Москвадаги ёзувчи Шерзод Комил Халил билан суҳбат

Аъзам Обид: Ассалому алайкум, Шерзоджон! Омонмисиз? Оилангиз яхшими?

Шерзод Комил Халил: – Ваалайкум ассалом, Аъзамжон ака, тузукмисиз, мен, беадад шукр, жуда яхшиман! Оилам Тошкентда қолган, соғинч ҳисси дилни хуфтон қилади баъзан, қолган ҳаммаси ажойиб!

Аъзам Обид: Ҳозир қаерда, нима иш қиляпсиз?..

Шерзод Комил Халил: Москва шаҳридаман, ниҳоят, йигирма йил яшаган жонажон Тошкентни тарк этиб, адабий режаларим учун бошқа каттароқ адабий муҳит излаш мақсадида шу шаҳарга келдим. Ҳозир шу ерда ишлаб чиқариш билан боғлиқ давлат ишида ишлаяпман адабий фаолиятдан узилмаган ҳолда. Иш куним 8 соат, беш кун. Россия ёзувчилар боғи – Переделкинода яшаяпман. Шанба кунлари шаҳарнинг маданият масканларига бораман. Музейлар, кутубхоналар, университет ва театрга. Россия замонавий адабиёти вакиллари билан алоқага эгаман. Бу алоқалар ўз натижасини кўрсатиши керак. Якшанбада эса, Переделкинода бошлаган романимни ёзаяпман, умуман ижодий ишлар билан банд бўладиган куним.

Аъзам Обид: Ижодкор учун чет элда ишлаш, яшаш ўз ижодига таъсир қиларканми?..

Шерзод Комил Халил: Таъсир бўлади. Бошқа дунё, бошқа одамлар, ҳатто дардлар ва ташвишлар бошқа. Қобиқдан чиқасиз ва атрофга қарайсиз. Дунёни бошқа нигоҳ билан кузатасиз. Москвага келган дастлабки тўрт ойда мен юздан ошиқ шеърлар ва ўнлаб балладалар қораладим. Рус шоирларидан таржималар қилдим. Хуллас “Олатасирлар” деган янги шеърий тўпламимни ёзиб тугатдим. Бу вақтда мен Москванинг Раменки туманида яшардим. У ерда Ломоносов номидаги Москва давлат университети бор. Илмий кутубхонаси ҳам шу ерда. Университетни ётоқхоналари Тошкентда Миллий университетни муҳитини эслатди менга. Кейин Переделкинога кўчиб ўтдим. Устозимиз Темур Пўлатовнинг дачасига. Темур ака Арбатда шаҳар марказида яшайди. Баъзан келиб турадилар. Яқинда шу ерда Қрим ҳақидаги романларидан бирини биринчи вариантини ёзиб тугатдилар. Бу ерда Пастернак, Андрей Вознесенский, Евтушенко, Белла Ахмадулина, Чингиз Айтматов, Булат Окуджава, ҳатто бир муддат Корней Чуковскийнинг уйида Россияга қайтган  Солженицин яшаган. Аммо улар энди йўқ, шунга қарамай эски руҳият яшайди. Мен уларни уй-музейларига бордим, Пастернак ва Евтушенкони  қабрини зиёрат қилдим. Переделкино мен учун жуда қадрли. Ҳар бир дарахтда, эшикда, деразада, ёмғиру-шамолда адабиётни ҳис қиламан. Булар қандай таъсир қилмаслиги мумкин?!

Аъзам Обид: Адабиёт, санъат мустақил бўлса ижодкорга яхшими?..

Шерзод Комил Халил: Бу соҳаларни кимдир назорат қилишини ўзи хатарли. Адабиёт ва санъат мустақил бўлмаса, у ўлади. Буюртма тадбирлар, муайян санага бағишлаб чиқарилаётган адабий ишлар асл ижоддан узилган, руҳсиз, одам кўнглига кириб бормаётган “ийжод намуналари” ни кўпайишига сабаб бўлади. Тадбирлар учун ёзилаётган шеърлар, буюртма сабаб яратилаётган насрий асарларни ўша дабдабали ва асъасали тадбирлардан сўнг муаллифдан бошқа  ҳеч ким ўқимайди, ҳеч кимга бунақа “ийжод намуналари” керак эмас. Ижод фақат инсон кўнглидан табиий отилиб чиқсагина ва ҳеч қандай манфаъат ва таъмага қурилмаган бўлсагина, унинг умри узоқ бўлади. Шу маънода, адабиёт ва санъат бошқариладиган соҳа эмас. Албатта ёзувчилар ва шоирлар ўзаро учрашиб туришлари, адабий ҳамкорлик қилишлари лозим, аммо бу бизнинг уюшма ўтказаётган адиблар ҳайкаллари ёнида бўлаётган тадбирбозлик шаклида эмас.

Аъзам Обид: Сиз яшаётган жойда қандай илғор адабий ташаббуслар бор?..

