Visit to Taif – a UNESCO City of Literature in Saudi Arabia

ЮНЕСКО адабиёт шаҳри – Тоиф (Саудия Арабистони) шаҳридан салом ва дуоларим!

ЮНЕСКОнинг Адабиёт шаҳарлари рўйхатида араб дунёсининг беш шаҳри — Байрут (Ливан), Бағдод (Ироқ) , Слемани/Сулаймония (Ироқ), Тоиф (Саудия Арабистони) ва Танжер (Марокаш) бор.

600 мингга яқин одам яшайдиган Тоифга “Гуллар шаҳри” деб ном берилган, у атиргул ёғи ишлаб чиқариши билан танилган. Ҳавоси салқинлиги учун ёзда Саудия аҳолисининг асосий дам олиш маскани.

Тоиф яқинидаги Суқ Оказ — исломдан аввалги даврда араб қабилалари йиғиладиган бозор – адабий мусобақалар ўтказиладиган энг йирик майдон бўлган. Буни ўта бой ва гўзал араб шеъриятининг илк “фестивали” ўтган жой деса бўлади.

Тоифда тарихан китобхонлик ва илм ривожланган, кутубхоналар, мадрасалар бўлган. Ҳозир ҳам Тоиф — фаол адабий шаҳар: адабий клублар, нашриётлар, фестиваллар, мушоиралар, резиденциялари билан кенг танилган.

Иссиқ иқлимли Саудияда Тоиф каби шундай яшил шаҳар барпо этишнинг ўзи катта жасорат!

Танишинг: Мажед Собайти, Саудия Арабистонининг Тоиф шаҳрида яшовчи шоир ва қисқа ҳикоялар муаллифи. У билан учрашувимиз жуда илиқ ўтди, адабиёт ва ижодий тажрибалар ҳақида фикр алмашдик.

Мажед шеърларини проза усулида ёзаркан. У теран ҳис-туйғулар ва модернист услуби билан араб замонавий адабиётининг янги авлодини намоён этади.

Тоиф шаҳридан чиқиш: йўл бўйлаб деҳқонлар ишлаётган далалар, қўй-эчкиларга қараган чўпонлар, туя ва бўталоқлар… Яна кўришгунча, дея хайрлашиб қолмишлар. Автобусимиз Мадина шаҳри томон кетиб борадур.

2025 йил ноябрь