Руминия Шарқ билан Ғарб, қадимият билан бугун ўртасидаги бир кўприкдек туюлмоқда. Қора денгиз бўйидаги Констанца эса бу туйғуни янада кучайтиради. Бу Жануби-Шарқий Европада жойлашган, Карпат тоғлари, Дунай ва Қора денгиз оралиғидаги тарих ва маданиятлар чорраҳасида шаклланган мамлакатдир.

Констанца эса оддий денгизбўйи курорти эмас. Унинг тарихи икки минг йилдан ҳам узоқ. Қадимда бу ер Томис деб аталган юнон шаҳар-колонияси бўлган, кейин Рим даврида муҳим портга айланган. Балки шунинг учун ҳам шаҳарда юрган одам бир вақтнинг ўзида бир неча даврни ҳис қилади: қадимги харобалар, Рим мозаикалари, эски шаҳар кўчалари, масжид ва черковлар, XIX–XX асрларга оид бинолар, кейин эса замонавий шаҳар ва порт.

Констанца ҳақида ўйлаганда эса адабиётни эсламаслик қийин. Қадимги Рим шоири Овидий умрининг сўнгги йилларини айнан Томисда сургунда ўтказган. Унинг ҳайкали бугун ҳам шаҳар марказидаги Овидий майдонида турибди. Бу гўшага сафаримнинг сабаби бор — шеърият фестивали. У ҳақида алоҳида ёзаман.
Руминияга “Poezie la Nisip” халқаро шеърият фестивалида иштирок этиш учун келдим. Бу йил фестиваль еттинчи бор ўтказилмоқда. Шу кунларда Руминия матбуотида фестиваль ҳақида ўқиб, ўз исмимни ҳам иштирокчилар орасида кўриш алоҳида илиқ туйғу бағишламоқда.

Тошкентдан Қора денгиз соҳилигача келиб, яна бир янги адабий даврага қўшилишдан хурсандман. Икки кунки румин, ўзбек, япон, француз, болгар ва бошқа тиллар бир даврада, бир соҳилда учрашмоқда. Ҳар жойга плакатлар осилган: унда “Ўзбекистон” ҳам бор.
Мен учун бу фестиваль яна бир маданий кўприкдир. Энди у кўприкдан ўзбекистонлик ижодкорлар ҳам ўтса, муродим ҳосил бўлади.
Констанца яқинидаги Наводари технология мактабида илиқ ва эсда қоларли учрашув бўлди.

Биз бу ерда шунчаки адабиёт ҳақида гаплашмадик. Жамият, таълим, ёшлар, мамлакатдаги муаммолар, сиёсат, коррупция, ёзувчининг жамиятдаги ўрни ҳақида очиқ суҳбатлашдик. Менга айниқса ўқувчиларнинг ўз фикрларини эркин билдиришлари ёқди. Ҳеч ким уларни тўхтатмади, фикрини чекламади. Менимча, ҳақиқий таълим ана шундай очиқ мулоқотдан бошланади.
Ёшларга бир кичик, лекин муҳим сирни айтдим: яхши нарсани бошқалар билан бўлишишдан қўрқманг. Билимингизни, тажрибангизни, имкониятингизни, меҳрингизни, яхшилигингизни бошқалар билан қанча кўп бўлишсангиз, ўзингиз ҳам шунча кўпроқ ютасиз, улар ўзингизга бошқа йўл билан қайтиб келади!
Констанцадаги марказий кутубхона 1931 йилда ташкил этилган, унинг шаклланишида тарихчи ва давлат арбоби Николае Йорга муҳим роль ўйнаган.
Шу тарихий ва маданий маконда мен ҳам ўз шеърларимдан ўқидим. Кутубхона директори Эмилия бу ерда биринчи марта ўзбекча шеър жаранглади, дея мени янада руҳлантирди.

Кутубхона фақат китоб сақланадиган жой эмас. У ерда одамлар учрашади, фикр алмашади, шеър ўқилади, саволлар берилади ва дунё бироз кенгайгандай туюлади. Ўзбекистонда ҳам шундай кутубхоналар кўпайсин!
Бу йилги «Poezie la Nisip» фестивалида турли мамлакатлардан келган шоирлар билан бирга бўлиш, уларнинг шеърларини эшитиш ва суҳбатлашиш мен учун алоҳида завқ. Ирина Нечит — Молдовадан келган таниқли шоира, Петар Чухов — Болгариянинг шоир ва мусиқачиси, Анн Барбюсс — Франциядан келган шоира ва таржимон, Иллинка Берня — Бельгиядан иштирок этаётган ёзувчи ва шоир, Юсуке Мияке — япониялик шоир ва менинг қадрдон дўстим.

Яна бир гўзал жиҳати: бу ерда ҳар бир инсон ўз тили, ўз тажрибаси ва ўз дунёқараши билан келган. Богдан Гиу каби румин адабиётининг муҳим овозлари билан бир даврада ўтириш, турли мамлакатлардан келган ижодкорларни тинглаш адабиётнинг чегара билмаслигини яна бир бор ҳис қилдиряпти.
Мен учун фестиваль фақат шеър ўқиш эмас. Янги дўстлар, янги суҳбатлар, янги ғоялар ва турли маданиятлар ўртасида кичик кўприклар қуриш имконияти. Ҳар бирларини бағримга босаман.

Руминиядаги ушбу фестивалнинг бугунги қиёфасида икки ижодкор аёлнинг меҳнати алоҳида ўрин тутади. Даниэла Варвара — шоир, фестивал ташаббускори ва директори. У Корбуда туғилган ва шу ерда яшайди. Унинг энг муҳим ишларидан бири, менимча, шеъриятни одатий заллардан чиқариб, денгиз, қум, табиат ва одамлар ҳаёти билан учраштиришдир.

Юлия Панэ — шоир ва визуал санъаткор. Унинг ижодида сўз ва тасвир, шеърият ва визуал дунё бир-бири билан яқин мулоқот қилади.
Улар фестивални шунчаки бир неча кунлик шеър ўқиш тадбири сифатида эмас, турли мамлакатлардан келган ижодкорларни учраштирувчи, адабиётни табиат ва жамоат ҳаёти билан боғловчи тирик макон сифатида яратиб келаётганидир.

Фестиваль доирасида яна жуда қизиқ ва ўзига хос бир тадбир бўлди. Маҳаллий рассомлар фестивалда иштирок этаётган шоирларнинг шеърларидан илҳомланиб, айрим шеърлардан бир неча мисра ёки ҳатто биргина сатр танлаб, улар асосида ўз асарларини яратишибди. Яъни биз сўз билан айтган нарсаларни улар ранг, шакл ва тасвир орқали қайта сўзлаб беришди.
Констанцадаги комедия устаси Жан Константин марказида намойиш этилган кўргазмада шеърларимиз бошқа инсонларнинг кўзи, қалби ва ранглари орқали янги ҳаётга эга бўлди.
Машҳур румин комик актёри Жан Константин 1927 йилда туғилган, 1950 йиллардан бошлаб кино, театр ва телевидениеда фаол ижод қилган. У 2010 йили Констанцада вафот этган. Бугун унинг номи билан аталган бу марказ эса ёшлар ва санъаткорлар учун жонли маданий маконга айланган.
Фестиваль ташкилотчилари шу марказда ҳали китоб чиқармаган, аммо ижод қилаётган ёш шоирларга ҳам микрофон тутди.

Улар шеърларини ўқишди, аудитория билан мулоқот қилишди, ўзларини синаб кўришди. Менимча, бу жуда тўғри қарор: адабий фестиваль фақат танилган, китоблари чиққан ижодкорлар учун эмас, ҳали йўлини бошлаётган ёшлар учун ҳам эшик очиши керак.
Ёш шоирга баъзан битта саҳна, битта тингловчи ва «сенинг овозинг ҳам биз учун муҳим» деган ишончнинг ўзи катта куч беради. Бугун аудитория олдида илк бор шеър ўқиётган ёш муаллиф эртага ўз китобини чиқариши, бошқа бир фестивалга таклиф қилиниши мумкин. Катта адабиёт ҳам бир вақтлар кимнингдир биринчи шеъри ва биринчи саҳнасидан бошланган.
Қора денгиз соҳилидаги афсонавий “Касино” биносида Руминия ва дунёнинг турли бурчакларидан келган шоирлар билан бир саҳнада қисқагина инглизча шеъримни ўқидим.

Бу шунчаки фестивалдаги яна бир чиқиш эмас, балки Тошкентдан Костанцагача босиб ўтилган йўл, янги дўстлар, янги мамлакат ва яна бир бор ишонганим оддий ҳақиқат: шеърнинг ватани битта эмас. У инсон қалби эмин-эркинликни истаб уриб турган ҳар бир жойда яшайди.
Корбу фестивали бизга нафақат шеър ўқиш, балки бу заминнинг узоқ тарихини ҳис қилишга ҳам имкон берди. Шоир дўстлар билан қадимги Ҳистрия шаҳрига йўл олдик.

Ҳистрия — милоддан аввалги VII асрда юнонлар Қора денгиз соҳилида барпо этган шаҳарча. Бугун унинг харобалари орасида юрар экансиз, бу ерда бир вақтлар савдо, маданият ва турли халқлар учрашуви қайнаганини тасаввур қилиш қийин эмас. Қадимги деворлар, кўчалар ва ибодатхоналар қолдиқлари орасида тарих гўё китоб саҳифаларидан чиқиб, кўз ўнгингизда жонланади.
Қадимги юнонлар из қолдирган жойлар, Добружа осмони ва Қора денгиз шамоли остида шеър ўқиш энг эсда қоларли лаҳзалар. Гўё минг йиллар оша тарихнинг ўзи бизга қулоқ тутгандек.
Руминиянинг кўҳна Ҳистрия шаҳарчаси харобалари орасида бир тош буюм кўзимга жуда иссиқ кўринди. Гид бунинг сув учун ишлатилганини айтди.
Самарқандда Гўри Амирга киришда ўнг томонда ҳам шунга жуда ўхшаш тош буюм бор. У ҳам сув билан боғлиқ.

Ҳистриядаги буюм, орада қанча асрлар ва қанча масофа бўлишига қарамай, Самарқанддаги билан жуда ўхшашлиги сизниям қизиқтириб қўйдими?
Ҳистриядаги музейда қадимги даврларга тегишли катта-кичик буюмлар бор.
Мана буларнинг ўлчами кичик бўлса-да, бир вақтлар одамларнинг кундалик ҳаётида муҳим ўрин тутган.
Минглаб йиллар аввалги ундай оддий буюмларга қараб, ўша давр одамлари қандай яшагани, кечаларини қандай ўтказганини ўйлаб қоласиз. Баъзан тарихдан катта саройлар ёки деворлар эмас, айнан шундай кичик топилмалар зўр ҳикоялар сўзлаб беради.

Қора денгизни Руминия, Болгария, Туркия, Грузия, Украинада кўриш мумкин. Асрлар давомида у халқларни боғлаган йўл, савдо ва саёҳат макони бўлиб келган.
Қора денгизда биринчи марта 1988 йили Қримдаги “Артек” пионерлар лагерига борганимда чўмилгандим. Ҳозир Руминиянинг Костанца соҳилида унга завқланиб қараяпман.
Костанца учун бу денгиз порт, савдо, балиқчилик, туризм ва шаҳар ҳаётининг муҳим қисмига айланган.
Денгиз овозини эшитсам, бир вақтлар шундай шовуллаб турган Оролимизни ўйлаб, хомуш тортиб қоламан…

Руминия радио, телевидение, маҳаллий нашрлар ва адабий ташкилотлар фестиваль, унда қатнашган ижодкорлар ва Костанца, Корбу ҳамда қадимги Ҳистриядаги тадбирлар ҳақида мунтазам хабарлар бермоқда.
Менимча, бу жуда яхши маданий тажриба. Адабиёт фестивали фақат бир неча кунлик тадбир эмас. У мамлакат адабий ҳаёти, ижодкорлари, маданий мероси ва халқаро алоқаларини жамоатчиликка кўрсатиш имконияти ҳамдир.
Ўзбекистонда ҳам бизнинг мустақил адабий-маданий ташаббусларимиз, фестивалларимиз, ижодий лойиҳаларимиз ҳақида бир куни ёзишни истаб қолишар, деган умид бор (агар рухсат тегса, албатта!)
Руминия матбуотига эса каминани бот-бот эслаб қўйгани учун катта раҳмат!
Мен учун “Sand Poetry Festival” (Қум шеърият фестивали)нинг энг эсда қоладиган лаҳзаларидан бири денгиз бўйидаги анъанавий шеърий давра бўлди. Қуёш ботишига яқин денгиз шовуллашига ҳамоҳанг шеърларимизни ўқиш…

Мен чет элларда кўп жойларда шеър ўқиганман: театрлар, музейлар, кутубхоналар, кўчалар, тоғлар, кенг майдонлар, аёллар қамоқхонаси…
Лекин қум устида, денгизга қараб, қуёш ботишини кутиб шеър ўқишнинг ўзгача завқи бор!
Оҳ, бу бетакрор лаҳзаларни ҳеч қачон қумда қолдириб кетмаймиз, деб ўйлайман.

Халқаро фестивалларда маҳаллий ва чет эллик шоирларни кузатарканман, шукурки, эркин давраларда ҳеч ким “Ватаним, Ватаним”дея томоқ йиртмаяпти, деб хурсанд бўламан. Ҳеч ким шеърни кимгадир ёқиш учун, ҳокимият олдида ўзини кўрсатиш учун ёки бирор раҳбарни “Султоним, Султоним”деб улуғлаш учун ўқимайди.
Шеър бу ерларда анча эркин, анча баланд. Унда севги ҳам бор, ғазаб ҳам, қувонч ҳам, ёлғизлик ҳам, шахсий хотира ҳам, Ватан ҳам бор. Аммо Ватанни севиш билан Ватанни мақташ бир нарса эмас. Шеър инсоннинг ўз овози, самимий ҳисси ва ҳақиқатидир.
Балким, бизга ҳам шеър деганда “Ватан ҳақида нима дединг?” деб эмас, “Ўзинг ва Ватанинг ҳақида қандай ҳақиқатни айта олдинг?” деб ўйлаш ва ёзишни ўрганиш пайти келгандир?
Эсингизда бўлсин: ёлғон ёзадиганларни халқаро адабиёт саҳнасига яқинлаштиришмайди; мабодо бир амаллаб чиқиб олсангиз ҳам, устингиздан қаттиқ кулиб, ёлғончилар юртига улоқтиришади.

Кишинёвда мушукларни деярли учратмаган эдим, Руминида улар анча кўп экан. Кўчада юрсангиз, албатта, бир-иккитаси йўлингиздан чиқади.
Баъзилари эса шундай хотиржамки, гўё шаҳарнинг эгаси ҳам, назоратчиси ҳам ўзи.
Бугун яна бир руминиялик дўст орттирдим. Суратга ҳам тушдик. Номини ҳали сўрамадим, лекин муносабатларимиз яхши бошланди.
Констанцанинг марказидаги эски ва жуда чиройли бинолардан бирида Ижодкорлар уйи жойлашган. Ундан студия сифатида фойдаланиш, расм чизиш, яшаш, турли тадбирлар ўтказиш ва, энг муҳими, ўз фикрини эркин айтиш мумкин.

