз овозига эга бўлган янги ўзбек ёзувчилари ва шоирлари керак. Бунинг учун эса уларнинг мамлакатдан кетиши ё кетишга мажбур қилиниши шарт эмас.
Ўзбекистонда ёзилган китоб Лондонда ўқилиши, Тошкентда ёзилган шеър Парижда чоп этилиши, Самарқандда яшайдиган шоир Берлин фестивалига таклиф қилиниши мумкин. Бунинг учун ёзувчи аввал ўз юртидан кетиб, кейин дунёга танилиши шарт эмас. Ўзбек адабиёти халқаро бўлиши учун ўзбек ёзувчиси эмиграцияга кетиши шарт бўлмайдиган тизим яратишимиз лозим.
Хўш, энди нима қиламиз? Менимча, йўллар жуда аниқ. Замонавий ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини мунтазам равишда хорижий тилларга таржима қилиш. Ижодкорларга тил ўргатиш. Халқаро нашриётлар билан тўғридан-тўғри ишлаш. Профессионал таржимонлар тармоғини яратиш. Ўзбек ёзувчиларини хорижий резиденция ва фестивалларга мунтазам юбориш. Ўзбекистонда халқаро резиденциялар ва мустақил адабий фестивалларни кўпайтириш. Ижодкорларга халқаро адабий муҳит билан ишлашни ўргатиш. Адабий агентлик ва муаллифлик ҳуқуқлари маданиятини ривожлантириш. Мустақил адабий журналлар ва платформаларни қўллаб-қувватлаш. Ўзбек адабиётини халқаро китоб ярмаркаларида профессионал тарзда тақдим этиш.
Ва энг муҳими – давлат ташаббуслари билан бир қаторда мустақил ташаббусларга ҳам жой бериш. Менимча, гап айнан шу ерда.
Устозим Ҳамид Исмоиловнинг номи Нобель атрофида тилга олингани жуда яхши бўлди! Ўзбеклар бундан фахрланиши мумкин. Қирғизлар ҳам. Марказий Осиё адабиёти учун ҳам бу қизиқ воқеа. Лекин биз 8 октябрь куни ким Нобель олганини билиб, кейин бу мавзуни ёпиб қўймаслигимиз керак. Аксинча, Нобелдан кейин эмас, Нобелдан олдин ишлайдиган адабий тизим ҳақида ўйлашимиз лозим.
Чунки Нобель – мукофот. Адабий инфратузилма эса муҳит. Муҳит бўлса, бир Ҳамид Исмоилов эмас, ўнлаб ижодкорлар дунёга чиқиши мумкин. Ҳамид Исмоилнинг халқаро йўли бизга битта муҳим ҳақиқатни кўрсатади: дунё ўзбек адабиётини қабул қилиши мумкин. Энди дунё бизга қандай қарайди, деган саволдан кўра, биз ўз адабиётимизга қандай қараяпмиз, деган савол муҳимроқ.
Савол эса будир– биз ўз адабиётимизни дунёга қанчалик тайёрлаб, қанчалик профессионал тарзда олиб чиқяпмиз? Бугун бизга керак бўлган энг муҳим адабий савол – шу. Ва бу саволни ҳозирча энг қаттиқ, энг очиқ ва энг амалий тарзда қўяётган одам – камина Аъзам Обид. Мен эса бу саволни қўйиш билан чекланиб қолишни истамайман. Ўзбек ёзувчи ва шоирларининг дунёга чиқиши учун қўлимдан келганича ёрдам бериб, ўз тажрибам, халқаро алоқаларим ва билганларимни улар билан мунтазам бўлишиб юрибман ва бундан кейин ҳам бўлишишга тайёрман.