Ям-яшил Молдова кундалиги

Молдова пойтахти Кишинёвдан салом ва дуоларим!

Япон шоир дўстим Юсуке Мияке билан бир муддат шу минтақа бўйлаб ижодий саёҳат қиламиз.

Кишинёвни кезарканмиз, негадир ўзимни болалик масканларига кириб қолгандек ҳис қиляпман: кенг кўчалар, яшил парклар, кўприклар, катта анҳор, хотиржам одамлар ва, албатта, шаҳарнинг асосий транспорти — троллейбуслар.

Юсуке билан адабиёт, дўстлар, ҳаёт ва саёҳат ҳақида гурунглашиб, ҳар бурчакдан янги бир ҳикоя топяпмиз.

Айтганча, мушуклар жуда кам-а. Нега?

Кишинёвда яна бир мазмунли ва илиқ кун. Сайт учун интервьюда адабиёт, сафарлар, Ўзбекистон ва дунёдаги ижодий алоқалар ҳақида суҳбатлашдик.

Молдова Ёзувчилар уюшмасида эса ижодкорлар билан гўзал учрашув бўлди. Шеърият, маданият ва турли мамлакатлардаги ижодий муҳит ҳақида фикр алмашдик. Бундай мулоқот янги лойиҳалар учун яхши кўприк бўлишига ишонаман.

Молдова ижодкорлари Ўзбекистон ва Япония адабиёти, маданияти ҳақида саволларга кўмиб ташлашди. Ҳар бирларига иложи борича батафсил жавоб бердик. Бир ёзувчи наманганлик устозим Абдулла Жаббор билан ўқиганини эслади. Унга 80-йиллар охирида Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида Абдулла Жаббор билан учрашувим ва унинг “Москва, Октябрь инқилоби бизга бахт бермагани” ҳақидаги ўгитини айтиб бердим.

Ижодий учрашувни иқтидорли шоир ва таржимон Иван Пилкин олиб борди, инглизча мулоқотимизни жуда чиройли таржима қилиб турди. Ҳатто бир туркум шеър ва ҳикоямизни ҳам молдован тилига ўгириб, учрашувга келганларга тайёрлаб қўйибди.

Кишинёвлик дўстлар билан шаҳар бўйлаб сайр қилиш, унинг тарихий бинолари, сокин кўчалари ва ўзига хос муҳитини ҳис қилиш сафаримнинг энг ёқимли лаҳзаларидан бўлди.

Кишинёвда одамлар анча хотиржам, кўчаларда кимдир қаергадир шошаётгандек, вақт билан пойга қилаётгандек таассурот уйғотмайди.

Шаҳарнинг парклари жуда яшил ва файзли. Ҳар бир кўча, ҳар бир эски бино ортида қандайдир ҳикоя яшириниб тургандай. Ёзувчи Елена Раду билан шаҳар бўйлаб сайр қилар эканмиз, Кишинёвнинг адабий ва маданий ҳаёти, бу ердаги ижодкорлар ва шаҳарнинг ўзига хос муҳити ҳақида гаплашдик.

Шу ерда ҳам ўзбек меҳнат муҳожирларини учратдим, такси ҳайдовчиларидан бири эса Озарбайжондан экан. Молдованинг Европа билан яқинлашуви, фуқароларининг Европа Иттифоқи мамлакатларига визасиз сафар қила олиши каби имкониятлар бу ердаги одамларнинг келажакка бўлган қарашларига ҳам таъсир қилаётганини ҳис қилдим.

Кишинёв ҳавоси тоза, майин габада эсиб турибди, паркларида фаввора, мусиқа…

200 йил аввалги бинолари сақланиб қолган, турли ташкилотлар фойдаланяпти; совет давридаги сифатли, баланд шифтли, қалин деворли бинолари ҳам ҳамма жойда кўзга ташланади.

Ҳозир Пушкин ҳайкали олдида ўтирибман. Шу яқинда молдован шоир ва ёзувчилари бюстлари ўрнатилган аллея. Сал наридаги паркда турли мамлакатлар “дўстлик кўчатлари” эккан алоҳида ҳудуд; Қозоғистон, Япония ҳам бор, Ўзбекистонни топмадим.

Кишинёвдаги ҳукумат бинолари, вазирликлар ҳамма учун очиқ, эшик олдида ҳеч қанақа қўриқчи ё бир қарич ҳам темир тўсиқ-панжара йўқ.

Президент турли тадбирлар ўтказадиган бино олдида ёшлар бадминтон ўйнамоқда…

Кишинёвдаги Молдова Миллий кутубхонаси китоблар, тарих ва маданият бир маконда уйғунлашган маскан сифатида хотирамда қолади.

Кутубхонанинг тарихи 1832 йилдан бошланар экан. Ҳозирги биноси эса 1961 йилда кутубхона сифатида фойдаланишга топширилган. Баланд шифтлар, кенг заллар, салобатли меъморий муҳит бу ерга кирган инсонда китобга бўлган ҳурмат янада ортади.

Кичик, аммо жуда қизиқарли “Китоб музейи”ни ҳам томоша қилдим. Бу ерда қадимий ва ноёб китоблар, қўлёзмалар, илк босма нашрлар, ҳатто жуда митти ҳажмдаги китобларни ҳам кўриш мумкин.

Аммо мен учун бу ташрифнинг энг ёқимли жиҳатларидан бири кутубхона ходимларининг самимий кутиб олгани бўлди. Китоб ва адабиётга меҳр қўйган инсонлар қаерда бўлмасин, бир-бирини осон тушунади.

Ёзувчилар уюшмасининг раиси Тео Кирияк жуда дилкаш, самимий киши экан. Ўша куни бир гуруҳ ижодкорлар билан ёши улуғ ёзувчидан хабар олишга кетишди.

Молдовага сафаримни самарали, мазумунли бўлишида йиллар аввал Ереванда танишган шоира дўстим Вика Чембарцева катта ёрдам берди. Бизни уюшма ва бошқа дўстлар билан боғлади барака топгур. Ўзи Парижда эди, кўриша олмадик. Кетар кунимиз, Кишинёвга қайтга экан, аммо уни безовта қилгим келмади ва телефонда гаплашиб, тез орада дунёнинг яни бир гўзал бурчида кўришишни ният қилиб, хайрлашдик.

Молдова, йўлинг ҳамиша равон бўлсин! Эркинлик, фаровонлик йўлидаги ҳаракатларинг ва ютуқларингга ҳеч кўз тегмасин!

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *