Ўзбекистон Республикаси Президенти
Мирзиёев Ш.М.га
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Мен, Аъзам Обидов «Халқаро ёзувчи Ўзбекистонда» дастури ҳамда Йиллик халқаро адабиёт (Халқаро шеърият/Ёзувчилар фестивали) очиш таклифини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Бундай дастур ва фестиваллар шарқу ғарбдаги кўплаб мамлакатларда фаол йўлга қўйилган. Бир неча хорижий тилларни ўрганган ва инглиз тилида тўғридан-тўғри адабий асарлар ёзувчи ижодкор сифатида камина АҚШ, Европа ва Шарқ мамлакатларидаги бу каби дастур ва фестивалларда кўп бор иштирок этганман, ўн йиллардан буён ўзбек адабиётини хорижий мамлакатларда баҳоли қудрат тарғиб этиб келмоқдаман. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва бошқа адабий доиралар бу таклифимни кўп бора илиқ қабул қилган, аммо ҳеч жиддий, амалий ишга ўтилган эмас, чунки уюшмада бу ишни амалга оширишга тайёр, халқаро адабий алоқаларга, ташаббусларга очиқ, хорижий тилларни, дунё адабий янгиликларидан хабардор жамоа мавжуд деб бўлмайди. Бундай йирик халқаро лойиҳаларни амалга ошириш учун юртимиздаги иқтидорли ижодкорлар, таржимонлар орасидан саралаб, яхшигина «команда» тузишнинг фурсати етди.
1. Таклиф қилаётганим «Халқаро ёзувчи Ўзбекистонда» дастур доирасида ҳар йили Ўзбекистонга хориждан ёзувчи, шоир ёки адабий муҳаррир таклиф этилади; дастур маълум халқ адабиёти вакили ёрдамида халқаро адабий кўприк ўрнатиш баробарида, энг аввало, адабиётимиз намуналарини хорижий тилга ўгириш, тайёр таржима асарларни таҳрир қилиш, чет элда босиш ва тарғиб этишга кўмаклашади. Маълумки, адабий муҳаррир йўқлиги сабабли қилганимиз таржима асарлар ўлда-жўлда қолиб кетмоқда, ўзбек адабиётининг нодир вакилларини дунё билмаяпти, ўзбек ёзувчи-шоирларининг жаҳон адабий саҳнасидаги кўриниши жуда аянчли.
2. Халқаро адабиёт фестивалига ўзбек адабиётининг чет элдаги тарғиботчилари, таржимонларини юртимизга таклиф этиш орқали, асос солиш мумкин (Биз Ҳиндистон, Польша, АҚШ, Болгария, Колумбия каби ўнлаб мамлакатларда адабиётимиз намуналарини чет эл ижодкорлари билан биргаликда китоб ҳолида, турли баёзларда, газета ва журналларда кўплаб тилларда чоп эттирганмиз). Йилдан-йилга бундай фестиваль нуфузи ортиб, адабиётимиз вакиллари ва намуналари ҳам чет элларга чиқиб, халқаро майдонда ўзининг тегишли ўрнини эгаллайди.
3. Бундай дастур ва анжуманларни ташкил этиш ижодкорлар орасида ҳам хорижий тиллар ва илғор адабий тажрибаларни ўрганишга қизиқишни оширади, аввал мавжуд бўлган кучли таржима мактабимизни қайтадан изга солади, бу эса ўз навбатида адабий алоқаларни жадал йўлга қўйишда жуда муҳимдир.
4. “Халқаро ёзувчи Ўзбекистонда” дастурини Дўрмон ёзувчилар ижод боғида ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Дастур 1 ойдан 3 ойгача муддат учун ташкил қилиниши мумкин.
5. Дастурни ташкил этишда Ўзбекистондаги халқаро ташкилот ва элчихоналарни ҳам жалб этса бўлади.
6. Бу борада ёзганим мақолалар ҳамда ўзбек адабиётини хорижий мамлакатларда тарғиб қилишга оид фаолиятим билан шахсий вебсайтим www.azamabidov.uz да танишиш мумкин.
Ушбу таклифим маъқулланса, бажонидил тафсилотларни муҳокама қилишга тайёрман.
Камоли эҳтиром ила,
Аъзам Обидов