Гоҳида умум манфаати учун ўзинг бошлаган, халқ учун ниҳоятда фойдали деб билганинг иш ҳақида ўзинг ёзишингга тўғри келади, бунинг устига атрофдагиларга бу ишнинг мақсад-муддаоси нималигини тушунтириб бериш, унинг давомийлигини таъминлашга даъват этишда фақат ва фақат яхшилик бор. Баъзи ёзувчи-шоирларимиз мукофот, уй, прописка, поликлиника илинжида, баъзилари мудроқ ва бепарво, баъзилари иғво, бахиллик, фитна тўнини кийволган, яна баъзилари эса кулгили ва янчли эканидан бехабар Нобелга тавсия этилдим, дея осмону фалакда парвоз этиб юрган бир паллада Ўзбекистонда тарихий адабий-маданий воқеа юз берди.
Бунинг учун на давлат, на қайсидир уюшма ё ташкилот, на бир ҳомийга ариза-ю илтимосномалар ёзилди. Оддий, аммо нияти тоза, ташаббус кўрсатиб охиригача етказадиган, шу Ватанни, шу халқни ўз билгича суйиб ва суяб юришни асл маъно деб билган, Худо деган миттигина бир гуруҳ бу ишни амалга оширди. Ҳа, биз бунинг уддасидан чиқдик, дея баралла айтаман!
2018 йил 12-18 октябрь кунлари Ўзбекистонда илк бор “Ёзувчи/маданият ходими резиденцияда” ижодий дастури бўлиб ўтди. Хўш, бу қандай дастур экан? У бир ҳафта давомида юртимизнинг камида учта шаҳридаги адабий, қувноқ, дўстона, дилкаш давраларда бўлишни истовчи хушфеъл, самимий суҳбатдош, камтар, бағрикенг, ўз юртида таниқли саналган чет эллик ёзувчи, шоир, таржимон, рассом, маданият ходими учун мўлжаллангандир. Дастур иштирокчилари айни бир хорижий мамлакатдан ва ё бир неча мамлакатдан танлаб олиниши мумкин. Унинг мақсади адабий, маданий алмашув, чет эллик муаллифлар билан мулоқот ва ўзаро алоқага очилиш; ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатишга имкон яратиш; келгусида фойдали дастур ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш учун адабий, профессионал муносабатлар ўрнатиш ва мустаҳкамлаш; чет эллик туристларни Ўзбекистонга жалб этишдан иборат. Мазкур дастур келгусида Ўзбекистон ўзининг кенг кўламли Халқаро ижодий дастурларини, Халқаро ёзувчилар ва шеърият фестивалларини, Халқаро ижод уйларини очишига туртки бўлишни кўзда тутади.
Дастурга танлаб олинган иштирокчи албатта туристик виза олиши лозим. Дастурнинг Ўзбекистон қисми барча харажатлари ҳомий топилгунга қадар (турар жой, маҳаллий транспорт, озиқ-овқат) дастур координатори (камина) ва унинг маслакдош дўстлари зиммасида бўлади. Биз Ўзбекистон 2018 йилдан бошлаб чет эллик туристлар учун янги тартибдаги виза олиш қоидаларини жорий этган имкониятдан оқилона фойдалана бошладик. Баъзи мамлакат ватандошлари учун Ўзбекистонга кириш учун виза керак бўлмайди. 40 дан ортиқ мамлакат ватандошлари учун эса соддалаштирилган виза тартиби амалга киритилган, яъни дастур иштирокчисидан Ўзбекистонга келиш учун сайёҳлик фирмаси ва ё жисмоний шахсдан виза олиш учун таклифнома талаб этилмайди. Иштирокчи E-Visa тизими орқали осонгина виза олиши мумкин.
Ўзбек ижодкорларнинг чет эллик ёзувчи-шоирлар, рассом ва маданият ходимлари билан самимий алоқаларни йўлга қўйиш учун бундай имконият ҳеч қачон бўлмаган. Дастур иштирокчилари меҳмонхонада эмас, ўзбекистонлик ёзувчилар, шоирлар, рассомлар ва маданият ходимларининг уйларида яшайди. Шу тариқа уларга ўзбек ижодкорларининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, улар билан дўстона мулоқотга киришиш имкони берилади.
Болгариялик ижодкорлар билан бошланган илк дастуримиз мушоира ва бадиий ўқиш кечалари, адабий учрашувлар, Наманган, Самарқанд ва Бухорога саёҳатни ўз ичига олди.
Мария Филипова 1954 йил 31 майда Болгариянинг Бургас вилояти Ситово қишлоғида таваллуд топган. Бир муддат Низомий номидаги Тошкент педагогика институтида ҳам ўқиган, рус филологияси факультетини Болгарияда тамомлаган. М. Филипова болгар тилидаги тўртта, грек тилидаги битта шеърий китоб муаллифи, насрий асарлар ҳам ёзади. «Капалак қаноти», «Кунчиқар тубида», «Эътиқод» ва «Қушлар учун тож» китоблари кенг жамоатчиликка манзур бўлган. Шеърлари Тошкентда чоп этилган “Илонбалиқ” ва “Қуш тили” шеърий баёзларига ҳам киритилган. У бир қанча ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарларини маҳорат билан болгар тилига ўгирган.
