Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси таржима ва халқаро адабий алоқалар кенгаши йиғилишидаги экспромпт нутқим
Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар, дўстлар, сўз берганингиз учун раҳмат.
Биз нимгадир жудаям кам кўришамиз ва бир-биримиз билан жуда кам мулоқот қиламиз. Ёки бу ерда умуман ҳеч кимни кўрмаслик анъанаси юзага келганини неча йилки сезиб юраман. Оддий мисол: шу учрашувгаям мени кеча кечқурун таклиф қилишди, 10 дақиқа гапиришинг мумкин, дейишди. Ваҳоланки, бутун умримни шу адабиёт ривожи учун тикканман, 20 йилдан бери ҳеч кимдан бирор ёрдам кутмасдан ҳаётимни шу ишга сарфлаб келяпман. Ростдан ҳам адабиётимиз учун юрган одамлар бўлсак, бир-биримизга нима қилаётганимизни айтиб турайлик. Ўзимиз учун эмас, адабиётимиз учун нима қиляпмиз?
Аъзам Обид нега бутун дунёни айланиб юрибди, нима учун мана бундай китоблар чиқаряпти? Чунки мен ҳар доим яхши нарсаларни ҳамма билан бўлишиб юраман, нимадир фойдали дастур ё зарур таклиф бўлса, дарҳол бошқаларга ҳам илинаман. Кимдирам яхши нарсаларни оляпти, кимдирам олмаяпти. Лекин мен айтаман: Олинглар сизлар ҳам! Мен сизларни таклиф филаман, шундай лойиҳларда сиз ҳам иштирок этишингизни, ўзингиз ҳам қилишингизни, чет элларга чиқишингизни жуда-жуда истайман.
Мана бу китоб (“Фарҳод ва Ширин” инглиз тилида) 2018 йилда чиқди; 2019 йилдан бери шу китобни уюшмадан, Миллий кутубхонадан, музейлардан сўрадим – ҳеч кимда йўқ. Туркияда чиқди, Грузияга олиб келиб туширилди, дейишди. Хўш, нега сўрамайсизлар? Қани китоб? Менда бир шу нусха бор холос. Биз кутубхонага бериб, тақдимот қилиб бошлаганимиздан кейингина ЎзА ёзиб бошлади, бошқалар ёзиб бошлади, уюшма битта нутқига киритибди, минг раҳмат!
Ким мен билан ишласа, майли, оддий ҳобби сифатида ишласин, ўшани дунёга олиб чиқай. Қандай қилиб? Мана, масалан, инглиз тили курслари. Неча йиллар аввал бепул инглиз тили курслари очаман, дедим, уюшмаягаям неча марта таклиф киритдим, ҳеч ким қулоқ солмади. Мана энди ўзим очдим. Қачонгача мен сизларга хат ёзиб, мен сизларга ёрдам бераман, дейишимни кутасизлар?
(Залдан луқма: Инглиз тилини ўрганаётган жойлар кўп бўлса, албатта сиздан ўрганиш керакми?)
Ўрганяпсизми? Мана сиз халқаро бўлимдасиз, ўрганяпсизми ўзингиз, опа? Мен ўтаётган курсда 10 киши бор, ичида уюшма аъзолари ҳам бор. Чунки улар билишяпти, чунки ўзларига кераклигини ҳис қилишяпти. Ўзбек замонавий ёзувчи ва шоири нафақат рус тилини, балки инглиз тилини жуда яхши билиши керак. Чунки битта оддий ижодий фестивалга ғарб тугул, Россиягами, Озарбайжонгами борсангиз, инглизча албатта керак, албатта халқаро ижодий доираларда инглиз тили жуда зарур бўляпти. Мен сизларни таклиф қиламан, 10 кишилик жойимиз бор, Юдаков музейида чоршанба ва шанба кунлари дарс ўтяпмиз. Бемалол келинглар! Бепул!
Мана бундай лойиҳаларни фақат Аъзам Обид эмас, сизлар ҳам қилинглар! Бу китоб менинг йигирма йилда қилган ишларимнинг натижасидан бири.
(Залдан луқма: Тушунтирворинг, бу нима, қанақа китоб?)
