МАРИЯ ФИЛИПОВА: Сизга атрин сочади ҳар дам!
Асардан парча
(90-йиллар боши ҳикояси)
Биринчи имтиҳондан муваффақиятли ўтиб олгач, дарҳол ўзимни яхшироқ намоён этиш йўлларини излашга тушдим. Фикр-у хаёлим Ўзбекистоннинг маданий ҳаётида фаол иштирок этишда эди, бутун борлиғи билан менга очилган шу халқ ва мамлакат учун нимадир қилишни ўйлардим. Имтиҳонларга тайёргарлик жараёнида, Ёзувучилар уюшмасини кашф этганим кунлар қалбимда адабий асарлар таржимасига киришиш иштиёқи туғилганди.
Пойтахт Тошкент ва вилоятларда айни пайтда қандай муҳим воқеалар содир бўлаётганидан бохабар бўлиш мақсадида бир нечта газета сотиб олдим. Қарангки, муҳим бир воқеа устидан чиқибман: бу йилни Ўзбекистонда Алишер Навоий йили деб эълон қилишган экан! Кўп китоб ўқиганим учун таниқли муаллифларни, хусусан жаҳон классикларини яхши билсам-да, ҳали анча ғўрлигим учун бу номни биринчи марта эшитиб тургандим. Дарҳол кутубхонага бориб, Навоий китобларини топиб ўқишга киришдим. Алишер Навоий ёхуд ўзбеклар “Ҳазрат”деб атайдиган зот мен учун 15-аср адабиёти эшикларини очиб берди, унинг улкан донишмандлигини билиб олдим ва ўзим учун янги дунё очдим. Навоий девонларидаги маснавий, рубоий, татаббу, ғазаллар мени жуда илҳомлантирди, ваҳоланки шеъриятда бундай жанрлар борлигини илк бор кўриб турардим. Шундан кейин Фирдавсий, Низомий Ганжавий каби шоирларни ҳам ўзим учун кашф этдим. Мўъжизалар оламига тушиб қолгандайдим. Мутолаани кимдан бошлаш, нима ҳақида кўпроқ тафаккурга берилишим керак, деб ўйлардим. Нега аввал ҳеч ким бу ерда уйғур, чиғатой, ҳатто эски уйғур тиллари борлигини айтмаганди менга? Қанча кўп ўқисанг, шунча кам билишингни англай бошлайсан, деган гап рост экан.
Навоий-Фоний менда катта таассурот қолдирди, унинг айниқса “бизга нима жафо тегди, эътиқод, тавбамиз қани?” маъносини берувчи сатрларидан мутаассир бўлдим, одамзотнинг узоқ вақтлардан бери содир этаётган гуноҳларини, тавбамизнинг эса анча озлигини ўйладим. Неча аср аввал ёзилган сатрлар худди бугун тизилгандай, худди ўзимга қаратилгандай, ўзимникидай эди. Мутолаа жараёнида сатрлар шу қадар қардрли туюлганидан, барча сўзлар, барча муаллифлар билан қоришиб кетгандайдим, худди асрлар бўйи дунёни дарбадар кеза-кеза ахири ўз уйимга қайтиб келгандай эдим. Илҳомим тошиб борар, ғалати, нотаниш бир тилда шеърлар қуйилиб келар, руҳу жонимда айланарди.
Ўзбекистондалигимда биринчи ёзган кичик шеърим Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига аталганди. Ҳар бир сўзни яшаб ўтган, кўзларимдан тирқираб ёш қуйилган маҳал, бу ўзимми, йўқми, дея савол сўраганим эсимда. Ҳаммаси табиий ва дилимга жуда-жуда яқин, бундай эмаслигига биров ишонтиролмас ҳам эди.
Шу кайфият билан Навоийга бағишлаган янги шеъримни кўрсатиш учун Ёзувчилар уюшмасига бордим. Шоир Чоршаъм Рўзиев алоҳида лутф кўрсатиб, рус тилида ёзганим шеърни ўзбекчага таржима қилганда, ўзимни еттинчи осмонда ҳис қилганман. “Шеъримни ўзбекчага ўгиришди” дея ҳаяжонланаркан, кун бўйи таниш ҳарфларни бир-бирига боғлаб, сатрларни ўқишга ҳаракат қилар, тилим ўзбекча гапиришга яхши айланмай, сўзлар ичимдан ғалати-ғалати чиқиб келарди.
Талабалар ётоқхонасида ёдлаб олган шеъримни баланд овозда ўқиб бераркан, курсдош дугонам, Яссавий музейи ходимаси, Низомийда сиртдан ўқиётган Моҳира мени тинглаб туриб, ҳазиломуз сўраганди:
“Қайси тилда ўқияпсан бу шеърингни?”
“Сенинг тилингда-да”, – жавоб қилгандим мен ишонч билан.
“Вой, мен ўз она тилингда ўқияпсан, деб ўйлабман, чунки ўқиганингда ҳеч нарсани тушунмадим”, – деганди у кулиб.
Унинг гапидан иккаламиз ҳам хохолаб кулиб юборган, албатта, мен унинг ҳазилини тушуниб турар, негаки ўзбекча сўзларни кулгили талаффуз қилаётганимни ўзим ҳам билардим. Шунга қарамай, кечаси билан ҳеч кимга эшиттирмай, ўша ўзбекча тўртликни қайта ва қайта ўқиб чиққаним эсимда:
Сизга атрин сочади ҳар дам,
Булғористон – гуллар анвойи.
Таъзимдаман мен ҳам бу айём,
Қутлуғ бўлсин, ҳазрат Навойи!