НАБИЖОН БОҚИЙ: “ХИЗМАТКОР АДАБИЁТНИ ҚУЛЛАР ЯРАТАДИ”
Азиз ўқувчи! Эътиборингизга ўзбекнинг катта ёзувчиси, Абдулла Қодирийнинг аянчли тақдирига бағишланган “Қатлнома” ҳужжатли қиссаси, “Гулзамира”, “Чингиз афандига мактублар”, “Анвар пошонинг васияти” қиссалари ва “Юртменбошининг хотира дафтари” романи муаллифи, Роберт Луис Стивенсон, Чингиз Айтматов, Мухтор Шохонов, Георгий Пряхин асарлари таржимони НАБИЖОН БОҚИЙ билан ижодий суҳбатни ҳавола этамиз.
АЪЗАМ ОБИД: Ассалому алайкум, Набижон ака! Саволларимга жавоб ёзишга рози бўлганингиз учун раҳмат!
Менга шундай туюладики, яхши ёзувчи ё шоир нафақат гўзал бадиий асар ёзадиган одам, балки турли платформалар (масалан, ижтимоий тармоқда) жамиятдаги воқеаларга мунтазам муносабат билдириб турувчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, нотўғри тузумга, жумладан ўз нафсига ҳам мухолиф, мудом конфликт билан яшовчи кучли ва бутун одам бўлмоғи керак. Аслида, камина шоир ё ёзувчиларни “ўртамиёна”, “яхши” ё “зўр” ижодкор деб сифатловчи ё баҳоловчи одам эмасман. Аксариятга маъқул бўлмаган ва ё саёз деб ўйловчи ёзувчи ё шоир гоҳо менга жуда кучли одам бўлиб кўринади. Умуман, сизнингча, кучлилик ижодкор учун қанчалик муҳим? Ҳақиқий ўзбек ижодкори ким, тавсифлаш мумкинми?
НАБИЖОН БОҚИЙ: Ҳақиқий ўзбек ижодкори иккиюзламачи бўлади: БИРИНЧИСИ, уй-жойини, ўлиги кўмиладиган мозоротни ободонлаштириб олгунча Девонда ўралашиб юради; ИККИНЧИСИ (бунақалари кўп), Девонга чиқолмаган бўлса ҳам, теваракларига қўйиб ташланган сарқит тўла охурлар олдига ўзини олиб бориб боғлайди. Энг қизиғи, иккала тоифа ҳам “Халқим” дейди, “Ватаним!” дейди, аммо кўзлагани ҳалқум ва сарой бўлади.
Улар ҳақида “Юртменбошининг хотира дафтари” романимда (2010 йилда “Озодлик” радиоси билан шартнома тузиб, унинг сайтида асосий қисми эълон қилинган) мароқли ҳикоя қилганман. Романимнинг илк ўқувчиларидан бўлган устоз Эркин Аъзам тўнғич ўғли Сиёвуш гувоҳлигида: “Набижоннинг бу романи Каримов тирик пайтидами, ўлганидан кейинми, қачон эълон қилишидан қатъи назар, ўзбек ёзувчиларининг юзини ёруғ қилади, бу асарни ўқиган одам, хайрият, ўзбек адабиёти вакиллари фақат маддоҳлик билан шуғулланмаган экан, аччиқ ҳақиқатни ҳам ёзишган экан-ку, офарин!” деб уйига махсус таклиф этиб олқишлаган. Шу романим Темур Пўлатовга, Гулчеҳра Нуруллаевага, Миразиз Аъзамга, Асқар Ҳайдарга, Нурулла Остонга, Иброҳим Ҳаққулга, Ўрозбой Абдураҳмоновга ҳам беқиёс маъқул бўлган.
А.О.: Бугун чет эллик икки ёзувчи дўстимни Ойбек уй-музейига олиб бордим. Экспонатлар орқали аввал ҳечам эшитмаган катта бир ўзбек ёзувчиси ҳаёти ва ижоди билан танишишди. Биз нега энг катта номларимизниям дунёга танитолмаётган халқмиз? Нега адабиётимиз намуналаридан бир фоиз ҳам чет тилларига ўгирилган эмас? Буларни ким қилиши керак? Адабиёт соҳасига ажратилаётган пуллар қани? Сизнингча, бизга адабиёт координаторлари, халқаро адабиёт фестиваллари керакми? Бирон иш қилиш учун албатта президент қарори лозимми ё?
Н.Б.: Яқинда устоз Собит Мадалиевни шогирдим Жавлон билан йўқлаб бордик. У киши чорак асрдан бери узлатга чекинган эди; Собит ака русча ижод қилади, ўзини “отшельник” (зоҳид) дейди. Биласизми, у ўн йилдан бери ҳазрат Навоийнинг бир қанча асарларини русчага ўгирибди. Совет даврида (70-йилларда) Навоий бобони 10 жилдлик асарлар тўплами русчада (Сочинения в десяти томах) нашр этилган. Афсуски, жуда сифатсиз ўгирилган экан. Собит ака ҳазратни уч-тўртта асарини қайта русчага ўгирибди. Ёзувчилар уюшмаси буюртмаси асосида таржима қиляптими? Қаёқда! Ёзувчилар уюшмаси ҳатто Собит Мадалиев тирик ё ўликлигини ҳам билмайди!
Ижод Фонди борлиги элас-элас қулоққа чалиниб қолади; ўша Фонд раҳбари Чорбоғда Муҳаммад Солиҳнинг боғ-ҳовлисини ўзбошимчалик билан хусусийлаштириб олиб, ўзига кошона қуриб олганини биласизми? Билмасангиз керак. Хўш, Муҳаммад Солиҳ тақдир тақозоси билан чет элларда яшаётган бўлса-да, бироқ унинг шахсий мулки одил суд ҳукми билан мусодара қилинганми? Йўқ, бу ҳақда ҳеч қандай суд ҳукм чиқармаган. Ҳозир ҳам кеч эмас, Муҳаммад Солиҳ боғ-ҳовлиси эгасига қайтарилиб, шу ерда “Шайбонийнома” муаллифи Муҳаммад Солиҳ номида “Таржима маркази” ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди (майли, эгаси ё меросхўрлари Ўзбекистонга қайтиб келгунча дала-ҳовлида эрсиз юрган бирорта хоразмлик жувон ижарачи мақомида яшаб турсин).
А.О.: Адабиёт мустақиллиги деган тушунчага қандай қарайсиз? Адабиётга ҳомий керакми?
Н.Б.: ТошДУнинг журфакида таҳсил олган давримда устозлар “Адабиётдан сабоқ” дарсларида мудом Катта бобомиздан саҳиҳ – ишончли (“Новая жизнь” №12, 1905 й.) иқтибос келтириб, “Бу адабиёт ЭРКИН адабиёт бўлади, чунки унинг қаторига тобора янги кучларни тортувчи нарса манфаатпарастлик билан мансабпаратлик бўлмай, балки меҳнаткашларга хайрихоҳлик бўлади. Бу адабиёт ЭРКИН адабиёт бўлади, чунки бу адабиёт айш-ишрат кўнглига урган хонимларга, ўн мингларча зодагонларга хизмат қилмайди, балки мамлакатнинг гули бўлган, мамлакат куч-қуввати ва истиқболининг эгаси бўлган миллионлаб ва ўн миллионлаб меҳнаткашларга хизмат қилади”, деб кучаниб томоқ йиртарди.
Иқтибосдан англардимки,
а) мамлакат истиқболи эгаси МЕҲНАТКАШлар экан;
б) меҳнаткашларга эса АДАБИЁТ хизматкор экан.
Жонкуяр Ҳамза эса шоҳ асарида, “Туркистоннинг истиқболи Сиз хоинларға қолурму?” деб қатъиян иштибоҳ билдиради. Хўб бошимни қотирарди устозларим.
Энди Катта бобомизнинг йиртиқ чўнтагидан 117 йил муқаддам (“Новая жизнь” №12, 1905 й.) тўкилиб қолган ордона қолгур адабиёт ЭРКИНлиги синоним сўз МУСТАҚИЛЛИК билан алмаштирилса, нима ўзгарарди?
1861 йилда чор Русиясида император Александр II фармони билан крепостной ҳуқуқ бекор қилинади; орадан 20 йил ўтиб эса, нисбий эркинликка эришган меҳнаткашлар ҳимоячилари “халоскор” императорни хиёнаткорона қатл этишади. Шуурида, зеҳниятида ЭРКИ бўлмаган “холоп” (ғулом) қўлига милтиқ тушса, уни итқитиб юбориб, белкурак ёки кетмонга ёпишади. Яна қўлига милтиқ берилиб: “Сен эркин бўлдинг, ўзингни ўзинг ҳимоя қилгин!” деб таълим берилса, ер-мулкини деҳқонларга тақсимлаб берган мулкдорни отиб ўлдиради, сўнг қулликни бекор қилган подшоҳни қатл этади.
Фақат ўрислар ҳақида гап кетмаяпти, ҚУЛЛИК қон-қонига сингиб кетган ўзбек-қозоқ-тожик-қорақалпоқ-туркман-қирғизлар ҳам улардан қолишмайди.
Ёзувчилар Уюшмаси Устави-Низоми бор эди. Уюшмага энг талантли инсон Раис этиб тайинланганидан (1995 й.) то вазифасидан (2010 й.) бўшатилгунча бирор марта Низом – Қонуний Дастур тўғрисида мажлис ўтказмади! Адабиёт мустақиллигини Ёзувчилар уюшмаси таъминлайдими? Адабиётга мустақилликни ким беради?
Мазлум бўлиб туғилган инсон чўнтагига БМТ тасдиқлаган Мустақиллик Декларациясини тиқиб қўйилса ҳам, маҳалла посбони “Ҳайт!” деб телефонда қичқирган заҳоти ярим кечаси аёлини очомлаб ётган ўринидан сапчиб туриб, уйқусираб, қўлини кўтариб, маҳалла қўмитасига халлослаб боради.
Хўш, Адабиёт мазлум меҳнаткашларга хизмат қилиши керакми? Умуман, доим кимларнингдир хизматини қилиши керакми? Адабиёт мустақиллиги кимга керак? Ёзувчилар уюшмаси аъзоларигами керак Адабиёт мустақиллиги? Ёзувчи ўзи чинакам мустақил бўлса, унга ҳеч қандай расмий мустақиллик керак эмас. Шуури, зеҳнияти мустақил бўлмаган ёзувчи ўла-ўлгунча ХИЗМАТКОР – МАЛАЙ – МАРДИКОР – ГАСТАРБАЙТЕР бўлиб ўтиб кетади.
А.О.: Ўзбекистонда эркин адабий ташкилот тузиш имконияти қанчалик, Сизнингча?
Н.Б.: ДХХнинг “дочерная” – ўгай қизи мақомида ҳар қандай адабий ташкилот тузилган заҳоти Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилишига 100 % кафолат берилган.
А.О.: “Мусаффо осмон” деган тушунча бор: яъни, агар ҳамма ресурслар мавжуд бўлса, ҳамма шароит муҳайё қилинадиган бўлса, ижодкор нимани истаган бўларди? Масалан, сизнинг ёзувчи сифатидаги орзуларингиз қандай?
