Shavkat Muzaffar bilan suhbat

Ажойиб рассом, тарихий, меъморий обидаларимиз муҳофазачиси Шавкат Музаффар билан суҳбат  

Сиз Европа, Америка ва шарқ мамлакатларида ижодий саёҳат, резиденцияда бўлгансиз. Ўзбек рассомлари учун чет элдаги қандай яхши дастурларни тавсия эта оласиз?

Шавкат Музаффар: Аъзамжон, аввало, қимматли вақтингизни аямасдан каминанинг ижодига эътиборингиз  учун миннатдорман. Менинг биринчи марта чет элда бўлишим бу совет даврида ҳарбий хизмат – армия баҳона Болтиқбўйида бўлган эди. У вақтларда Болтиқбўйи республикалари Совет Иттифоқи таркибида эди. Латвия ва Эстонияда бўлганман. Шу баҳона бу ўлкаларнинг инсонлари, турмуш тарзи ва маданияти билан танишганман. Бир эстон дўстим дунёдаги энг яхши тарихий, ҳужжатли, илмий-оммабоп, фантастик асарлар  дунёнинг қайси ерида чоп этилмасин, эстон тилига тезликда таржима қилиниб, нашр этилиб, эстон халқига етиб боришини айтиб берган эди. Унинг тумбасида буюк  боболаримиз  А.Темур, Улуғбек ва Бобуршоҳ га бағишланган эстон тилида юқори сифатда чоп этилган суратли китобларни кўриб ҳайрон қолган эдим. Назаримда, ўша саксонинчи йилларнинг охирида бизда энди ҳуррият шамоллари  бошланиб, халқимиз ўзлигини анлаш, миллий қадриятларимизга, эътиқодимизга  қайтиш арафасида турган бир паллада оддий эстон йигити – Дан Болдин тарихмизни биздан кўра яхшироқ билар эди. Албатта, бунга сабаб китоб ва бу дўстимнинг юртимиз тарихига улкан муҳаббати эди.

Орадан йиллар ўтди. Ойлиги тушлигим ва йўл кира ҳаққига етиб-етмайдиган, аммо буюк даргоҳда ишлаш насиб этди. Бу бобокалон  журналимиз А.Қодирий ва Ғози Юнуслар асос  солган “Муштум” эди.  Бир неча йиллар ушбу қутлуғ масканда бош рассом вазифасида ишлаб, кўплаб ёзувчи ва шоирлар билан яқиндан танишдим. Уларнинг ижодидан баҳраманд бўлдим. Аста-секин менга ҳам бу муҳит ўз таъсирини кўрсатди. Бошимдан ўтган коммунал, ижтимоий муаммо ва ноҳақликларни бир оз бадиийлаштириб ҳажвиялар, ҳажвий шеърлар ёза бошладим. Булар оз бўлса ҳам ўз ўқувчисини топганида хурсандчилигимнинг  чеки йўқ эди.  Айниқса,  номдор  ёзувчиларимиз ҳам у бу “асар”ларимини эътироф этсалар, ўша даврда бу мен учун катта бахт эди. Хуллас, моддий жиҳатдан қийналиб, 3-4 йил арзимаган чойчақага ишлаб, тунлари навбатчилик қилиб, ушбу журналдан кетишга мажбур бўлдим. Лекин орадан кўп ўтмай бош муҳаррир Н.Тошматов мени яна журналга чақириб қолди. Борсам, АҚШ элчихонасидан янгилик. Тўртта муаллифни 2012 йилга АҚШга ижодий сафарга таклиф қилишибди. Муаллифлар ичида менинг исмим ҳам борлигини билиб ҳайратда қолдим. Сабабини билсам, “Мушутм” журнали ўша давр ўзбек жамияти учун энг халқчил – демократик журнал деб тан олинган экан. Чунки чиндан фақат ушбу журналгина юртни талон-тарож қилаётган катта-катта амалдорларни , мансаб ва қонунни суистеъиол қилган айрим орган ходимларини, халқ дардига бефарқ  ҳокимларни  асосли танқид  қилган ягона нашр эди. Керакли расмиятчилик қоғозларни бир неча бор тўлдирганимиздан кейин ниҳоят 2012 йил АҚШ сафари насиб этди. Бизни биринчи галда АҚШ давлат департаментига таклиф қилишиб, ушбу мамлакатнинг  давлат ва жамият тузилиши билан таништиришди. Кейинчалик Вашинтон, Сан-Франциско ва Нью Йоркда АҚШ ва Араб дунёсининг энг йирик ижодкорлари – журналист ва рассомлари билан биргаликда конференция ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

