Никола Тесла номидаги аэропортдан учиб, ҳозиргина яна бир мамлакатга қўндим. Инглиз тилида “оч” деган сўзга жуда ўхшайди, шунинг учун ҳар сафар номини айтсам, қорним очиб кетади! Бу ерда кубик-рубик, шарикли ручка ихтиро қилинган. Миллий таомларини эса қалампирсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Пойтахти катта дарё бўйида жойлашган ва аслида икки шаҳарнинг қўшилишидан пайдо бўлган. Ер остида иссиқ булоқлари жуда кўп. Бунга адабиёт, санъат ва янги учрашувлар изидан келдим. Хўш, қайси мамлакатга, қайси шаҳарга қўндим?
Будапештдан салом ва дуоларим!
Ўтган йили адабиёт бўйича Нобель мукофоти венгр ёзувчиси Ласло Краснахоркаига берилганди. Мен келган пайтда эса Будапештда унинг ижодига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда: ELTE университетида ҳатто Краснахоркаи номидаги ўқиш зали очилибди.

Будапешт остида табиий иссиқ сув булоқлари жуда кўп. Ҳайвонот боғидаги бегемотлар, филлар ҳам термал сувдан баҳраманд бўлар экан! Венгр тили Европадаги кўп тилларга унчалик ўхшамайди. Шунинг учун бу ерда бирор сўзни ўқиб, маъносини тахмин қилиш анча қийин. Лекин шаҳарнинг ўзи беқиёс: Дунай дарёси, эски кўчалар ва бинолар, трамвайлар… Сафарларимни ҳавас билан кузатаётганларга бундан-да хайрли саёҳатлар насиб этсин!
Танишинг: Шандор Ҳалмоши!

Шандор — шоир, таржимон, муҳаррир ва математик. У 1971 йилда туғилган, 10 йилча Германияда яшаган, кейин Будапештга кўчиб келган. Бир неча тилда равон гаплашиши, 16 та китоби чиққанлиги ўз йўлига, унинг инсон сифатидаги самимийлиги, меҳмондўстлиги ва Венгрияни бизга чин дилдан кўрсатишга бўлган хоҳишига балли дейман.
Аэропортда кутиб олиш, қўшни шаҳарга олиб бориш, учрашув ташкил қилишдан тортиб, Будапештдаги уйининг тўридан жой беришни кўпчилик европаликлардан кутмайсиз. Шандор – чиндан бошқача ижодкор. Барака топсин!
Шундай инсонлар туфайли сафарлар оддий саёҳат бўлиб қолмайди, балки янги чинакам, мустакам дўстликка айланади. Дўстларимни бутун дунёга сочиб қўйган Аллоҳга минг-минг шукур!
Венгрия жанубида, Тиса дарёси бўйида жойлашган, “серқуёш шаҳар” деб аталувчи гўзал университет шаҳрида илиқ ва унутилмас адабий учрашув қилдик. Бу шаҳарда 10 йилча аввал Ҳиндистонда танишган дўстим Роланд Орчик яшайди. Венгрияга келишимизни эшитиб, она шаҳрига таклиф этди.

Эски пластинка, кассета ва дисклар сотиладиган дўкон-кафеда шеърлар ўқилди, мусиқа чалинди, Ўзбекистон ҳақидаги саволларга очиқ жавоблар янгради, хуллас, зўр алмашув бўлди!
Учрашувга талабалар, ҳатто қўшни шаҳарчадан одамлар келишди. Сандор зарурат туғилганда венгерчага таржима қилиб турди. Шеърларимизни венгерчага ўгириб, тайёрлаб қўйган экан, ора-сира уларни ўқиб бериб турди.

Будапешт ўзини баланд-баланд бинолар билан кўрсатишга уринмайди. Шаҳарсозлик қоидалари бинолар баландлигини чеклайди, тарихий марказ ва муҳим манзараларда осмонўпар биноларга йўл қўйилмайди. Шунинг учун қадимий гумбазлар, черковлар, томлар ва тепаликлар шаҳар қиёфаси билан уйғунлашиб кетган.

Шаҳарнинг юраги эса, албатта, Дунай дарёси. Буда ва Пештни боғлаб турган кўприклар гўё шаҳарнинг икки томони ўртасидаги суҳбатдошдек. Деворлардаги граффитилар ва мюраллар шаҳарнинг замонавий овозига ўхшайди. Бу ерда санъатни фақат музейдан эмас, оддий кўчадан ҳам топиш мумкин.

Гўзал шаҳар бўлиш учун энг баланд бино ёки энг янги иншоот шарт эмас. Баъзан дарё, кўприк, эски уйлар, кўча санъати ва одамларнинг оддий, хотиржам ҳаётининг ўзи етарли.
2026 йил сентябрь ойи