Н.Б.: Бу саволга, Аъзамжон, Сизга юборган кўп жилдли китобим лойиҳаси етарли жавоб бўлса керак. Чинакам ёзувчи учун ҳеч қачон “Ҳамма шарт-шароит муҳайё” бўлиши мумкин эмас. Хўп, айтайлик, граф Толстойда “ҳамма шарт-шароит муҳайё” эдими? Ҳа! Ундай бўлса, умрининг охирида бошини олиб қаёнга кетди? Нега кетди? Умрининг охирида Толстой хотинидан яшириб ёзиб, ўриндиқ жилди орасига тиқиб қўйган “Отец Сергий” ҳикояси мавжуд сиёсий тузум соҳиби император ҳазратларининг бобокалони (Туркистон ўлкасининг жаллоди) Николай I нинг тубандан-тубан башарасига ошкора туфлаб-туфлаб юборишдан ҳам баттар исён эди.
Ёки Абдулла Қаҳҳор умрининг охирларида яратган “ЗИЛЗИЛА” романи мудҳиш 1937-38-йилларга бағишланган бадиий айбнома бўлгани учун ҳам, хотини Кибриё Қаҳҳорова юраги ёрилиб, 1969-70-йилларда асарнинг кўп қисмини қўрққанидан ёқиб юборганини қандай изоҳлаб бўлади?!
Ўзим илгари Кибриё Қаҳҳорова қилмишини аёл зоти калтабин бўлади деб юзакироқ айблаб юрдим. Лекин, И. А. Каримов зулми қутурган давр манзараларини баҳоли қудрат ифодалаб ёзганим “Юртменбошининг хотира дафтари” романим қўлёзмасини 2015 йил ёз ойларида, ош дамлаб уйига меҳмонга чақириб, ўзимдан сўраб олиб ўқишни бошлаган бир устоз ёзувчи акамиз ярим кечаси ўғлини ширин уйқуда ётган жойидан уйғотиб чиқиб, компьютердан ўчиртириб ҳам ваҳимадан халос бўлмасдан, уни бўлакларга бўлиб-бўлиб, исковуч итлар ҳам тополмайдиган жойларга яшириб қўйганини ўз оғзидан эшитиб, Оллоҳ-Оллоҳ, қўрқувнинг кўзи қанчалик катта бўлишига ишонч ҳосил қилганман. Яна қанча мухлисларим ўша романимни охиригача ўқишдан қўрқиб компьтеридан ўчириб юборганини гапириб беради кейинчалик.
Ошиб-тошиб кетган ижодкор нимани исташи мумкин? Ҳеч нарсани истамасди, деб бўлмайди. Олисларда қолиб кетган ёшлик сўқмоқларини кезиб юриб, тўсатдан жон таслим қилган жойида энг яқин қабристон четига дафн қилинишини орзу қилиши мумкин.
А.О.: Асарларингиз таржималари, чет эл сафарларингиз ҳақида гапириб беринг, ака.
Н.Б.: “Чингиз афандига мактублар” (“Анвар пошонинг васияти”), “Қатлнома” усмонли турк тилига таржима қилиниб, Истанбулда икки мартадан босилди. “Анвар пошонинг васияти”ни Эрзурумда профессор дўстим Ҳусайн Бойдемир мукаммал таржимасини якунига етказди, тез орада китоб ҳолида нашр этилса керак (бу китобимни Бокуда уч-тўрт йил муқаддам Яшар Қосим биродаримиз озарбойжон тилига таржимасини бошлаган эди, негадир чўзилиб кетди).
Яқинда “Юртменбошининг хотира дафтари” инглиз тилига қоралама таржимаси ниҳоясига етказилди. Таржимани энди профессионал даражада таҳрир қиладиган инсофлироқ инглиз ёзувчиси топишимиз керак.
2000 йилда дўстим Асқар Маҳкам, шоира Фарида Афрўз ҳамда “Гулистон” журнали бош муҳаррири Тилаб Маҳмуд билан Эронга Табризда ўтадиган халқаро Китоб ярмаркасига борганмиз. Ўшанда 15 кун Табризни беармон кезганмиз. Теҳронда ҳам 8 кун бўлганмиз. Эронда ўзбекча биладиган одам бемалол саёҳат қилиши мумкин экан. Эрон халқи хоҳ у форс, хоҳ у озарбайжон ё туркман бўлсин, Ўзбекистондан борган мусофирга айрича муносабатда бўлади, ўзларини яқин олади, қўлидан келган хизматини аямайдилар.