Георги Иванов (Жорж Трак) 1961 йил 17 октябрь куни Болгариянинг қадимий Пловдив шаҳрида зиёли оиласида туғилган. 1984-1990 йилларда пойтахт Софияда Санъат академиясида ўқиган. Маданий меросни асраб-авайлаш, дизайн, анъанавий ҳунармандчилик, рассомчилик ва ҳайкалтарошликни ривожлантиришга қаратилган “ТракАрт” жамғармасига асос солган. “Гувоҳ”, “Спираль”, “Шеърият ибодатхонаси” каби монумент-ҳайкаллар, Пловдив ва Истамбул шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларда ўзига хос, ажойиб фавворалар барпо этган.
Любозар Фратев Ленинград политехника институтини 1968 йили тамомлаган. Айни пайтда “Новиз Инк” ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш компанияси бош директоридир. Жаноб Фратев Болгариядаги санъат, маданият ва адабиёт соҳаси вакилларини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Қадимий китобларни қайта чоп этади, кўҳна санъат асарларини коллекция қилади. У янги “Опера уйи” асосчиси ҳамдир.
Тошкентда дилкаш инсон, рассом ва ёзувчи Гулнора Раҳмон уйида қуюқ меҳмондорчилик бўлди. Бетакрор шоирамиз Ҳалима Аҳмад, таржимон Хуршида Маматова даврани қизитди, шеърлар, таржималар ўқилди, 8000 йиллик тарихга эга Пловдив ҳақидаги фильмларни томоша қилдик.
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани 25-мактабдаги учрашув чинакам адабиёт ва санъат байрамига айланиб кетди. Директор Баҳодир ака, ҳоким ўринбосарлари билан мулоқот, истеъдодли курсдошларим Ёқутхон Ботирова, Малоҳат, Назира, Соҳиба опа, самарқандлик курсдошим Сурайё Нуримова ва мактабнинг жонкуяр устоз ва ўқувчилари тайёрлаган ўзбек, болгар, рус тилларидаги чиқишлар, саҳна кўриниши, қўшиқ ва рақслардан меҳмонларнинг боши осмонга етган эса, бундай самимиятдан каминанинг кўзларига ёш келди.
Наманган дизайн коллежида таниқли, фикри теран, маънавиятнинг чин тарғиботчилари бўлмиш ижодкорлар, курсдошларим Дилфуза Комил ва Гули Муродлар ташкиллаштирган расмлар, ихтиролар кўргазмаси, адабий-мусиқий кеча шундай файзли ўтдики, куппа-кундузи чироқ ўчиб қолганини ҳечам сездирмасдан, курсдошларим Кумушой ва Назирабонулар, қўшни вилоят ва туманлардан келган шоир, устоз ва талабалар кечани жонли тарзда қўшиқ, шеър ва куйларга улаб юборишди! Қойил қолиш керак! Алҳамдулиллаҳ демайми шундай суягувчи дўстларим борлигига?!
Тадбирдан сўнг шоира, “Репетитор” газетаси бош муҳаррири Гули Муроднинг Янгиқўрғон туманидаги ҳовлисида ўтган бир кунлик тадбир роса завқли ўтди. Меҳмонларимиз Гули Муроднинг ширин, ақлли, билимдон фарзандлари, қариндош-уруғлари билан дилдан суҳбатлашди, миллий таомлар, мевалардан тановул қилди, мезбонлар билан бирга куйлаб, рақс тушди. Эрталаб, куз бўлишига қарамай, гуллар очилиб турган, олтин барглар тўкилаётган, мол-сигирларга ем берилаётган томорқада сайр қилишга нима етсин! Мария Гули Муроднинг онажони, қайнонаси, қариндош-яқинлари билан худди опа-сингилдай, жаноб Фратев ва Жорж Гулининг қайнотаси, турмуш ўртоғи, ўғиллари билан ака-укадай, юракдан суҳбат қурди.
Эртаси куни меҳмонлар олим, эски қўлёзмаларни авайлаб асраб келаётган устоз Аҳмад Убайдуллоҳ хонадонига ташриф буюриб, тарихий китобларни кўриш, варақлаш, ҳайратланиш баробарида домланинг оилалари билан ширин суҳбат қурди.
Меҳмонлар Намангандаги яқинларим билан бирга тушлик қилди, икки-уч соатли ўтиришда ота-онам, опа-сингил, акам, жиянларим чет элликлар билан кўришишдан шоду хуррам бўлди.
Тушликдан кейин Тўрақўрғон тумани Аҳсикент қишлоғида курсдошим Ёқутхон Ботирова бир гуруҳ устозлар билан бу кўҳна маскандаги янги қазилмалар, топилмаларни кўрсатишди, қизиқарли тарихий воқеаларни айтиб беришди, сўнг Лангарбиби зиёратгоҳига олиб боришди. Тиловат асносида руҳу жонимиз, жисмимиз роҳатланди. Шукур демайинми?!