Шерзод Комил Халил: Бу ерда Россия Ёзувчилар уюшмасидан ташқари, яна кўплаб адабий уюшмалар, клублар бор. Буларнинг ҳаммаси Москвада жойлашмаган. Айримлари Санкт-Петербургда, яна узоқ вилоятларда. Миллий ва халқаро адабий уюшмалар кўп. Ўзим яқинда интернационал ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиб киряпман. Журналлар ва адабий газеталарнинг танловларида қатнашяпман. Катта адабий танловлар, 300 000 дан 700 000 рублгача молиялаштирилган. Бу биринчи ўринга компьютер, иккинчи ўринга планшет қўйиб ўтказиладиган танловлар эмас. Бу ерда мени ҳайратга солган ташаббуслардан бири адабий продюссерликни борлиги бўлди. Улар истеъдодли ижодкорни топади, уни китобларини чиқаради, ёзаётган ишларига бу билан рағбат беради. Бизда бу тизим йўқ. Истеъдодли ёзувчи қолиб кетаверади, охири ҳафсаласи пир бўлиб йўқ бўлади. Чунки ҳамма биздаги тизимга дош беролмайди. Шў ўринда ўзимдан нашриёт билан орамизда бўлган муносабатдан бир мисол айтаман. Нашриёт аввалига ўз ҳисобидан ҳикоялар тўпламимни чиқариш учун китобимни қабул қилди. Сўнг қоғоз учун олти миллион сўрашди, майли дедик, қайси ҳисоб рақамга ўтказиш керак? Йўқ, тушунмадингиз нақд бериш керак, дейишди. Балки қоғозни давлатдан олишар, нега мен бу аблаҳларни чўнтагига пул беришим керак деб жаҳлим чиқди. Ҳамма шундай қилиб китоб чиқарадими дедим, ҳа, бўлмаса, китоб чиқмай ётаверади дейишди. Хўп, дедим. Китоб чиқса қанча гонорар берасизлар? Икки миллион атрофида дейишди. Китобингиз 1000 нусхада чиқади, камида 16 000 атрофида сотилади, сизга нашриёт ҳисобидан 3 нусха тақдим этилади. Талабни қаранг. Шунақа шарт билан китоб чиқараманми?.. Ҳеч қачон! Мен ҳикоялар тўпламини етти йил давомида ёзганман.Уни бор-йўғи техник хизмат кўрсатадиган нашриётга олти миллион берсам, улар 16000 дан сотишса, жами 22 миллион даромад қилишади, менга икки миллион беришсин ҳам, 20миллион ишлаб туришибди. Мен 4 миллион зарар ва етти йиллик меҳнатимни куйдириб “ақлли”ларни чўнтагини тўлдириб, китобим чиққанидан хурсанд бўлишим керак экан. Йўқ, ундан кўра, китобим чиқмагани маъқул. Кейинги йил рус тилида ” Голос” нашриётида китобим чиқади, бу йилни ўзи режаларида бор эдим, аммо таржималар етарли бўлмади.

Аъзам Обид: Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлмаса, Ўзбекистонда тан олинмаган ҳисобланадими?..

Шерзод Комил Халил: – Бу сафсата. Уюшмада ҳозир жуда кўп ўртамиёна ижодкорлар аъзо, уларни ким ўқийди, ким тан олади?! Баъзан ўзларини уялмай истеъдодли шоир, фалон-пистон деб таништиришади, аммо ўқийдиган битта шеъри, қоладиган битта ҳикояси йўқ. Мен халқаро учта уюшмага аъзоман, аммо ўзимизни уюшмага аъзо бўлишни ўйлаб кўрмаганман, аммо уларни кўпларидан кўра, ёзганларимиз халқаро журналлар, сайтлар, газеталарда ёритилган. Ўзбек матбуотига баъзан чиқиб турамиз. Ўқувчилар ўқийди, баъзан хатлар ёзишади, шунинг ўзи бизга етарли.

Аъзам Обид: Ўзингизнинг мустақил бирор адабий лойиҳангизни очишни ўйлаяпсизми?..Шерзод Комил Халил: Ўтган йили электрон адабий журнал очгандик. Шу мақсадда www.uzadab.uz сайти яратилди, телеграмда сайнинг канали @jurnaladabiyot очилди. @uzadab гуруҳи ёзувчилар ва шоирларни бирлаштириб фаолият юритиб келмоқда. Ҳатто бир-икки бор пуллик адабий танловлар ўтказдик. Уюшма ишларини ҳам параллел кузатиб боряпмиз. Агар уюшма яқин йилларда барча ижодкорларни бирлаштиришга ноқобил бўлса, биз алоҳида ўз уюшмамизни очамиз. Бу балки адабий клуб бўлар, ёки халқаро уюшма, балки сиз кўп таъкидлайдиган халқаро ижод уйи. Кўрамиз, вақт кўрсатади. Аммо ҳозир мен учун энг муҳими, ўзим режалаштирган ва режалаштираётган ижодий ишларимни ёзиш. Мени адабиётга рағбатлантираётган куч ичимда, ёзмасдан яшашни ҳис қилолмаслигимдир.

(Телеграм суҳбат, 24 октябрь, 2020 йил)