Хосият Рустамова
Айова Университети, Халқаро Ёзувчилар дастури резиденти
7. Биз жуда қашшоқмиз!
Қашшоқ бўлмай яна ким бўлишимиз мумкин? Билимларимизнинг тортиб кўриш имкони пайдо бўлса, қани айтингчи, бизнинг билимимиз қанча тош босади? Қўрқмай айтишим мумкинки, ҳеч қанча! Ва биз ҳеч қандай вазн босмаймиз дунё аренасида ҳам. Нима учун дейсизми? Чунки, биз билимсизмиз! Чунки, биз ўқимаганмиз! Бизнинг ўқиш-ўқимаслигимиз ҳам ҳеч кимни қизиқтирмаган! Бечора ота-онамиз фақат бизни қорнимизни тўйдириш ҳақида ўйлаган. Бошқа нима қилсин? Менинг ёшлигимда бир оилада тўрт фарзанд бўлса, ўша оила зиёли оила ҳисобланарди. Икки ўғли-икки қизи бор оилаларга ўзимни ҳам ҳавасим келарди. Чунки аксарият оилаларнинг ками саккиз-тўққиз фарзанди бор эди… Энди айтингчи, бу оилаларнинг бошлиқлари нима ҳақида ўйлайди бошқа? Айниқса, қишлоқларнинг шароити оғир хонадонларида яна нима ҳақида ўйлаш мумкин? Мен бугун эллик ёшдаман! Ярим аср яшадим. Хўш, айтингчи, ярим асрдан буён аҳвол ўзгардими? Мен тирик гувоҳ сифатида айтишим мумкинки, аҳвол ёмонлашса-ёмонлашдики, зиғирча ҳам ўзгаргани йўқ. Энди савол туғилади, пешонасига қишлоқда туғилиш ёзилган шу одамлар бизнинг миллатдошларимизми? Мен яшаган эллик йилдан буён қанча одам туғилиб, қанча одам ўлди? Улар ҳаёт деганда, нимани тушинишди экан? Уларнинг ҳаёти, манашу сиз билан мен яшаётган ҳаётда кечган умри учун жони ачийдиганлар борми? Нега жиммиз? Мен яқинда келдим Америкадан… Америкада икки ой яшаб, ўзгариб қолдингизми, дерсиз? Мен ўзгардим! Ҳақиқатдан ўзгардим! Бошқа одамман ҳозир. Янги одам. Мен икки ой олдин ҳам Аьзам Обидовнинг куюнчаклик билан ёзган мақолаларини ўқиб, баьзиларидан энсам қотган жойлари бўларди. Аьзамжон бунча куюнмаса, дердим, бип-бинойи яшаяпмизку дердим. Бечора Аьзамжон куйиб кетган экан, энди билсам. Халқни уйғотаман, уларга улар кўрмаган яхши бир ҳаётни кўрсатаман, деб тамом бўлган экан, Аьзамжон. Мен аққалли бир марта сўрамабман ҳам, бирор марта айтмабман ҳам бу халқнинг бир зиёлиси сифатида, нега бунча куюняпсиз, демабман! Демак, бошқалар ҳам мен каби бўлишса керак. Аьзамжон ҳозир ҳам ёлғиздир…Америкага борган биринчи куним менинг ҳаётимга Америка кириб келди. Қандай, дейсизми? Мен ёшлигимдан Америкага нафрат билан катта бўлганман. Чунки, менга шундай таьлим беришган. Уларда уят йўқ, дерди ўқитувчим Америка ҳақида гапираётиб, ота-онасини ташлаб кетади… Бизнинг эса тишларимиз ғичирларди. Оқибат, меҳр йўқ, давом этарди ўқитувчим. Улар ҳар қандай ишни кўчада қилишлари мумкин… Ёшгина йигит-қизлар…Бизнинг кўзимизда яна нималардир пайдо бўларди. Улар қурол билан ҳамма одамларни ўлдириши мумкин. Биз ватанимизни яхши кўриб кетардик. Уларнинг ҳатто меваларида таьм йўқ… мен ўқитувчим бориб келган дея ўйлардим. Чунки у ҳамма гапни бутунлай ишонч билан гапирар ва ўзининг ҳам кўзларида нафрат учқунлари учқунларди. Биз ўттиз олти бола синфдан чиқаётганимизда Американи сўкиб чиқардик… Менинг қадамим етган ўша кун мен Америкадан ўқитувчимнинг америкасини қидира бошладим. Ичимдаги нафрат билан қарайман ҳамма тарафга. Фақат ёмон нарсаларни қидираман. Ҳадик билан томоша қиламан кўчаларни… Одамлар билан гаплашганимда ҳам давом этади бу ҳолат. Ҳатто мевалар сотиладиган дўконларга борганимизда, меваларга ҳам шундай қарадим… Айниқса, сарҳил меваларнинг арзонлигини кўриб, яна ўқитувчимнинг гапини эслайман, меваларида таьм йўқ. Бу меваларнинг тури шу қадар кўпки, бир олманинг ўттиз олти ҳилини санадим. Ҳуллас ўша куни магазиндан уч-тўрт хил мева олдим. Ва хонага келиб, уларни ювиб столга қўяман. Нокни еб кўриб, ўқитувчим, айнан нок демагандику дейман. Ҳуллас, ўша олган меваларимнинг ҳаммасидан татиб кўриб ёқамни ушлайман… Ўқитувчим қайси мева ҳақида гапирган экан?