Самарқандда устоз журналист Тошпўлат Раҳматуллаев, ёзувчи Нусрат Раҳмат, шоирлар Жумагул Сувонова, Хуршид Нуруллаев, рассом Аҳмад Умаров болгар ижодкорлар билан миллий таомлар ошхонасида қизғин гурунг қилди, келгусида биргаликда амалга ошириш мумкин бўлган тадбир ва лойиҳалар ҳақида келишиб олди. Жумагул опа Мария билан Фейсбукда ўртоқлашиб олганига қарамай, худди яқин дугоналардай чақчақлашиб ўтирди. Тошпўлат ака Аҳмад оғанинг устахонасига олиб борди, Регистон майдонини айлантирди. Ҳаммаларининг умрлари узун, юзлари доим ёруғ бўлсин деб дуо қиламан.
Бухорода журналист, маданият тарғиботчиси Учқун Турсунов ва шоира, драматург Гулчеҳра Бону мезбонликни жуда қойиллатишди. Гулчеҳра опа болгарияликлар посёлкасини, қўғирчоқ театрини кўрсатди, у ерда ҳамкасблари билан меҳмонларни илиқ кутиб олди. Болгарияликлар Бухоро қўғирчоқ театрини 2019 йил Европа маданияти маркази сифатида йирик тадбирлар ўтказиладиган Болгариянинг Пловдив шаҳрига таклиф қилди.
Тошкентдаги Димитров номидаги 9-мактабда директор Малика опа меҳмон ижодкорлар билан Тошкент зилзиласидан кейин болгарлар совға қилган ушбу мактабда алоҳида тарихий кўргазмалар ташкил этиш ҳақида гаплашди, болажонларга дарс ўтилаётган синфхоналари билан таништирди.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманганнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат асносида меҳмонларда юртимизга бўлган қизиқиш янада ортди.
Жорж Трак Пловдивда Ўзбекистонга бағишланган катта кўргазма уюштиришни, Мария “Ўтган кунлар”ни болгарчага таржима қилишни, жаноб Фратев эса ўзбек-болгар адабий-маданий муносабатларини изчил йўлга қўйиш учун ҳомийликни кўнгилга тугди.
Бир ҳафталик дастур давомида даврамизда бўлган бирон кишида жиндай бўлсин малоллик сезилмади, қайтага ҳамманинг кўзида меҳр, юзида нур, бир-бирини яқиндан билиш иштиёқи, самимият, бағрикенглик балқиб турди. Меҳмоннавозлик ҳар галгидай маромида бўлди, болгарларнинг қалбини эритди, муҳабаттига, эътирофига лойиқ этди! Аёлим Нодирахон, ўғилларим ёнимда турди, жигарларим, курсдошларим, ҳамфикр ижодкор опаларим, укаларим елкадош бўлишди, минг раҳмат! Бир-бирини суяб яшаш мана бундай бўлибди, баракалла, дўстларим!
Мана энди дўппини олиб, бир ўйлаб кўрайлик. Миллат учун бир яхши иш қилиш учун давлатдан нимадир кутиш керакми? Йўқ! Яхшиси, давлатнинг эл учун фойдали сиёсатида хайрихоҳ бўлиш керак, фалон уюшма ё ташкилот кўмагига кўз тикмай, мустақил ҳаракат, ташаббусларни кўпайтириш лозим. Тушуняпсизми?
Бугун уч нафаргина чет эллик ижодкор бир ҳафтагина юртимизда резиденцияда, меҳмонда бўлди. Эртага бутун мамлакат бўйлаб, ҳар бир вилоятда тўрттадан чет элликни қабул қилиб, бир пайтнинг ўзида 50 нафар ижодкорни бемалол, мустақил равишда мулоқот, ҳамкорлик, биргаликда яшаш ва келгуси лойиҳаларни тузишга чорлашимиз учун эшиклар очилмоқда. Бир йилда юртимизга юзлаб шундай чет эллик ижодкорларни олиб келиш имкони бор. Ҳозирнинг ўзида пойтахт, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хивадаги дўстларимиз бундай ижодий гуруҳларни чин дилдан кутиб олишга шай туришибди! Зўр-ку!
Ҳали биз бу она юрт довруғини мустақил равишда баланд кўтаришга ҳисса қўшаверамиз, ҳали бизнинг чин, бағрикенг ёзувчи-шоирларимиз, рассомларимиз дунё билан тенгма-тенг беллашади, мулоқотга очилади, асарларини чет элликлар таржима қилади, нашр этади, биргаликда янада фаровон, тинч, дўстона жамият қуришга кўмаклашади, инша Аллоҳ! Атрофимизда эркин, мустақил, ташаббусга очиқ, оламнинг бир парчаси эканини тушунгувчи суянчларимиз, меҳрибон, дилкаш таянчларимиз бўлса бас!
Азиз ўқувчим, сиз қандай фикрдасиз бу дастур ҳақида? Фикрларингизни ёзинг, бизга қўшилинг!
Аъзам Обид
шоир, таржимон, дастур координатори