1990 йилда америкалик машҳур ўзбекшунос олим Эдвард Оллвортнинг “The Modern Uzbeks: From the Fourteenth Century to the Present” китоби нашр этилган эди. Орадан 36 йил ўтиб, бу муҳим асар ниҳоят ўзбек тилида ҳам китобхонларга етиб келмоқда.
2004 йили Нью-Йоркда Эдвард домла билан учрашганим эсимда.
“Янги аср авлоди”нашриётига бориб, шу муносабат билан қисқа интервью бердим ва нашриёт жамоасини ушбу хайрли иш билан табрикладим. Ўзбекистон тарихи, ўзбек халқи ва унинг миллий ўзлиги ҳақидаги илмий асарларни ўз тилимизда ўқиш имконияти кенгайиб бораётгани таҳсинга лойиқ. Нашриёт жамоасига ташаккур!
Албатта, бундай китоблар таржимаси учун ўнлаб йиллар кутмасак, янада яхши бўларди. Жоанна Лиллиснинг “Silk Mirage” каби Ўзбекистон ҳақидаги муҳим асарлар ҳам ўзбек тилида тезроқ нашр этилишини истардим. Мамлакатимиз ҳақида дунёда ёзилаётган китоблар ўзбек китобхонига ҳам ўз вақтида етиб келсин!

