— Баҳром ака, газетамизнинг асосий ўкувчилари — ёшлар. Улар худди мен каби сиз билан шеърларингиз ва мақолаларингиз орқалигина танишлар. Болакай Баҳромжон қандай бўлган, мактабда неча баҳога ўқиган, нималарга қизиққан, нималарни орзу қилган… Қисқаси, улар сизнинг болалик ва ёшлик йилларингиз тўғрисида билишни исташади…
— Болалик пайтларингда йиллар тез ўтишини, тезроқ улғайишни истар экансан. Улғайгач, айниқса, ёш элликка яқинлашгач, болаликнинг тотли дамларини соғинасан.
Болалик мавсумини эслаш мароқли.
Қўрғонсифат қовлида яшаганмиз: қишлик уй, ёзлик шийпон. Қўрғон ўртасидан ариқ оқиб ўтарди — қармоқ ташлаб балиқ тугардик. Ёзда ҳовли саҳнини тўлдириб соя соладиган гужумларимиз бор эди. Ғуж-ғуж чумчуқлар, қалдирғочу булбуллар ҳовлимиздан нари кетмасди. Боғимиз каттагина эди: анжирдан тортиб ёнғоқ дарахтигача бор. Боғ орти теракзор эди. Уйимиз рўпарасида қатор-қатор жийдалар, толлар: оқ тол, қора тол. Эрта кўкламда тол новдасидан дудук (ҳуштак) чиқариб чертар эдик.
Ўн бир ёшимгача бобомнинг тарбиясида бўлганман. Уни мулла Рўзматвой хиволи, дейишарди. Донишманд, эскичадан билимли одам эди. Баланд бўйли, сипо, дид билан кийинадиган. Бир муддат мадраса таҳсилини кўргани учунми, китобийроқ тилда гапирарди. Масалан, бирон нарсадан ҳайратланса, «Ажабо» дерди. Шевамиз бутунлай бошқача. Қишлоқ аҳлини бобомнинг гапириш усули қизиқтирган. Баъзи тенгқурлари унга тақлидан «Абажо» деб кулгуга ҳам қоларкан.
Болалигимда безори бўлмасам-да, ўзимга яраша тўполончи эдим.
Ўйинчоқларни бузиб, ичини очиб кўрардим. Картон қоғоздан ясалган «тойчоқ»ни сувда чўмилтирардим. Жазоламоқчи бўлишса, бобомнинг пинжига яширинар эдим. Дадам доим, бобонг сени жуда яхши кўрарди, деб эслайди.
Майда жониворларга меҳрим баланд эди. Қуён боққанман. Қуёнларнинг туғиш арафасида бўйнидаги юнглари кўпчиб туради. Сўнг юнгни юлиб, уясига тўшаб, устига болалайди. Чиққанда эса уясини ёпади. Митти қуёнчалар сал-пал каттаргач, ёпилган уя оғзини тешиб, ташқарига чиқишади. Оқ, шишадек кўзлари қип-қизил қуёнчаларни бир парча момиқ пахтадай бўлиб учиб-учиб юришларини завқланиб томоша қилардим.
Рассом бўлишни орзу қилганман. Дадам шеър ёзарди. Ўн уч ёшимда шеър ёзишга қизиқдим. Ғазаллар ёздим.
Мактабни икки синфдошим қаторида олтин медал билан битказдим. Сўнг талабалик йиллари… Курсимизда, айниқса, пахта теришга борганимизда кечки гулхан атрофида мушоиралар бўларди. Курсимизнинг энг зўр шоири Абдували Қутбиддиннинг жазавага тушиб шеър ўқиганлари ёдимда.
— Сиз ҳар бир ижодкорнинг соф ўз тили бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз. Бунга қўшиламан. Лекин сиз умид қилганчалик “ўз тили” бўлмаса-да, шухрат топган, ўкувчилар мехрини қозонган ижодкорлар кўп. Айтмоқчиманки, содда, анъанавий тилда ёзилган асарлар ҳам мухлислар юрагидан жой олиши мумкин-ку?..
