Бутунжаҳон шаҳарлар куни – 31 октябрда – яъни бугун ЮНЕСКО (БМТнинг фан, таълим ва маданият бўлими) дунёдаги 55 та шаҳарни ўзининг ижодий шаҳарлар рўйхатига киритди.
Унда Бухорои шариф ҳам бўлиб, у ЮНЕСКО ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати шаҳри деб эълон қилинди. Бундан хурсандман!
Рўйхатда яна Бремен, Кутаиси, Тоиф, Кожикод, Тукумс, Рио-де Жанейро, Окаяма, Ясси, Ҳобарт, Буффало каби 10 та шаҳарни адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритилганини кўрамиз.
Мен қачондирам бирорта шаҳримиз ЮНЕСКО адабиёт шаҳрига айланишини орзу қиламан. Бу йўлда жиддий ҳаракат ҳам қилдим, аммо бизда ҳали адабиётни ривожлантиришга масъулларнинг қорни ва кўзи тўйган эмас, шоир, ёзувчи, таржимонимиз ночор, уюшма-ю бирлашмаларимиз тарқоқ, адабий лойиҳаларимиз юзаки ва саёз, халқаро алоқаларимиз зўрға ўрмалаган, кутубхоналаримиздаги тадбирлар хўжакўрсинга, адабиёт музейларимиз оқсоқ ва нураган – бир сўз билан бу соҳадаги ҳар нарса ҳукуматнинг оғзига қараган, умуман мустақил ва эркин эмас.
Ҳали-вери бу ишларга йўл очадиган, шу ишларни амалга оширадиган бирор мард ҳам топилмаса керак. Аслида нимани назарда тутаётганимни тушунадиган, буларнинг халқимиз учун аҳамиятини аниқ-тиниқ англайдиган кичикроқ гуруҳ борлигига ҳам шубҳа қиламан.