Бу “Фарҳод ва Ширин” инглиз тилида, Ғафур Ғулом насрий баёнидан таржима қилинган. Ўқувчини жалб қилиш учун биз атайин насрий баённи таржима қилиш орқали ҳазратимизни дунёга беришга келишдик. Эсингизда бўлсин, чет эллик китобхонлар шеърга кўпам қизиқмаяпти, шеър кўп ўқилмаяпти, қачонки шоирнинг ўзи дунёга чиқмаса! Нега мен инглизчани ўрганинг деяпман ва ўргатяпман? Албатта, француз, немис ва бошқа тилларниям ўрганинг. Аммо, муҳими шуки, энг аввало, ўзингиз дунёга чиқинг! Шунда ўзбек ижодкорини дунё танийди! Китоб чиқариб, тақдимотини ўтказиб қўйганимиз ҳеч нарса эмас! Уни ким ўқийди энди? Бундан кейинги менинг миссиям шу бўлади: мана шу чиқарганим китобларни, энг биринчи галда, Алишер Навоийни дунёда ўқувчиларини топиш!
Яна қанча бошқа китоблар ҳам чиқди. Мисол учун, Бобоур, Навоийни поляк тилида Януш Крзизовский таржима қилиб чиқарди, ҳеч ким билмайди. “Қуш тили” таржима бўлганини ким билади? Эркин ака таржима бўлди, биларсизлар. Хўш, китобларни чиқариб қўйяпмиз. Энди нима қиламиз? Мана, 600 дан ортиқ аъзоингиз бор, дунё бўйлаб қанчадан-қанча элчихоналаримиз бор. Қачон биз ўзбек ижодкорини дунёга беришни жиддий ўйлаймиз? Қачон биз дунёда Алишер Навоий институтини очамиз? Қачон?! Мен очсам эртага, ўшанда ёзасизларми, яъни очилганидан 10 йил ўтиб: Аъзам Обид ва бир гуруҳ фаоллар Навоий институтини очди фалон мамлакатда деб? Илтимос, шундай ишлар қилишни ўйлайлик.
(Залдан луқма: шулар ҳақида газетада эълон берсангиз)
Марҳамат, беринглар! Менинг платформам Фейсбук, мени таниган ёшлар, бошқалар бу ҳақда билишади. Фақат инглизча курслар эмас. Яна бир айтмоқчи гапим: камина бир йилда 40 нафар чет эллик шоир, ёзувчи, рассомни Ўзбекистонга олиб келдим. Кимлар билан? Волонтёрлар билан! Уларнинг ичида уюшма аъзолари ҳам бор. Нимани қандай қиляпсан ўзи, деб сўранглар. Шу дастур ҳақида “Жаҳон адабиёти” журнали бирор нарса беролдими? Қаерда, нима қиляпсизлар, хабаримиз йўқ экан, деманг, кулгим қистайди.
Яна қайтараман, бу ишларни ўзим учун эмас, шу халқ ва Ватан адабиёти учун қиляпман! Илтимос, курс ва дастуримизга қўшилинглар! Фейсбукда, Интернетда, ҳамма жойда борман! Қанақа дастур, нима мақсади, десангиз, келиб тақдимотлар қилиб бераман. Бу дастур сизлар учун! “Чет эллик ёзувчи, шоир ва рассом Ўзбекистонда резиденцияда” деган дастур. 10-24 апрель бўлиб ўтади, насиб этса. Тадбирларимизга қатнашинг, ўзингиз учун нимадир манфаат олинг!
Китоб чиқариб қўйганимиз ҳеч нарсамас! Ўзбек ижодкорининг ўзини қачон дунёга берамиз ахир? Қачон? Аъзам Обид фақат таржима қиладими? Чет элликларни жалб этмасак, адабиётимиз билан таништирмасак, таржималар, алмашув дастурлари қилмасак – бу нимаси? Фақат Кристофер Форт, Марк Рисга кўз тикамизми? Улар иккита, учта холос, биз 35 миллионмиз-ку! Биздаям чиройли адабиёт бор. Келган хорижлик ижодкорлар сўраяпти: “шундоқ гўзал адабиётингиз, маданият ва санъатингиз бор экан, нега ҳеч ким билмайди?”
Сиз Навоийни дунё билади демангиз! Мен Румий, Ҳофиз, Хайёмни бутун дунёда кўрдим, Нимага? Чунки бир гуруҳ таржимонлар уларни дунёга беришни анча йиллар аввал ўйлаб бўлди! Биз-чи? Биз ухлаб ётибмиз! Биз мана 28 йиллик мустақилликда ҳам ухлаб ётибмиз! Биз ҳеч нарса қилолмадик, уч йиллик очилишда ҳам ҳеч нарса ўзгармади! Мана, менга очилинглар, мен сизларни дунёга олиб чиқаман!
25 февраль 2020 йил