— Талабалик йилларимизда домлаларимиз доимо, «Шеър — санъат асари, шоир — санъаткор», деб уқтиришарди. Кунлардан бир куни домламиз Нажмиддин Комилов Рембонинг битта шеърини таржима қилишга топшириқ берди. Илк бора ўша шеърни — ҳалок бўлган жангчи тўғрисида битиклар — таржима қилганман. Биз тенги авлодга мансуб кўпгина ижодкорлар, шоир тилда ҳунар кўрсатиши керак, қабилида фикрлашади.
Шоирнинг вазифаси машҳур бўлиш эмас, балки, тил имкониятларини очиб беришдир. Токи халқ ўзи гапираётган тилда қанчалик мўъжизалар кўрсатиш мумкинлигига ишонсин.
— Бир гал таржима назарияси дарсида домламиз: “Сиз хорижий тилларни бекорга ўрганаётганингиз йўқ. Ўзбек адабиётида яратилган энг яхши асарларни ўша ўрганган чет тилингизга ўгиришингиз керак!” деган талабни қўйди. Ўзга халқ бизнинг адабиётимизга қизиқса, бизнинг асарларимизга эхтиёж сезса, биз эмас, улар ўз тилларига таржима қилиши керак эмасми? Нима дейсиз?
— Тил билишда хосият кўп. Тил билган бир одам тил билмаган юзлаб мутахассислар амалга оширолмаган ишни бажариши мумкин. Мана бизда ўзбек адабиёти дунё миқёсига чиқиши лозим, деган гап неча йиллардан бери айтилиб келяпти. Лекин каттароқ воқеликни кўрмаяпмиз. Аъзам Обидов — шоир, мутаржим — XX аср ўзбек шоирлари асарларидан намуналарни инглиз тилига ўгириб «Tunes of Asia» («Осиё оҳанглари») баёзини нашр қилдириб, кўпгина хорижий мамлакатларга тарқатди. Айни пайтда шу баёзни ўқиб, ўзбек шеърияти борасида хорижликлар муайян тасаввурга эга бўладилар. Мазкур баёз тўлалигича ассам тилига ўгирилган. Праяг Сайкиа амалга оширган таржималарнинг бир қисми Ҳиндистоннинг нуфузли газета ва журналларида босилибди. Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида ўзбек замонавий адабиётига қизиқиш кучли. Ҳумбольд университети профессори Ингеборг Балдауф иккита насрий, иккита шеърий асарни аслиятдан немис тилига ўгирди. Туркияда каттакон антологиямиз чиқди. Бокуда “Ҳозирги замон ўзбек ва грузин адибларининг асарлари” антологияси озарбайжон тилида ёруғлик юзини кўрди. Лекин булар ҳали денгиздан бир томчидек гап.
Айрим ижодкорларимиз Нобел мукофотини орзу қилишяпти. Аммо номзод илгари сурилиши учун энг аввало Ғарб тилларида кўпроқ китоб чиқариб, экспертлар гуруҳи ҳукмига ҳавола қилмоқ лозим. Менимча, хорижлик таржимонлар билан ўзимиздаги тил билгичлар ҳамкорлиги йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Боиси, хорижлик таржимонлар орасида ўзбек тилини биладиган мутахассислар жуда оз.
Нобел мукофотига номзоди қўйилган адибнинг даҳо бўлиши шарт эмас — илгари шу совринни қўлга киритган ёзувчиларнинг ёхуд Европа университетлари олимлари назарига тушса, шунинг ўзи кифоя. Бу юксак совринга ҳар йили адабиёт соҳасида 150-200 нафар ёзувчи тавсия қилинаркан. Наҳотки, ўша юзталикка яқинлашадиган адибимиз бўлмаса?!