ОАВ билан турли мавзуларда савол –жавоблар бўлди. Бизни фахрий юқори мартабали меҳмон сифатида мамлакатнинг энг диққатга сазовор жойларига таклиф қилишди. Булар Оқ уй, АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси, Конгресс кутубхонаси, “Washington post” газетаси, “NEWYORKER” журнали, кўплаб мемориал ва музейлар, оддий америкалик ижодкорлар ва турли соҳа кишиларнинг оддий уйлари, турли ярмаркалар. Ҳаттоки сафар дастурига киритилмаган бўлса-да, Вашингтонда ва Огайо штатининг   Акрон шаҳрида устоз рассом Ҳусан Содиқов билан шахсий кўргазмамизни ташкил қилишга муваффақ бўлдик. Кўз олдингизга келтиринг, узоқ Ўзбекистондан келган икки рассомнинг штатма-штат аэропортларда, самолётларда ўзнинг асарларини улкан қутиларда кўтариб юришини! Бизга бириктирилган куратор-таржимон аёл ҳам ҳайратини яшира олмай: “Сизларга қойил: Юртингиздан келган қорни катта амаки ва холалар одатда бўш келиб, қайтишда улкан чемоданлар билан кетишади. Сизлар бўлса америкаликларга кўрсатиш учун Ўзбекистондан шунча нарса кўтариб келибсиз!” деганди. Асар-картиналармиздан  ташқари мезбонлар учун олиб келинган ёзувчиларимизнинг китоблари ва миллий ҳунармандчилик буюмлари  ҳам бор эди.

Яна орадан вақт ўтиб, Чехия Республикаси элчихонасининг рассомлар учун ажратилган грантида иштирок этиб, ушбу мамлакатда икки ой бўлиш насиб этди. Бу давлатнинг икки афсонавий гўзал шаҳарлари – Прага ва Злин шаҳарларида бўлдим. Ижод қилиб, камтарона кўргазма ҳам уюштиришга улгурдим. Кўплаб музей ва галереяларини кўриб, томошо қилдим. Айниқса, Прага ўз уйимдек бўлиб қолди. У ерда туристлар йил 12 ой гавжум. Шунинг учун ҳар бир киоскда бепул хариталарни олишингиз мумкин. Энг эсда қоларлиси Праганинг эски шаҳаридаги қасрлар-у, уйлар  ва албатта, жонажон трамвайлар бўлди.

Навбатдаги сафар 2019 йил Хитой Халқ Республикасига бўлди. Хитой шарқ мамлакати. Қайсидир жиҳатлари ва энг асосийси хитой халқи саммийлиги, кўнгли очиқлиги, меҳмондўстлиги  билан юртимиз одамларига жуда ўхшаб кетади. Бироқ, ҳамма ерда озодалик, тартиб, сарамжон-саришталик. Кўчаларга ҳеч ким, ҳатто бита пакет ва чўпни ҳам ташламайди. Пойтахт Пекиндан ташқари яна 4 та провинцияси ва кўплаб катта-кичик шаҳарларида бўлдик. Тўғрисини айтганда, бу жуда антиқа сафар бўлди. Бизга 5000 йиллик тарихга эга Хитой халқ табобати семинарларида қатнашиш ва бевосита энг машҳур Хитой табобати госпиталларида амалиёт ўтказиш,    Хитойнинг кўплаб маданий мерос объектларига, музейларига, табиий масканларига, табиат мўъжизаларига, ўрмону-тоғлари, дарё денгизлари, оролу денгизларида саёҳат насиб этди. Уйимдаги шароит, эҳтиёж туфайли бир оз ўзим ҳам табабатга қизиқар, айрим муолажаларни бир табиб дўстимдан ўрганган эдим. Ҳатто болаларим касал бўлганда ҳеч қандай суъний дори-дармонсиз, табиий воситалар билан даволашга ҳаракат қилар эдим. Хитойда бу билимларимни янада мустаҳкамладим. Амалий машғулотларда игнали муолажадан ташқари барча йўналишларни чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилдим. Чунки игна билан даволаш учун ҳақиқий малакали врач бўлиш, инсоннинг нерв томирларини ёддан билиш  керак экан. Семинар якунида диплом–сертификатга ҳам эга бўлдим. Шунингдек, бу сафар давомида семинар-тренингга  дунёнинг 10 га яқин мамлакатидан келган турли соҳа кишилари врачлар, инженерлар, туризм соҳаси вакиллари, рассомлар ва бошқа ижодкорлар билан танишиб, дўстлар орттирдим,  Пекин шаҳрида саёҳат таассуротларидан келиб чиқиб, камтарона графика асарларидан иборат кўргазмам ҳам бўлиб ўтди. Бу асарлар Хитой табиати ва сафар ташкилотчи ва чет эллик дўстларнинг портрет ва шаржларидан иборат бўлди. Асарларимнинг бир қисмини ташкилотчиларга совға қилдим. Уларнинг хурсандчилигининг чеки йўқ эди. Хитой халқи  рассомларни ва умуман санъатни жуда севар ва ардоқлар экан.  Умуман олганда, бундай мадданий алмашувлар қайси соҳада бўлмасин турли халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшади, инсонни, унинг тафаккурини  маънавий бойитади, дунёқарашларимиз бойишига хизмат қилади.

Доимий амалдаги, қайта такрорланадиган дастурлар йўқ. Пандемиягача бўлган вақтда юртимиздаги кўплаб элчихоналар сайтларида ижод аҳли учун жуда кўплаб грантлар эълон қилинар эди. Ижодкордан асосий талаб соҳаси бўйича малакага эга бўлиши ва тил билиши лозим эди. Афсус, ҳозирча бундай дастурлар ўзингиз дунёда кўраётган аҳвол сабаб вақтинча тўхтатилган.  Насиб этса, яқин вақтларда қайта тикланса ажаб эмас.

Бадиий Академия ё рассомлар уюшмасига аъзосиз, шу аъзолик нима дегани?

Шавкат Музаффар: Маълумки Бадиий Академия жиддий давлат ташкилоти. Бу ташкилот юртимизда тасвирий санъат билан боғлиқ барча соҳаларни ўзида бирлаштирган. Шу жумладан, Рассомлар уюшмаси ҳам Бадиий Академиянинг бир тармоғидир. Биз ХХI асрда яшамоқдамиз, ҳозир дунёда ва мамлакатимизда ҳар бир соҳанинг  ривожланиши учун, унинг ҳуқуқини, манфаатларини ҳимоя этадаган, шу соҳа мутахасисларини  бирлаштирадиган кўплаб уюшмалар мавжуд.

Рассомлар уюшмаси ҳам барча унга аъзо бўлган рассомларнинг ижодий, иқтисодий, маиший, маънавий   ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя этишга хизмат қиладиган эркин, ихтиёрий ташкилотдир.  Аввалги тузум даврида бу ташкилот давлат мафкураси учун катта аҳамиятга эга бўлган ва бу соҳага катта маблағлар, имтиёзлар ажратилган. Рассомлар анча тўқ инсонлар ҳисобланган. Уюшма аъзолари давлат  ташкилотларидан буюртмалари олишган, тез-тез чет элларга ижодий сафарларга боришган,  ҳаттоки бепул уй ва ижодхоналар билан таъминланган. Асарлар давлат томонидан яхши нархларга сотиб олинган. Албатта, сиз ҳам ўз навбатда битта йўналишда – социалистик реализм йўлида ижод қилишингиз талаб этилган. Ижодкор қанчалик маҳоратли бўлмасин ўша меъзонлардан чиқиб кетиши мумкин эмас, мавзулар нисбатан чегараланган эди.

Ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида талаблар ва мезонлар бошқа. Аввалги имтиёзлар ҳам йўқ ҳисобида. Ижодкор мутлоқ эркин. Хоҳлаган мавзуда ва йўналишда ижод қилиши мумкин. Бироқ ҳозир рассом ўрнини кўпроқ компьютер эгаллади. Ижодга, рассомга бўлган эҳтиёж камроқдек кўринади. Шу билан бирга хорижий мамлактлардаги рассомларга ўхшаб  асари сотилса-сотилмаса бизнинг уюшма аъзолари кўргазма залларига астрономик суммалар тўламайди. Уюшма аъзолари кўргазма заллари учун учун мутлоқ ҳақ тўламайди. Кўргазмага баннер, таклифнома ва ОАВларини Уюшма ташкил этиб беради. Бу ҳам ҳозирги шароитда рассом учун ўта муҳим. Ўйлаймизки, яқин келжакда Уюшманинг, рассомларимизнинг имкониятлари янада кенгаяди.