Камол Хўжандий, Камолиддин Беҳзод қабрлари ёнма-ён экан. Эрон халқи жисман ва руҳан соғлом эканини кузатганман. Қизлар, аёллар ҳижобда бўлса ҳам ҳар қандай саволингизга бажонидил қониқарли жавоб беради. Уларнинг дунёқараши ниҳоятда қамровдор эканини қисқа суҳбатдан ҳам пайқаш мумкин. Асқар дўстимнинг “Табриз дафтари”да Эрон сафарига бағишланган бирталай гўзал шеърлари бор:
Мусофирман,
Ғарибман,
Билмам…
Табриз, менга афсоналар айт!
Юриб-юриб бунда келибман
Табриз, менга афсоналар айт!
Аразладинг ва қаро кийдинг,
Қаро зулфинг қародир қошинг.
Карбалода йиғлаб йиқилдинг,
Ҳусайндек кесилди бошинг…
Табриз, менга афсоналар айт!
Тунлар ҳижоб кийганида тек.
Менинг кампир бувим ҳам бир пайт
ҳижоб кийиб юрарди сендек…
Табриз, менга афсоналар айт!
Қаро қошли қизларинг яшир.
Гавҳар денгиз қаърида фақат,
гавҳар ерда ётмайди ахир…
Табриз, менга афсоналар айт!
Мен-да ғариб,
сен-да ғарибсан…
Табриз, менга афсоналар айт!
Мен-да Табриз,
сен-да Табризсан!..
Ёки:
ТАБРИЗ МУСЛИМАСИ
Дедим: “Исминг надир, эй моҳи табон?”
Деди: “Исмим ёлғиз Худога аён!..”
Дедим: “Наҳот, шунча сирлидир исминг?..”
Деди: “Сўрма, мени гуноҳкор қилдинг!..”
Дедим: “Осийларга тўладир дунё!..”
Деди: “Мен билмасман… Билар Кибриё…”
Дедим: “Мен шоирман… Ҳофиз наслидан…”
Деди: “Мен Табризнинг муслимасиман…”
А.О.: Менга кўп ўзбек шоир ва ёзувчилари мудом ҳукуматдан мукофот, эътироф, унвон илинжида юрадигандай туюлади. Дунёда ҳукуматлар эмас, мустақил адабиёт ташкилотлари таъсис этган кўплаб мукофотлар бор. Масалан, Сиз адабиёт соҳасидаги Нобель ва бошқа мукофотлар ҳақида қандай фикрдасиз?
Н.Б.: Эрнест Хемингуэйнинг битта гапи талабалик давримда зеҳнимга ўрнашиб қолган: “Бирорта ҳам итвачча Нобель мукофоти олганидан сўнг ўқишга арзийдиган ҳеч нарса ёза олмаган”. Бу гапни ўша мукофот олганидан сўнг айтган.
Мен ёшлигимда Хемунгуэй китобларини излаб юриб топиб ўқирдим. Устига устак, Хемингуэй яхши кўрган ёзувчилар китобларини ҳам топиб ўқирдим. Гоголь китобларини юзаки ўқиганимга ҳозир афсусланаман. Гоголнинг 7 жилдли тўла асарлар тўпламини қўлда қалам билан синчиклаб чизиб ўқиб чиқиш керак.
Мукофотлар ҳам, унвонлар ҳам бир пулга арзимайди. Тарихда қоладиган, умумтурк ва диндошларимиз манфаатига хизмат қиладиган ҳеч бўлмаса битта салмоқли китоб яратиш керак.
А.О.: Сизнинг ўқувчиларингиз асосан кимлар? “Набижон Боқий менинг севимли ёзувчим!” деганлар даврасида тез-тез бўласизми? Яқин орада Сизни адабий учрашувларга, маҳорат дарсларига таклиф қилишдими? Китобхонлар билан муносабатингиз қандай?