2006 йили турк ёзувчиси Ўрхон Помуқ Нобел мукофотини қўлга киритди. Унинг баъзи асарларини ўқиганман. Ғарб постмодернизми билан Шарқ реализмини ўзаро қориштириб юборган. Усули — нафис, асарларининг тили ширали. Туркийзабон халқларга хос латифлик, эҳтирос кечинмалари ҳар сатрида уфуриб туради.
— «Модернизм” атамасининг маъноси “янги” бўлса ҳам, аслида бир асрдан кўпроқ тарихга эга экан. Бу йўналиш ҳақида адабий жамоатчиликда турфа фикрлар бор. Сиз бу ҳакда нима дейсиз?
— Европа, Америка мамлакатларида модернизмга босқичма-босқич — символизмдан сўнг ўтилган. Маълумки, символизм оқими XIX асрнинг 70 йилларида Францияда шаклланган. Сўнг барча Европа мамлакатларига, шу жумладан, Туркия ва Россияга ёйилган. Бир тарафдан турк, иккинчи тарафдан руслар таъсирида ўзбек адабиётида ҳам XX асрнинг 20-30 йилларида символизм куртак ёзди. Чўлпон, Ойбек каби шоирлар шу йўналишда шеър битганлар. Ҳаттоки, Мақсуд Шайхзода «Символ» деган шеър ёзган экан — «Чорак аср девони» китобига киритилган.
Шўро мафкурачилари «Символизм — буржуа оқими» дея айюҳаннос солишгач, модернистлар ҳаракати таққа тўхтади.
Мутахассислар бу ҳаракатни унутишди — орадан етмиш йилча вақт ўтиб кетди-да.
Мустақилликдан кейинги йилларда ўша ғунча ҳолида сўлган оқим қайтадан жонланди. Айрим қизиққон олимлар масала моҳиятини чуқурроқ идрок қилмасдан, “даҳанаки жанг”га киришиб кетишди. Бу-да табиий ҳол. Гоҳида одам ўзига қаттиқ ишониши, ўзини билағон санаши ҳам мумкин.
Адабиётдаги оқимлар қанчалик кўп бўлса, назариётчи олимларга шунча кўп иш топилади. Айни замонда бизда символизм, постмодернизм йўналишларининг ҳам аломатлари кўзга чалинмокда. Бу нимадан дарак беради? Адабиётнинг бойиб, рангоранг бўлиб бораётганидан эмасми? Бинобарин, миллий адабиётимиз мавқеи ошишига хайрихоҳ ҳар бир мутахассис янги оқимлар амалга кўчаётганидан шодланмоғи лозим.
Модернистик оқимлар моҳиятини тушунтириш бизнинг вазифамизга кирмайди. Назариётчи олимлар бу борада бош қотирсинлар.
— Шоир ёки ёзувчининг зўрлигини сиз қандай мезонларда ўлчаган бўлардингиз? Машҳурлигидами ёки…
— Ҳозирги даврда шоир одам учун машҳур бўлиш жудаям осон. Телевидениеда уч-тўрт марта шеър ўқисангиз, шеърларингиз қўшиқ қилиб айтилса, оммавий нашрларда суҳбатларингиз чиқса, халқ танийди, тан олади. “Шунча мақташяпти-ку, зўр бўлмаса мақташармиди”, — дейди.
Бугун артистларга эргашиб тўйма-тўй юришни канда қилмайдиган шоирлар ҳам бор. Пул топишади — китоб чиқаришади. “Шундай каттакон китоби чиқибди. Зўр бўлмаса китобини босишармиди”, — дейди халқ.
Қадим даврларда шундаймиди? Боболаримиз навоийхонлик, бедилхонлик, машрабхонлик қилишган. Унча-мунча шеърни назарга илишмаган.
Бувим мактаб кўрмаган, ғирт саводсиз эди. Лекин шундай шеърларни ёд ўқирдики… Кайфияти тушкун вақтларда “Сенга келиб кимнинг кўнгли шод бўлди”, — деб йиғларди. Яна бир бобом (онамнинг отаси)“Эй, Баҳодир, ғам ема ҳар иш худо тақдиридир”,— деб завқланиб бош чайқарди.
