Кейинги йилларда асосан онлайн ё электрон китоблар чиқариб ва ё ижод намуналаримни сайтимгагина қўйиб, босма нашр этишдан тийилганим билан, қачонлардир у ёқ-бу ёқда анчагина (“бир диванга ёйиб томоша қилгулик”) ишларим чоп этилган ҳам экан. Кеча катта тилшунос, луғатшунос олим Насимхон Маматовнинг олима ва таржимон қизлари, барака топгур Хуршида Маматова Фейсбукда ижодий ишларим ҳақида турли манбалардан саралаб, рус тилида каттагина пост қўйибдилар.
Ўша пост баҳона 100 га яқин ўзбек шоир ва ёзувчисининг асарларидан намуналарни ҳеч иккиланмай инглизчага таржима қилганим эсга тушиб қолди. 100 та ном ҳазилакам гапми? Ўтган гал таржима ва халқаро адабий алоқаларга бағишланган постимга ёзувчилар уюшмасининг раҳбарларидан бири ҳовлиққанча шарҳ ёзиб, каминани ўзича чет эл адабиётидан ўзбек тилига салмоқли таржималар қилган катта ва сермаҳсул таржимонларимиз билан солиштирмоқчи бўлди.
Ҳой, инсон, мен чет эл адабиётини эмас, ўзбек адабиётини чет тилларига таржима қилиш ишини ва шу ғояни илгари суришни ўзим учун энг муҳим вазифа деб қараб келмоқдан неча йиллардан буён! Булар эса шуниям тушунмайди, ё фарқига боришга, нима приоритет эканига ақли етмаяпти ҳалиям. Асарларини баҳоли қудрат инглизчага таржима қилганим 100 га яқин ўзбек шоир ва ёзувчисининг асарлари “Ўзбек мумтоз адабиёти”, “ўзбек романлари”, “ҳикоялари”, “ҳозирги замон шеърияти”, “аёл ижодкорлар ижоди” каби катта-кичик ҳажмдаги 10 томлик китоб бўлар, эҳтимол. Яна ижодкорларимиз шеърларини инглизча ўқиб, ўнлаб видеолар ҳам қилганман – бир гўзал рақамли лойиҳа тузиш имкони бор.
Ҳой, Ўзбекистон тарғиботига ва имижига масъул ҳукумат, вазирлик, агентлик, элчихона, ҳокимият, уюшмалар! Мана сизга тайёр лойиҳалар! Битта яхши муҳаррир топиш мендан. Қолган муҳим ишларни – таржималарни чет элликларга тақдим этиш ва сотиш учун сифатли китоб ҳолида нашр этиш, чет элларда тарқатиш, тарғиб этиш, хорижда муаллифлар билан учрашувлар, адабиёт кечалари, муҳокама ва мушоиралар ташкил қилишни зиммангизга оладиган мардлар ичингизда борми? Қайтараман, бу ерда гап нобелчилар-у машҳур бестселлерларни ўзбекча таржимаси ҳақида эмас, балки Навоий, Паҳлавон Маҳмуд, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирдан тортиб Ҳалима Худойбердиева, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Эркин Аъзам, Жамол Камол, Эврил Турон, Ҳалима Аҳмад ва ҳоказо шоир ва ёзувчиларимизнинг инглизчага ўгириб бўлинган асарлари ҳақидадир. Ҳалиям ўйлаб кўрасизми ё?
Айтганча, йил якунига етай деяпти-ю, Усмон Носир 110 йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги президент қарори ижроси нима бўляпти? Ауууу, уйғонармисиз, мудроқлар, ухлоқлар ва игнорчилар?!
(Photo credit: Dirk Skiba)