Тасодифан бориб қолмасам, атайлаб ҳеч қачон бормайман. Яқинда Алишер Навоий номидаги дорилфунунга Жавлон билан ишимиз борлиги учун бордим; 2-курс магистрлари билан учрашувга тўсатдан бошлаб киришди. Деярли 90 фоиз қизлар экан.
Уларга: “Агар сизлар талабаларга таълим берадиган бўлсангиз, зинҳор-базинҳор шеър ёзишни, шеър ёдлашни ўргатманглар, ёшларни, айниқса, қизларни аҳмоқ қилманглар! Қизлар, кўзларингни очинглар! Ўзбекистонда қачон аёл киши президент этиб сайланса, кейин туб ижтимоий ислоҳот ва чинакам тараққиёт бошланади. Эркак президент билан Марказий Осиёда ҳам, турк дунёсида ҳам саф охиридан юқори кўтара олмаймиз. Биласизларми, нима учун? Надоматлар бўлсинки, мустақиллик даврида аҳолининг эркак қисми аёвсиз ва ноҳақ жазоларга гирифтор қилинди, махсус ЖАСЛИҚ қамоқхонаси барпо этилиб минг-минглаб эркаклар узоқ муддат озодликдан маҳрум этилиб инсоний ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этилди. Устига устак, чорак аср мобайнида 5-6 миллион эркак асосан Россияда мардикорчилик қилди; инсоний ор-номуси топталишига кўникиб қолди. Энди аёл-қизларимиз нафақат МИЛЛАТ ТАРБИЯСИни, айни замондан бошлаб МИЛЛАТ ЕТАКЧИЛИГИни ҳам ўз қўлларига олишлари керак. Аёллар янги партия тузиб, сайловларда ғалаба қилиш сирларини ўрганиб борсин, 5-10 йилда ҳақиқий раҳбарликка лойиқ номзод ўз-ўзидан сараланиб қолади. Қиз-аёллар, фақат маиший муаммоларга ўралашиб, МИЛЛАТИМИЗ ЖАР ЁҚАСИГА ТОБОРА ЯҚИНЛАШИБ БОРАЁТГАНИНИ ТОМОШАБИН СИФАТИДА КУЗАТИБ туришни бас қилинглар. Ватан фожиали хавф остида! Кўзингизни очинг!” дедим.
А.О.: Ёзувчилар уюшмасига ҳам чақириб туришадими?
Н.Б.: Нима қиламан уюшмада? Пишириб қўйибдими! Қолаверса, улар ҳам менга кўзи учиб турмаганини жуда яхши биламан.
А.О. Қодирий, Ҳамза ҳақидаги китобларингизни ёзишдан аввал КГБ архив ҳужжатларини синчиклаб ўргангансиз. Яқинда ўшандай ҳужжатлар ҳақида С. Умурзоқовга ёзган мурожаатингизга кўзим тушди. Жавоб бўлдими?
Н.Б.: Йўқ, ҳали жавоб бўлмади. Архив Агентлигида янги иш бошлаган – МИЛЛИЙ БИРЛИГИМИЗДАН ХАВОТИРГА ТУШАДИГАН зиёнкор ДХХ ходимлари ўзларини билағон кўрсатиб, сохта салобат билан самарасиз суҳбат ўтказишди. Улар МИЛЛИЙ БИРЛИК душмани эканини, “Агар сизга архивдан бепул фойдаланишга рухсат берилса, бошқа тарихчилар ҳам ёпирилиб келади-ку!” деб кўзлари қинидан чиққудай бўлиб ваҳима кўтаришганидан билдим. Мен ўзимга кўрсатилажак мурувватни бошқа тарихчилардан қизғанишим, тадқиқотчи муаррихларни кўргани кўзим – отгани ўқим йўқ бўлмаслиги лозим эмиш гўё. Агентлар зиё масканига ғаразли ниятда келганини суҳбат ўзанини тескари томонга буриб юборишга беҳуда уриниб кўрганиданоқ фош этиб қўйди; улар 105 йилдан буён заҳарли илондек кулча бўлиб ётган №715 Фондга зинҳор ҳеч кимни яқинлаштирмоқчи эмаслиги билинди! Устига устак, ўз тарихимизга ўзимиз соҳиб чиқишимизни истаган маслакдошлар орасига аввал-бошдан секин портлайдиган БОМБАни – ФИТНА уруғини сочиб қўймоқчи бўлади. Миллатини севадиган АГЕНТЛИК ходими МИЛЛАТ фарзандларини ғойибона бир-бирига қарши гиж-гижламайди; гиж-гижлаяптими, демак улар Калининград КГБ академияси дастури бўйича таҳсил кўрган бўлади.
