Таржимоним Акоп Симонянни излаб, Арманистонга келдим, аммо…

Испан, инглиз тиллари билимдони, катта таржимон ва устоз Акоп Симонян билан илк бор 14 йил аввал шу ерда халқаро таржимонлар форумида танишгандим. Ўшанда унга испанча китобчамни совға қилган эканман.

Орадан бир йилча ўтиб, Тошкентдаги уйимга кутилмаганда посилка келди. Очсам, арман тилидаги китобчаларим! Акоп шеърларимни таржима қилиб, нашр эттирганди.

У билан анча йил электрон почта орқали хабарлашиб турдик. Аммо yahoo почтамни gmailга алмаштирганим сабабли, алоқамиз узилиб қолди. Дунёнинг шу бурчига яна боришим аниқ бўлгач, Акопни фаол қидиришга тушдим: арман ижодкорлардан сўрадим, Фейсбукда эълон бердик, бироқ дараги чиқмади. Арманча китобчамда нашриёт манзили, телефони бор экан, ҳеч йўқ улар орқали албатта топаман манзилини, дея кўнгилга тугдим.

Дафъатан эсимга почтамни ҳам бир қидириб кўриш фикри келди. Ҳайриятки, йиллар аввал Акоп Симонян ва бошқа бир нечта чет эллик таржимоннинг электрон почтасини бир ўзбек олимасига юборган эканман. Имейлига хат ёздим, Ватсап рақамимни илова қилдим. Аммо хатимга жавоб келмади.

Бир ойча аввал эса Арманистон рақамидан телефонимга қўнғироқ бўлди! У – таржимоним Акоп эди!

Тез орада кўришга боришимни эшитиб, беҳад хурсанд бўлди; бироз тобим йўқроқ, кўчага чиқолмайман, деди. Албатта, ўзим уйингизга келаман!

Ереван аэропортига қўниб, қўнғироқ қилсам, телефонни синглиси Света кўтарди ва… қайғули хабарни айтди: Акоп Симонян икки ҳафта олдин, 74 ёшида вафот этибди. 😢

Ереванга таржимонимга раҳмат айтиш, дилдан суҳбатлашиш учун келгандим. Афсуски, изҳорларимни унинг яқинларига айтишимга тўғри келди… 😢

Акоп шеърларимни арман тилида яшатган ажойиб инсон сифатида хотирамда қолади. Биргина учрашув сабаб ўзга бир миллат шоирини таржима ва нашр қилиш камдан-кам таржимоннинг қўлидан келади…

Света, Акоп атайлаб менга тайёрлаб қўйган экан, ўша китобчадан бир дастасини олиб кетишимни сўради. Арманистон мактаб ва кутубхоналарига тарқатинг иложи бўлса, дея илтимос қилдим ундан. Охирати обод бўлсин таржимонимнинг.

###

Таржимон Акоп Симонян ва арман тилидаги “Хавотир ороли” номли китобчам.

2013 йили Еревандаги “Лусабац” нашриётида чоп этилган.

Кимдир арманча ўқишни билса, совға қиламан.

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *