Сербия бошкенти Белград кундалиги

Халқаро ижодий сафарим давом этмоқда. Янги мамлакат, янги кўчалар, янги учрашувлар…

Ҳозир “Оқ шаҳар”даман. Бу Европа мамлакати, аммо Европа Иттифоқи аъзоси эмас. Пойтахтида Дунай ва Сава дарёлари туташади, жамоат транспорти эса мутлақо бепул!

Бу ерда евро эмас, миллий валюта ишлатилади. Шаҳар тарихида кўплаб урушлар ва вайронагарчиликлар бўлган, аммо у ҳар сафар яна қайта қад ростлаган.

Хўш, дунёнинг қаерига келдим? Топинг-чи!

Сербия пойтахти Белград – Оқ шаҳардан самимий салом ва дуоларим!

Бу ерга келишимнинг асосий сабаби нима бўлиши мумкин?

Белград тарихи 2000 йилдан ҳам узоққа бориб тақалади: римликлар, византияликлар, усмонлилар ва австрияликлар бу ерда ўз изларини қолдирган.

Бу ерда Европа муҳити билан Болқон руҳи жуда қизиқ йўсинда аралашиб кетган. У тарих ва замонавий ҳаёт ёнма-ён яшаётган шаҳар. Қадимий қалъа, черковлар, китоб дўконлари ва кафелар орасида юриб, бир вақтнинг ўзида Рим даврини ҳам, замонавий Сербияни ҳам ҳис қилиш мумкин.

Мен учун эса ҳар бир янги шаҳар, аввало, унинг шоирлари, ёзувчилари ва хотиралари билан танишиш имкониятидир.

Белград кўчаларида трамвай, троллейбус ва автобусларни кузатиш нақадар завқли! Троллейбусни кўрган заҳотим мактабга борган кунларим эсимга тушди: эрталаб сумкамни елкамга осиб, уйдан чиқардим, троллейбусга чиқиб, атиги бир бекат юрардим. Баъзан шу бир бекатнинг ўзи ҳам болалик учун катта саёҳатдек туюларди.

Белградда троллейбусга қараб туриб, ўша кунларнинг иси, чинорлар соя солган кўча шовқини ва мактабга шошилган болалик ҳисларим яна қайтгандек бўлди.

Белград троллейбуслари симлари осмонда ўзича бир расм чизади, трамвайлар эса рельслар бўйлаб шаҳарнинг турли қисмларини боғлайди.

Саёҳат қизиқ-да: сиз янги ўлкани кашф этаман деб йўлга чиқасиз, аммо бир пайт келиб у сизга ўз болалигингизни эслатиб қўяди. Бир троллейбус, бир бекат ва анча йиллар олдин қолиб кетган, лекин ҳали ҳам шуурингизда яшаётган болаликни…

Танишинг: шоир Вук ва ёзувчи Бошко!

Вук ҳали талаба: визуал медиа, коммуникация ва фотографияни ўрганяпти. Атайин қўшни шаҳардан келиб, бизга Белграднинг энг гўзал қисмини кўрсатди.

Бошко эса ёзувчи, ўқитувчи ҳамда кинорежиссёр. У менга китобини совға қилди. Суҳбат давомида унинг севимли ёзувчиларидан бири Чингиз Айтматов эканини билиб, адабиёт одамларни қандай яқинлаштиришини ҳис қилдим.

Эски дўстим Миля Вук орқали Миша Салемовичнинг русчага ўгирилган “Крепость”асарини бериб юборибди. Ўзим учун яна бир серб ёзувчисини кашф этдим.

Белграддаги энг машҳур тарихий жойлардан бири — “Белград қалъаси”. У Сава дарёси Дунайга қўшиладиган ерда жойлашган. Қалъа асрлар давомида бир неча марта қурилган, кенгайтирилган ва турли давлатлар, жумладан Усмонийлар қўлида бўлган.

Очиқ осмон остида танклар, тўплар ва бошқа ҳарбий техникалар ҳам намойиш қилинганини кўриб, дунёга қуроллар эмас, ўқиш ва бир-биримиз билан бўлишиш учун яхши китоблар кераклигини ўйладим.

Баландликдан Белграднинг катта қисмини кўриш, нима учун айнан шу жой асрлар давомида стратегик нуқта бўлганини тушуниш мумкин.

“Калемегдан” деб аталувчи, илгари ҳарбий майдон бўлган жой бугун Белград аҳолиси ва меҳмонлари сайр қиладиган, Дунайга қараб шеър тўқиладиган энг севимли маскандир.

Белградга келишимнинг асосий сабабларидан бири 1961 йил Адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби Иво Андричнинг уй-музейини кўриш эди.

Андрич ёзувчи бўлиш билан бирга дипломат, 1939 йилда Берлинда элчи бўлган. Унинг энг машҳур асарларидан бири “Дрини кўприги”да Болқон тарихи ва турли халқлар тақдири Вишеграддаги машҳур кўприк воситасида тасвирланади.

Белград марказидаги тарихий бинода жойлашган музей Андрич 1958 йилдан 1975 йил вафотига қадар рафиқаси Милица Бабич билан яшаган квартирада ташкил этилган. Ёзувчининг китоблари, қўлёзмалари, суратлари, шахсий буюмлари ва Нобель медали шу ерда сақланмоқда.

Бундай жойлар аслида оддий музей эмас, ёзувчининг овози, нафаси ҳали ҳам сезилиб турган тирик хотира масканига ўхшайди.

2026 йил сентябрь ойи

 

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *