Бокунинг ҳавоси аъло! Кузнинг охири бўлишига қарамай, бу ерда кечки баҳордай илиқ ҳаво ҳукм суряпти, атиргуллар очилиб ётибди.

Кўркам Низомий боғи, гавжум Фузулий театри майдонида сайр қилдим. Адабиёт музейи ҳам шу атрофда.
Боку ижодкорларни қадрлашни билади: шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар, олимлар яшаган уйларга хотира лавҳалари ўрнатилган.
Уйлар тахминан ўтган аср бошларида дид билан қурилган, шифти баланд, кўркам. 
Никулин ўйнаган “Бриллиант қўл” фильми эсингиздами? Унда Бокудаги эски шаҳарда олинган машҳур бир саҳна бор. Савол: қайси саҳна ўша? Никулин тойилиб кетиб нима дерди?
Чёрт побери!» ва «Бриллиантовая рука» фильмидаги саҳна тарихи
Юрий Никулин иштирок этган машҳур «Бриллиантовая рука» (1969) фильмидаги бир эпизод борки, у ерда Никулин тойилиб кетиб, “Чёрт побери!” деб ҳайқиради. Бу эпизод СССР киносида энг машҳур ва кулгили лавҳалардан бирига айланган.

Кўпчилик ўйлайди: бу саҳна гўё Истанбулда суратга олинган, чунки фильмдаги воқеа Туркияга «экзотик сафар» сифатида кўрсатилади.
Аммо амалда бу лавҳа Туркияда эмас, балки Боку шаҳрида – Ичаришаҳарнинг тор кўчаларидан бирида суратга олинган.
Нега Истанбул деб ўйланади?
Чунки сценарий бўйича қаҳрамонлар “чет эл шаҳри”га боради. Лекин 1960-йилларда совет киночилари учун Туркияда суратга олиш мумкин эмасди. Шунинг учун Истанбул муҳитига яқин, денгиз бўйида, шарқона меъморчиликка эга деб ҳисобланиб, Боку танланган.
Кўпроқ кирилл ёзувида ўқишга одатланганлар бу сўзни “Артек” (Artek) деб ўқийди, худди менга ўхшаб ????
Бокуда дорихонани “аптек” дейиларкан.
“Артек” – бу Қримдаги халқаро болалар лагери. Мен у ерга 1988 йили борганман. Чет элга биринчи марта ўшанда чиққандим.

Боку метросида суратга олиш мумкин эмас экан, афсус. Лекин жуда қулай ва гўзал.
Низомий станцияси худди Тошкентдаги Навоий станцияси каби. Низомий Ганжавий асарларига турли безаклар ишланган. Деворга ҳикматли байтларидан ёзилган.
Тошкент метросидаги шеърий лойиҳам кимнинг эсида бор? Митти видеолар метро экранларда намойиш қилинганди ўшанда.
Озар тили ўзбекчага жуда яқин, тушуниш осон.
Ўтмишда шоиралари кўп бўлган: Фатма Ханим Кемине, Ҳейран Ханим Дунбули каби. Қизиқ, улар Нодира, Увайсийлар билан учрашганмикин?

Яна бир озар шоираси – 12-асрда яшаган Разийе Ганжавий:
Сувдан айриларкан, жондан айрилар,
Ишқни балиқлардан ўрганмоқ керак.

Бокудаги Низомий Ганжавий адабиёт музейи илгари меҳмонхона бўлган 4 қаватли ёруғ ва озода бинода жойлашган. Ҳар бир экспонат ҳақида қизиқ ҳикоялар айтиб берувчи ходимлари, иккита тадбирлар зали бор. Низомий, Фузулий, Хоқоний, Насимий, Воқиф каби классиклар, отилиб, денгизга ташланган жадидларга бағишланган кўргазма заллари, “Мулла Насриддин” номли сатирик журнал тарихи, Ганжавий қабри устига ёпилган 13-асрдаги мато қолдиғи…

Замонавий машҳур ёзувчи АНОРнинг ота-онаси – Расул Рза ва Нигар Рафибейли ҳам ижодкор бўлишган экан.
Гид синглимиздан кўпроқ озар ёзувчи ва шоирлари асарларининг чет тилларига таржимаси ҳақида сўрадим – экспонатлар орасида таржима асарлар кўп эмас лекин. Музей ходими Тўмарис хоним эса озар тилидан инглиз тилига таржималар бошлабди.
Музей сайти тез-тез янгиликлар билан тўлдириларкан, инглизча варианти ҳам зўр: https://nizamimuseum.az
Излаб топдим: Чет эллик таржимонлар йиллар давомида Низомий Ганжавий асарлари, хусусан “Хамса” достонларини инглиз тилига (асосан насрий баён) таржима қилиб, нашр эттирган.

Ганжавийдан 200 йил кейин яшаб, “Низомий панжасиға панжа урмоқ” деб ёзган Алишер Навоий ҳақида қачон шундай дейдиган кунлар келаркин бизга?!

Танишинг: Акбар Қошали ва Интиқам Яшар. Озарбайжоннинг энг меҳрибон, оқибатли шоирлари.

Нега келишингни айтмадинг, деб хафа бўлди Акбар ака.
Сафарим жуда қисқа эди. Қолаверса, ҳозирча ўз уддамдан чиқиб турибман ????. Ҳамманинг иши, оиласи бор, безовта қилгим келмайди. Айниқса, Акбар ака ҳозир парламентда ишлаяпти.
Фестиваль ё резиденцияга бемалолроқ борсам, ўзим ўша мамлакатдаги таниш ижод одамларини йўқлаб бораман.

Келаси сафар Озарбайжонда ЮНЕСКО адабиёт шаҳри эълон қилинганда кўришамиз, деб хайрлашдим. Шуша ё Ганжа шаҳри бу мақомни олиши мумкин.
Бағрини очиб турган самимий дўстларимни дунё бўйлаб сочган Аллоҳга шукур! Ҳаммаларига шодлик, узоқ умр ато этсин!
2025 йил ноябрь