Афсус, жамият яна ДХХ бошқаруви қўлига ўтяпти, шекилли. Дунё ё у ёқли, ё бу ёқли бўладиган синов арафасида турганда Ватан ўзининг ҳақиқий эгаси бўлмиш жафокаш ЎЗБЕК ХАЛҚИ қўлида бўлмаса, ҳолимизға ҳамдуналар йиғламаса кошкийди!
А.О. Охирги саволим: туркий халқлар бирлиги, туркий дунё адабиётига қўшилиш ҳаракати жонлангани қувонарли. Фақат туркий дунё ичида қоврулавермай, ундан баландроққаям кўтарилиш имкони қанчалик ўзбек ёзувчисида? Мен сизларни фақат ривожланаётган эмас, ривожланган давлатлар ижодкорлари сафида ҳам кўрсам, дейман. Замонамиз ёзувчисининг ўзи китобидан ҳам аввал жаҳон адабиёти саҳналарига чиқмоғи лозим деб ҳисоблайман. Бунинг учун балки, энг аввало, тил билиш, омма олдида сўзлаш, мулоқотга очилиш зарур. Сиз шу ёшингизда инглиз тили ўрганишга қандай қарайсиз?
Н.Б. Хорижий инглиз ё олмон тилини барибир ўрганиш тарафдориман (туркча ўқишни, ёзишни, эркин гапиришни билиш эса, ҳам фарз, ҳам қарз). Боя устоз Собит Мадалиев ҳақида гапирдим. Биласизми, Собит ака ҳазрат Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” номли шоҳасарини етти йил давомида рус тилига мукаммал таржима қилади: изоҳлари билан. Ҳозир 700 бетлик таржимасини қайда нашр этишни билмасдан, “Маънавият” нашриётига олиб борибди. Нашриёт раҳбари таржимани ўқиб кўриб ниҳоятда ҳайратланибди ва: “Фақат икки дона нишона нусхасини чоп этиб 3-5 ноябр кунлари КИТОБ КЎРГАЗМАСИга олиб бориб, ҳомий қидириб кўраман”, дебди. Собит Мадалиев: “Икки минг долларни ўлимтик тўкма орасига яшириб қўйгандим, ўшани опкеп бераман”, дебди. Ношир эса: “Э-э, нима деяпсиз, 2000 доллар урвоқ ҳам бўлмайди-ку!” деб Собит акани шаштидан қайтарибди… Сиз бўлсангиз, Аъзамжон, адабиётимизни жаҳон майдонига чиқарамиз, деб жон куйдириб юрибсиз-а! Ҳазрат Навоийнинг шоҳасарини рус тилида чоп этишга ҳомий топилмаётган бир вақтда… кўрпага қараб оёқ узатиш керак! Ёки эски юртбошининг кенжа қизини Лола Исломовани яна ЮНЕСКОга элчи этиб тайинлаб, ундан адабиётга ҳомийлик қилишни илтимос қилсак қалай бўларкан?
А.О.: Жавобларингиз учун раҳмат, ака! Катта ижодий ютуқлар, мустаҳкам соғлик, севиб ўқиладиган асарлар ёзишга илҳом ва омад тилайман Сизга!