Ўша замонларда боболаримиз, момоларимиз асарнинг зўрлигини ички туйғу билан сезганлар. Бадиий адабиёт намуналарини ҳаёт ҳақиқати билан таққослаб кўришган. Шу боис ҳам халқ достонлари, Навоий, Бедил, Машраб, Махтумқули шеърлари тўйларда, оммавий сайлларда кўп ўқилган.
Бугун аҳвол бутунлай бошқача — адабиётшунослар кўмагига эҳтиёж бор.
Мезон ҳақида нима дейишим мумкин? Мен асосан, ёзувчи ёки шоир қўллаган усулга зътибор қаратаман. Усулни ўйлаб топиш мушкул. Лекин бизда Ғарб ҳамда Шарқ усулларини ўзаро пайвандлаш имконияти мавжуд.
“Гулистон” журналида “Ранг орқали ичкарига” сарлавҳали мақолам эълон қилинди. Ўша мақоламда символизм йўналишини жонлантираётган ижодкор шеърларини тадқиқ қилганман. Баъзиларга мақола маъқул бўлди, баъзилар “ортиқча мақтаб юоорибсиз”, дейишди. Менинг баҳо бериш тарзим шунақа ўзи.
— Бугун жуда кўп тилга олинаётган қўшиқчиликдаги муаммолар тўғрисида қандай фикрларингиз бор? Эҳтимол, ҳаддан ташқари кўп танқид қилинаётгани учун қўшиқчиларимиз савиясида ўзгариш бўлмаётгандир?..
— Гапингизга қўшилмайман. Боиси, қўшиқчиларни танқид қилаётган бирор санъатшуносни кўрмадим. Айниқса, эстрада қўшиқчилари санъатшуносликда баҳо олганларича йўқ. Севара Назархон бундан мустасно. Севара тўғрисида Ғарб санъатшуносларининг мақолаларини ўқиганман. Мени ҳайратда қолдирган жиҳат шундаки, аксари эстрада қўшиқчилари адабиёт оламида ҳали тан олинмаган, адабиёт оламида исм-шарифини бирор шеършунос билмайдиган қаламкашларнинг машқларини ашула қилиб айтишади. Профессионал шоирлар билан эса алоқа боғламайдилар. Қўшиқ — муқаддас қадрият. Бинобарин, телевидениега чиққан қўшиқчи халқ олдидаги масъулиятни ҳис қилмоғи лозим.
— Суҳбатимизни анъанавий саволдан бошлаган эдик. Охирги саволимиз ҳам деярли анъанавий: Баҳром Рўзимуҳаммад ижодида яна қандай янгиликлар бор?
— Европа усулида “Шамол тарихи” шеърий китобимни нашрга тайёрлаяпман. Тўпламга янги шеърлар билан бирга шамол мавзуидаги эски шеърларни ҳам киритдим.
Адабий-танқидий мақолаларимни йиғиб “Гўзалликнинг туғилиши” номида босмага ҳозирлаяпман. Немисзабон хорват адибаси — Европанинг машҳур ёзувчиси Марица Бодрожич қаламига мансуб “Битта патида ўзгармабди колибрининг” шеърлар тўпламини Мирзаали Акбаров билан ҳамкорликда нашрга тахт қилиб қўйдик. Ўша таржималарнинг бир қисми — саккизта шеър “Гулистон” журналида ёритилди.
Яна XXI аср жаҳон шоирлари шеърларидан тузилган антологиямизни ўзбек ва инглиз тилларида чоп эттириш ниятимиз бор.
Элмурод Нишонов суҳбатлашди
Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: Баҳром Рўзимуҳаммад: Шоир тилда ҳунар кўрсатиши керак («Туркистон», 2007 йил, 15 декабрь)