Бу ерда рассом, шоира ва устоз Юлиана Пана билан узоқ суҳбатлашдик. Турли мамлакатлардаги сафарларимиз, резиденциялар, шеърият, эркинлик, ижодкорнинг вазифаси ҳақида гаплашдик. Албатта, жиддий мавзулар орасида қотиб-қотиб кулдик ҳам. Чунки дунёдаги барча муаммоларни ҳал қилишга уринган шоирлар баъзан ўзларини ҳам жуда жиддий қабул қилмасликлари керак.
Шу бинода ўтириб, Ўзбекистонда ҳам шундай халқаро ижодкорлар маскани бўлса эди, деб яна бир бор ўйладим. Бундай жой мамлакатнинг дунё билан маданий мулоқоти учун жуда яхши кўприк бўлар эди. Қачон бўлади, билмайман. Айниқса, Аъзам Обид билан жуда эҳтиёт бўлиб гаплашадиган, ҳатто ўқувчиларидан у билан мулоқот қилмасликни сўрайдиган раҳбарлар бор юртда… Аммо орзу қилиш Ўзбекистонда ҳали тақиқланмаган-ку!
Фестивалнинг сўнгги кунини Корбу маданият марказида “рэнши” ёзиш билан якунладик.
Рэнши — бир неча шоир навбат билан шеър ёзиб, битта умумий шеър яратадиган жамоавий поэтик шакл. Яъни, бу ерда ҳар ким ўзиникини ёзиб кетавермайди: аввалги шоирнинг ёзганини ўқиб, кейин унга ўз мисраларингизни қўшасиз. Хуллас, “ҳм, энди буни қандай давом эттирсам экан?” деган митти ижодий саргузашт.
Эстафетани мен бошлаб бердим, беш мисра инглизча шеър ёздим. Кейинги шоир уч мисра қўшди. Кейингиси яна бешта, ундан кейин яна учта… Шу тариқа фестивалда иштирок этган барча шоирлар ўз сўзи, кайфияти ва овозини қолдирди.
Яна бир чиройли томони, биз бу Рэншини қоғозга эмас, матога ёздик. Энди у Корбу маданият марказида қолади ва кўргазма сифатида намойиш этилади.
Жамоавий шеъримиз мана шундай кўринишга эга бўлди. Мени топдингизми? Ёзган шеъримни-чи? Нима ҳақида ёзибман?
Мезбонимиз, кулиб турган шоира ва устоз дўстимиз Даниэла хонадонида нуроний ота-онаси билан тинишиб, жуда мазали тушлик қилгач, унинг денгиз соғилига яқин квартирасида қолдим. Эртасига Юсуке ҳам келди ва денгиз бўйида суҳбатлашиб, узоқ сайр қилдик. Эртасига Даниэла хоним бизни машинасида поезд вокзалига кузатиб қўйди. Юсуке билан Бухарестга келдик ва у ерда яшовчи дўсти билан Беллу қабристонига бориб, Руминиянинг буюк шоири Михай Эминеску ва бошқа румин адиблари хотирасига ҳурмат бажо келтирдик.

Бу қабристонда мамлакат адабиёти ва маданияти тарихида муҳим ўрин тутган кўплаб ижодкорлар дафн этилган.
Михай Эминеску (1850–1889) шеърларида муҳаббат, табиат, ёлғизлик, вақт ва инсон тақдири каби мавзулар чуқур ифодаланган. Фароғат Камолова, Азиз Абдураззоқ, Хуршид Даврон Эминеску шеърларини ўзбек тилига таржима қилишган.

Руминияда бизга шунчалик илиқ муносабат билан мезбонлик қилган барча дўстлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Руминиялик дўстларни энди Ўзбекистонда кўриш ва мезбонлик қилишдан шод бўлур эдим. Икки мамлакат ижодкорлари ҳар йили ўтказиладиган резиденция дастури, маданий ва адабий алмашув лойиҳалари қилса арзийди. Бўлиниб бораётган дунёда бундай дўстлик ришталарини боғлаш ва мунтазам йўлга қўйишни тушунган одамлар, ҳомийлар кўпайса, деган умдимиз бор. Катта омад сенга, бағрикенг, адабиёт ва санъатсевар Руминия!