Ўзбек рассомлари ва ижоди чет элда жуда кам кўринади. Энг катта муаммо нимада? Қандай ечим бор?

Одатда, рассомлар бир оз камтарроқ халқ. Баъзан хориждаги кўргазмалардан бехабар ҳам қолиши мумкин. Ёки хориждаги ушбу кўргазмадан жойни – ҳар бир квадрат метрни боя юқорида айтганимдек катта пулга- валютада  аввалдан сотиб олиш даркор.  Бунга ҳамма рассомларнинг имкони йўқ. Шунингдек, тил билиш ҳам энг муҳим масала. Бу масалада айрим ёш рассомларни ҳисобга олмаса, ўрта ёш рассомлар ичида бу масала катта муаммо. Ҳозирги кунда жаҳон саҳнасига чиқиш учун албатта инглиз тилини билиш бирламчи вазифадир.

Чет элда “сиёсий карикатурачи” термини бор ва рассомлар, карикатурачилар сиёсий тизим, яъни ҳууматнинг камчиликларига кўзгу тутиб, боплаб савалаб туришади. Бизда қачон шундай карикатурачилар юзага чиқаркин?

Бу йил пандемия сабаб дунё мамлакатларида аввалгидан кўра кўпроқ онлайн карикатура конкурслари ташкил этилди. Ўзим ҳам баҳоли қудрат кўплаб танловларда қатнашиб,  бирқанча диплом-сертификатларга эга бўлдим ва буни ўзимнинг facebook саҳифамда ёритиб бордим. Менга бир қанча давлат сайтларидан мурожаат қилишиб, карикатура мавзусида мақола ёзиб беришимни илтимос қилишди. Мен бажонидил ёзиб бердим. Бу мақолаларни сайтлардан топиб ўқиш мумкин. Уларда ўзбек карикатурасининг барча жиҳатларини ёритишга ҳаракат қилганман.

Бизда жаҳоннинг ҳеч бир карикатурачисидан қолишмайдиган ўта маҳоратли  ва тафаккурли рассомлар етарли. Тафаакур сўзини бежиз ишлатмадим. Мен учун рассом бу файласуф, тафаккурли инсон. Айниқса, карикатурачи рассом воқеликни, ҳодиса ва жараёнларни  битта асарда лўнда қилиб ифодай олиши учун қанчалик заковат эгаси бўлиши, унинг дунё қараши қанчалик кенг бўлиши керак. Юртимиздаги кейинги йиллардаги ҳурфикрлик, ҳар ким ўз нуқтаи назарини эркин ифодалай олиши имконияти яратилгани ижобий ҳодиса, албатта. Назаримда бирор жамиятдаги салбий ҳодисани, ноҳақликни  тан олиниши, уни ёритилиши  ушбу салбий ҳолатни бартараф этишга босилган биринчи қадамдир. Бизда ана шундай рассомлар етарли. Бироқ негадир биз улардан унумли фойдалана олмаяпмиз, ижодларига бефарқроқмиз. Биргини дунё миқёсидаги рассомларимиз, устозлар Маҳмуд Эшонқулов ва Ҳусан Содиқовларнинг номлари бунга ёрқин мисолдир. Менда хушомадгўйлик йўқ. Лекин ижодкор сифатида дунё карикатурачи рассомларини таққослаш имконияти бор. Ҳеч бир шубҳасиз айтишим мумкинки, уларнинг маҳорати ва тафаккурига  яқинига келадиган дунё рассомлари  жуда кам топилади. Шу ўринда назаримиздан четда ўгайдек қолиб кетган, ҳеч қаёққа сиғмай қолган бобокалон ҳажвий “Муштум” журнали ва унинг бугунги биз қураётган янги жамиятда тутган ўрни, аҳамияти  ҳақида гапирмоқчи эдим. Бироқ, бу алоҳида масала!

 

Аъзам Обид суҳбатлашди